22:49 / 05.09.2018
2 382

Эктор Купер: "Мен футболчилардан биринчи навбатда ўз юртини севишни талаб қиламан" (тўлиқ матн)

Эктор Купер: "Мен футболчилардан биринчи навбатда ўз юртини севишни талаб қиламан" (тўлиқ матн)
Бугун “Миллий” стадион анжуманлар залида Ўзбекистон – Сурия ўртоқлик учрашуви олдидан матбуот анжумани бўлиб ўтди. Унда дастлаб Ўзбекистон терма жамоаси бош мураббий Эктор Купер ва жамоа сардори Одил Аҳмедовлар қатнашишди.

Ушбу матбуот анжуманини тўлиқ ҳажмда эътиборингизга ҳавола қиламиз.

“Ҳаммага салом! Терма жамоа билан 22 августдан йиғинга киришдик, бу вақт давомида аввал айтиб ўтганимдек, асосан танишув жараёнини олиб бордик. Уларни нафақат футболчи сифатида, балки шахсан юзма-юз кўришиб билиб олишга ҳаракат қилдим. Ўтган 10-12 кун вақт оралиғида уларнинг олдинги ўйинларини тахлил қилган ҳолда ҳозирги жисмоний ҳолатларини текшириб олдик.

Айтиб ўтиш жоиз, ўйиндаги баъзи тактик схемаларга ўзгартиришлар киритиш керак эди ва биз буларни амалга оширдик. Аммо бу ҳали ҳаммаси эмас, келажакда ўзгартиришлар давом этади.

Яна бир гап, бутун таркиб йиғилиб бўлди деб айта олмайман. Масалан иккита легионер футболчимиз (Жанубий Корея биринчи дивизионида ҳаракат қилаётган Шоҳруҳ Гадоев ва Санжар Турсунов) 7 сентябрда таркибга қўшилади. Бундан ташқари баъзи футболчилар, Аҳмедов ва Денисовлар кеча таркибга келиб қўшилишди. Улар ҳали терма жамоага бутунлай киришиб кетганлари йўқ, уларга ҳали вақт керак. Денисов кечаги машғулотларда алоҳида шуғулланди.

Йигитлар ҳолатини баҳолаш учун эртанги ўйинни кўришимиз керак бўлади. Сурия ва Эронга қарши ўйинлардан сўнггида биз айрим хулосаларга келишимиз мумкин.

Чақирилган ўйинчиларга келадиган бўлсак, бу ҳолат ҳали ўзгаришда давом этади. Маҳаллий чемпионатда тўп сурадиган ва легионер футболчиларнинг ўйинини кўриб бораман, уларнинг жисмоний тайёргарликлари ва ўйинларини тахлил қилиб бораман. Келажакда ҳамма нарса бўлиши мумкин, навбатдаги йиғингача катта ўзгаришлар бўлиши мумкин. Барчасини кузатиб борамиз, келажакда таркибда ўзгаришлар кузатилиши эҳтимолдан ҳоли эмас”, - дейди Купер.

Сўнгра Одил Аҳмедов ўз фикрлари билан ўртоқлашди.

“Аваллом бор барчага ассалому алейкум! Ўтган байрамлар билан табриклайман. Олдимизга қўйган мақсадимизга ушбу мураббий билан эришишга ҳаракат қиламиз. Куперга футболчилар, мухлислар ва футбол атрофидаги одамларнинг барчаси ёрдам берса, ўйлайманки биз ўз мақсадимизга эришамиз”, – дея гапни қисқа қилди Аҳмедов.

Навбат саволларга етиб келди.

– Биламизки Эктор Купер аввалги жамоаларида ҳимояга асосланган футбол намойиш қилган. Ўзбекистонлик футболчилар эса асосан тўп назоратига асосланган ўйинда кучли, тўпсиз ўйин услубида эса жамоамиз қийналади. Ўзбекистон терма жамоасини Эктор Купер қайси тактика асосида ўйнатмоқчи?

– Алоҳида таъкидлашим керак, ушбу термада авваллари фаолият юритган ҳар бир мураббийнинг ишини хурмат қиламан. Ҳозир ишонч билан бу мураббий ҳимояда ўйнайди, буниси эса ҳужумкор ўйин кўрсатади деб айта олмаймиз. Бу майдондаги ҳолатдан келиб чиқадиган жиҳат.

Ўйинчилар билан ишлаб шуни билдимки, бу футболчиларда техника яхши. Тўп билан муомала қилиш, бир-бирини тушуниш тарафдан ўйинчилар яхши шаклланган.

Лекин эртага сиз жуда катта ўзгариш ёки мўжизага гувоҳ бўласиз деб айта олмайман. Футболчилар билан 10-12 кун бирга ишлаган бўлсак, бу вақт давомида катта ўзгартиришлар киритилмади. Шу сабаб, биз ҳимоядан ўйнаймизми, ёки ҳужумкор ўйин намойиш қиламизми, бунинг барчаси вазиятдан келиб чиқиб юз беради. Мен фақат ҳимояда ҳаракат қиламан ёки фақат ҳужумкор ўйин кўрасиз деб айта олмайман.

Биз бир ойдан сўнггина терма жамоанинг қиёфасини кўрсатишимиз мумкин. Эртанги ўйинда кўп гол уришимиз мумкин ва сиз шундан сўнг, мана Купер келиб катта ўзгартиришлар қилиб юборди, дейишингиз мумкин. Йўқ, йўқ! Асло ундай эмас. Сурия ва Эронга қарши ўйинлар сизларга якуний хулоса бермаслиги керак. Бир ойдан сўнг терма жамоанинг қиёфаси ҳақида сал гапира олсак бўлади. Ҳозирда катта ўзгаришлар ваъда қилолмайман.

– Аввалари Ўзбекистон терма жамоасининг ўртоқлик ўйинларидаги таркиби расмий учрашувларга бориб буткул ўзгариб кетарди. Купер жанобларининг айтишича, футболчилар кечикиб келишмоқда ва қишдаги мусобақа ҳам ФИФА кунларида бўлмайди. Бу кетишда Осиё чемпионатига тайёргарлик нима бўлади?

– Мен ўртоқлик ўйини бўладими ёки расмий учрашувлар, футболчи танлашда аввалом бор ўйинчининг жисмоний ҳолатига эътибор қаратаман. Уларнинг чемпионатдаги ўйини ва клубдаги ҳаракатлари мен учун асос бўлиб хизмат қилади.

Гапингизда жон бор. Ўртоқлик ўйинлари нима учун керак? Бу ўйинлар янги футболчиларни синовдан ўтказишга хизмат қилади. Унда натижани биринчи ўринга қўйиб бўлмайди.

Расмий ўйинларда натижа биринчи планга чиқади. Биласиз ҳар бир терма жамоада алмаштириб бўлмас 3-4та футболчи бўлади. Гарчи улар ўртоқлик ўйинларида қатнашмаган бўлсаларда расмий ўйинларда албатта майдонга тушадилар. Бу фақат бизда эмас, балки кўп жойда одатий ҳолат.

Масалан, Одил Аҳмедов – терма жамоанинг энг кучли ўйинчиларидан бири. Аммо бир кун келиб унинг ўйинида пасайиш юз бериши мумкин. Унинг ўрнини ёш ёки ҳеч ким кутмаган ўйинчи эгаллаши мумкин.

Олдинги тажрибамдан келиб чиқиб айтишим мумкин, ҳатто миллий чемпионатда ўз клубида асосий таркибда ҳаракат қилмайдиган футболчини ҳам терма жамоага жалб қилишим мумкин. Шундай экан, ҳозирдан таркиб айнан қандай кўринишда ҳаракат қилишини айта олмайман.

Саволлар бўлди, нимага “Пахтакор”дан 5та, “Локомотив”дан 10та футболчи таклиф қилинди, дея... Мен атайин клубларга қараб ўйинчи олаётганим йўқ. Мисол учун мана шу ўйинчиларнинг ҳолати мени қаноатлантирмоқда, шу сабаб уларни таклиф қилдим. Хулоса қилиб айтганда, биз футболчиларнинг жисмоний ҳолатидан келиб чиқиб танлаймиз.

– Сиз бу ерда янги одамсиз. Иложи бўлса очиқчасига айтсангиз, сиз ва ЎФА ўртасида қандайдир тушунмовчиликлар бўлдими? Очиғини айтсак, бизнинг раҳбарлар мураббийларнинг юқори даражадаги талабларига ўрганмаганлар...

– Ҳозирча ҳеч қандай муаммо йўқ. Шароитларни яхшилаб борамиз, бунга бизда имкониятлар бор. Аммо мен камчиликларни санаб, бирор нарса етишмаётганидан нолимайман. Ҳар доим имкониятлардан келиб чиқиб иш юритаман. Шу сабаб, раҳбарият менга шароит яратиб бера олмаяпти дея олмайман. Ҳозирча барчаси қониқарли даражада. Аммо бу билан тўхтаб қолмай янада яхшилашда давом этишимиз керак.

Мен учун ҳозирда федерациянинг яратиб берган шароити эмас, футболчиларнинг менга бўлган муносабати биринчи навбатда турибди. Илк хулосаларим бўйича, футболчилар ўзларини камтарона тутмоқдалар. Машғулотларда яхши ишламоқдалар. Аммо бу доимий шунақа бўлади деб хулоса чиқармаган бўлардим. Келажакда барчаси кўринади, футболчи ҳар доим шундай тер тўкиб ишлайдими, ёки фақат янги мураббийга ўзини кўрсатиш учун шундай қиляптими...

Мен футболчилардан биринчи навбатда ўз юртини севишни талаб қиламан. Ўз ватани шаънини муносиб ҳимоя қилишини сўраб қоламан.

– Яқинда олимпия терма жамоаси Жакартада Осиё ўйинларида қатнашиб қайтди. Сиз уларнинг ўйинини кузатингизми? Келажакда ушбу таркибдан терма жамоага футболчилар жалб қилиниши мумкинми?

– Аввал айтиб ўтганимдек, барчаси аста-секинлик билан бўлади. Машҳур қўшиқда айтилганидек, “Despacito” (испанча: аста-секин – изоҳ UFF) ҳаммаси секинлик билан амалга ошади. Биз нафақат 23 ёшлилар балки барча ёш тоифасидаги терма жамоаларни кўриб чиқамиз.

Тўғри ҳозир барчанинг оғзида олимпия терма жамоаси. “Яхши шаклланган терма жамоа”, “Олтин авлод”, “шулар асосида терма жамоани шакллантириш керак”, деган гаплар кўп янграмоқда. Аммо ҳозир шуни айтишим керак, бизнинг барча эътибор мана шу иккита ўртоқлик ўйинига қаратилган. Айни дамда фақат мана шу йиғинга чақирилган футболчилар ҳақида ўйлаяпман. Аммо келажакда уларнинг айримларини терма жамоага жалб қилишимиз мумкин. Индонезиядаги ўйинларни кузатиб бордим. Шуни айтишим мумкинки, U-23 термаси МТЖни кучайтира олади.

Ҳозирги чақирилган футболчиларнинг исм-шарфини ўрганиб чиқишим учун уч кун вақт кетди. Ҳозирда уларнинг барчасини яхши таний оламан, лекин бу гапни олимпия термаси ҳақида айта олмайман.

– 22 августдан буён машғулотлар бўлаётган бўлса, уларнинг аксари журналистлар учун ёпиқ бўлмоқда. Яъни дастлабки 15 дақиқаси очиқ бўлса, ундан сўнг журналистлар чиқариб юборилмоқда. Айтингчи, бу сизнинг қарорингизми ёки ЎФАникими?

– Аввал қандай бўлганини билмайман. Аммо дунё амалиётида дастлабки 15 дақиқа журналистлар учун очиқ бўлади, кейин эса улардан чиқиб кетиш сўралади. Бироқ мен сизларда қандай бўлишини билмайман. Менга қолса мана шу тизим яхши. Бу масалани яна ўрганиб чиқамиз.

Манба: www.uff.uz
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)