
Тошкент вақти билан соат 17:00 да Жакартада Осиё ўйинларининг очилиш маросими бошланди. Тарихда 18-маротаба ташкил этилаётган турнирга илк марта иккита шаҳар – Жакарта ва Палембанг мезбонлик қилмоқда.
Расмий маросимда «Gelora Bung Karno Stadium»ни бошқа иштирокчилар қаторида Ўзбекистон спорт делегацияси ҳам тантанали тарзда айланиб ўтади. Боксчимиз Исроил Мадримов делегациямиз байроқдори вазифасини бажаради.
Таъкидлаш жоиз, Ўзбекистондан 331 нафар спортчи иштирок этаётган мусобақанинг очилиш маросимида делегациянинг 50 нафарга яқин аъзоси қатнашади. Kun.uz мухбирининг Жакартадан хабар беришича, параддаги иштирокчиларнинг бундай кам бўлишига бир неча сабаблар бор.

Биринчидан, Индонезиянинг иссиқ ва нам об-ҳавоси спортчиларнинг терлашига олиб келади, бунинг натижасида организмдан кўп миқдорда туз ва бошқа фойдали моддалар чиқиб кетади. Иккинчидан, терма жамоанинг ҳамма аъзолари ҳам Жакартада эмас – футболчилар Багорда, эшкак эшувчилар ва теннисчилар Палембангда ва ҳоказо. Учинчидан эса мусобақадаги иштирокини яқин кунларда бошлайдиган спортчилар айни пайтда машғулотларга асосий эътиборини қаратишган. Шуларни ҳисобга олган ҳолда, делегация раҳбарияти очилиш маросимида мумкин қадар ихчамроқ жамоа билан иштирок этишга қарор қилган.
Ўзбекистонлик атлетлар спортнинг 30 тури бўйича мамлакатимиз шарафини ҳимоя қилади. Эртадан бошлаб, дастлаб сузиш, ушу, эркин кураш, ўқ отиш, қиличбозлик, академик эшкак эшиш ва теннис баҳсларида спортчиларимиз ўз иштирокларини бошлашади.
Жакарта-2018да Ўзбекистонлик атлетлар қуйидаги спорт турларида медаллар учун курашади (қавс ичида спортчилар сони кўрсатилган): каное / спринт (23), эшкак эшиш (22), дзюдо (20), футбол (20), енгил атлетика (17), жиу-житсу (17),
таэквондо (16), гандбол (16), эркин кураш (16), кураш (15), сув полоси (13), оғир атлетика (13), бокс (11), пенчак силат (11), каратэ (10), велоспорт / шоссе ва трэк (10), синхрон сузиш (10), теннис (9) самбо (8), триатлон (6), спорт гимнастикаси (7), ўқ отиш (5), сузиш (5), гольф (5), каное / слалом (4), от спорти (4), қиличбозлик (4), бадиий гимнастика (4), гимнастика / трамполин (4), ушу (4), сувга сакраш (1), бадминтон (1). Жами – 331 нафар спортчи.
Умумий маълумотларга тўхталадиган бўлсак, бу сафарги Осиё ўйинларида жами 40 та спорт тури бўйича 67 та йўналишда беллашувлар ўтказилади. Жами 465 та медаллар жамланмаси учун Осиё Олимпия Кенгашига аъзо барча 45 мамлакат вакиллари кураш олиб боришади. Мусобақага ташриф буюрган спортчи, мураббий ва расмий шахсларнинг умумий сони 15 минг нафардан ошади.
Азиада расмий сайтидаги маълумотларга кўра, энг кўп атлет турнир мезбони Индонезия ҳиссасига тўғри келади – жами 964 нафар спортчи. Иштирокчилар сони бўйича кейинги ўринлардан Хитой (893 спортчи) ва Таиланд (825) жой эгаллаган. 100 нафардан камроқ спортчи қатнашадиган давлатлар сони 14 та.
Йирик спорт фестивали 2 сентябрга қадар давом этади. Шу куни 76000 томошабинга мўлжалланган айни стадионда расмий ёпилиш маросими ўтказилади.
Эслатиб ўтамиз, Kun.uz сўнгги 6 та Осиё ўйинларида қатнашган Ўзбекистон олимпиячиларининг эришган натижаларига бағишлаб инфографика эълон қилган эди. Инфографика шарҳида Ўзбекистон ўз рекордини янгилаш учун Жакартада нечта медал ютиши кераклиги, шунингдек, бу сафарги азиададаги иштирокимизга сифат жиҳатдан баҳо бериш кўрсаткичлари келтириб ўтилган. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар