08:02 / 12.09.2018
2 487

Европада Чемпионлар лигаси ва Европа лигасидан бошқа яна бир еврокубок жорий этилади

Европада Чемпионлар лигаси ва Европа лигасидан бошқа яна бир еврокубок жорий этилади
2021/22 йилги мавсумдан Европада Чемпионлар лигаси ва Европа лигасидан кейинги ўринда турувчи учинчи еврокубок ўтказила бошланади. Бу ҳақда Европа клублари ассоциацияси (ECA) президенти Андреа Аньелли Сплитда ўтказилган учрашув чоғида маълум қилган.

Унинг айтишича, УЕФА клублар ўртасидаги учинчи еврокубок мусобақаси учун рухсат берган.

«УЕФАнинг рухсатини кутаётган эдик. Мана энди учинчи мусобақани яратиш йўлида «яшил чироқ» ёнди. Бу турнир 2021/22 йиллар мавсумидан эътиборан 96 клуб билан старт олади», - дея Аньеллининг сўзларини келтириб ўтди Football Italia.

Европа кубоги деб номланувчи янги мусобақа формати ҳозирча номаълум, бироқ у 90-йилларга қадар ўтказиб келинган Кубок эгалари кубоги билан ўхшаш бўлиши тахмин қилинмоқда. Кубок эгалари кубоги 1960-1999 йиллар оралиғида ўтказилган бўлиб, унда УЕФАга аъзо мамлакатлар кубогини қўлга киритган клублар иштирок этган.

Айни вақтда Европада иккита йирик халқаро турнир бор. Чемпионлар лигаси гуруҳ босқичида 32, Европа Лигаси гуруҳ босқичида эса 48 жамоа иштирок этади.

Аввалроқ Европа кубогининг йўлга қўйилиши билан Европа лигасининг гуруҳ босқичи иштирокчилари сони 48тадан 32 тага қисқариши маълум қилинган. Шунингдек, ушбу турнирнинг мухлислар ҳамда реклама берувчилар учун жозибаси оширилиши кўзда тутилган.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)