12:33 / 29.08.2018
4 607

Футболчилар видеоси кимнинг буюртмаси эди? Умид Аҳмаджонов бунга аниқлик киритди

Футболчилар видеоси кимнинг буюртмаси эди? Умид Аҳмаджонов бунга аниқлик киритди
Ижтимоий тармоқларда бош мураббий ва футболчиларнинг Ўзбекистон футбол ассоциацияси биринчи вице-президентидан узр сўрагани акс этган видео тарқалди ва фойдаланувчиларнинг баҳс-мунозарасига сабаб бўлди.

"Championat.asia" нашри Умид Аҳмаджоновнинг мазкур видео борасидаги фикри билан қизиқиб, у билан телеграм орқали боғланди.

— Хайрли кун, Умид Маҳамаджанович! Жакартада чарчаш йўқми?
— Салом! Чарчашга вақт йўқ деса тўғрироқ бўлади (кулади).

— Футболчиларга нима бўлди? Чемпион бўлади, деб кутгандик...
— Биз ҳам бунга катта умид боғлагандик. Ўйинни кўрган бўлсангиз керак, насиб қилмади. Ҳамма бирдек ҳаракат қилди. Энди спортнинг бошқа турларида олтин медаллар йўлида кураш олиб боряпмиз.

— Билишимизча, футболчиларнинг натижаси раҳбариятга ёқмаган экан...
— Буни ким айтди? Агар футболчилар умуман ҳаракат қилмай, рақибни шунчаки ўтказиб юборганларида фикрингизга қисман қўшилишим мумкин эди. Ахир улар майдонда жонларини бериб ўйнашди. Бизга энг кераги ҳам аслида шу.


— Бундай деяётганимнинг сабаби — кеча ҳамма жойда тарқалиб кетган Равшан Ҳайдаров ҳамда футболчиларнинг сизга мурожаати...
— Тўғрисини айтсам, видеони эрталаб сизнинг сайтингизда кўрдим. Жамоа аъзолари чин кўнгилдан нимадир қилмоқчи бўлишган экан. Аммо бундай нарсани ҳамма жойга тарқатиш биринчи хато. Қолаверса, нима бўлганини ҳаммамиз кўрдик, демак, жамоанинг ортиқча тушунтириш беришига ҳожат йўқ. Биз улардан буни талаб қилмаймиз.

— Рости мен ҳам шунга ҳайрон бўлгандим.
— Бу ишни ким қилганини тагига етдик. Ёмон ниятда қилмаган, шунчаки, ёшлик қилган. Мағлубият бизники, кейинги сафар хатолар устида биз ишлашимиз керак. Ғалаба эса мухлисларники, биз халқимизни хурсанд қилиш йўлида меҳнат қиламиз. Спортчилар билан учрашганда ҳам доим шуни таъкидлайман. Чунки ўзимга ҳам Президентимиз асосий мақсадим одамлар кўзида қувонч ва бахт кўриш, деб айтганлар. Спортчилар шу йўлда ҳаракат қилишлари, спорт эса соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиши керак.

— Демак, жамоага ҳеч қандай эътироз йўқ?
— Қандай эътироз бўлиши мумкин?! Бу аслида норасмий мусобақа. Биз шунчаки футболчиларни, мухлисларни уйғотиб олиш учун ҳам ҳар қандай ўйинда, мусобақада ғолиб бўлиш учун ўйнаяпмиз. Футболчига нима фарқи бор у қандай ўйин эканини, терма номидан майдонга тушяптими, борини бериши шарт. Кореяга қарши ўйинда йигитлар буни сидқидилдан бажаришди. Асосий мақсадимиз эса Токио-2020 ва Қатар-2022. Шунинг учун ҳам хориждан машҳур мутахассисларни таклиф қилдик.

— Ҳакамлар ҳақида нима дея оласиз?
— Ҳеч нарса демайман. Улар ўйинни яхши бошқариб борди. Биз ўз хатоларимиз эвазига мағлуб бўлдик. Хато эса ҳаммада ҳам бўлиб туради.

— Об-ҳаво, майдон ҳолати ҳақида-чи?
— Ҳар икки жамоа бир хил шароитда тўп сурди. Тўғри, иқлим анча мураккаб эди биз учун. Биз трибунада ўтириб баъзида нафас олишга қийналдик. Лекин унутмайликки, Осиё ўйинларига келган ҳамма спортчи шу иқлим билан тўқнашмоқда. Спортнинг қизиқ тарафи ҳам, мураккаблиги ҳам шунда. Биз бунга доим тайёр туришимиз керак.

— Жавобингиз учун раҳмат! Мусобақа давомида омад ёр бўлсин!
— Сизга ҳам раҳмат. Фақат битта илтимос, сайтга қўймоқчи бўлсангиз ўзингиз яна бир қарарсиз, нотўғри тушуниб юришмасин. Равшан акага ҳам, йигитларга ҳам, видеочиларга ҳам ўзимиз тушунтириб қўямиз. Ўзи шундоқ ҳам мағлубиятни ҳазм қила олишмаяпти, одамларнинг гапи уларни бундан баттар эзади. Шунинг учун ўзим ҳам қаттиқ гапирганим йўқ (овозли йўлланмада келгани).

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Футболчилар видеоси кимнинг буюртмаси эди? Умид Аҳмаджонов бунга аниқлик киритди