21:57 / 12.09.2018
2 930

Эктор Купер: Менинг услубимда ўйин доим ҳимоядан қурилади (тўлиқ матн)

Эктор Купер: Менинг услубимда ўйин доим ҳимоядан қурилади (тўлиқ матн)
Эрон терма жамоасига қарши кечган ўйиндан сўнг Ўзбекистон терма жамоаси бош мураббийи Эктор Купер ўз фикрлари билан ўртоқлашди ва журналистлар саволларига жавоб қайтарди.

"Биз икки хил бўлимга гувоҳ бўлдик. Биринчи бўлимда шогирдларим ёмон таассурот қолдиришмади. Шуни ҳам айтиш керакки, рақиб ҳам анойилардан эмасди.

Иккинчи бўлимда футболчиларда чарчоқ аломатлари кўринди. Балки бу менинг ҳам айбимдир, машғулотларда жисмоний зўриқишга унча эътибор қилмагандирмиз.

Умуман олганда, Сурияга қарши ўйинга қараганда бунисида ўсишга эришдик деб ҳисоблайман. Ҳимояда аввалги ўйинга нисбатан яхшироқ ҳаракат қилинди. Ярим ҳимоя ҳам ишончли ўйнади.

Ҳужумга келсак: ушбу чизиқда ишлашда давом этамиз. Иккинчи бўлимда мен кўпроқ янги футболчиларни синаб кўрдим. Сиз яхши натижа кутишингизни тўғри тушунаман. Ўртоқлик ўйини бўлгани учун ҳаммага имкон беришга ҳаракат қилдим ва бундан керакли хулосаларни чиқариб олдим.

Айрим футболчилар ўйинга мослаша олишмади. Хуллас, қайси нуқта бўйича ишлаш керклиги ойдинлашмоқда. Кейинги йиғинларда бундан ҳам яхшироқ натижалар қилишга ҳаракат қиламиз".

– Жамоа ҳимояга эътибор қаратгандан кейин, биламизки, ҳужумда имкониятлар кам бўлади. Ўша имкониятлардан унумли фойдалана оладиган ҳужумчи йўқдек. Сиз ҳужумда учта футболчини синаб кўрдингиз, улар сизнинг талабларингизга жавоб беришдими?

– Менинг услубимда ўйин доим ҳимоядан қурилади. Шу сабаб, биз ҳозирда асосий эътиборни ҳимояга қаратмоқдамиз. Тўғри ҳужумда имкониятларимиз камроқ бўлди. Бироқ шуни айтиш жоизки, ҳужумчилар сони билан ҳужум қилиш имкониятларини бир-бирига боғламаган бўлар эдим.

Баъзида биз тўртта ҳужмкор ўйинчи билан олдинга ўтган вазиятларимиз бўлди, яъни Абдуҳолиқов, Бикмаев, Рашидов ва Шомуродовлар орқали. Шундай экан жамоанинг олдиндаги ҳаракатлари ҳужумчилар сонига у қадар боғлиқ эмас.

Шуни ҳам инобатга олиш керак, биз Осиёнинг энг кучли терма жамоасига қарши ўйин олиб бордик. Яна бир жиҳат, Кейруш Эрон билан етти йилдан буён ишлаб келмоқда, мен эса 14-15 кун. Бу борада ҳам катта фарқ бор, мураббий жамоани тушуниб олиши жуда муҳим.

Энг асосийси мен муаммоларимизни кўриб олдим. Қаерда нима қилиш кераклигини тушуниб олдик. Муаммолар жуда кўп, аммо мен энди нималар устида ишлаш кераклигини биламан.

– Осиё Кубогигача сизнинг олдингизда иккита ФИФА куни ва Суперлига якунига етгандан сўнг яна бир неча кун тайёргарлик учун қолмоқда. Айтингчи, бу вақт етарлими? Ёки ЎФАдан Суперлигани эртароқ тугатишни сўрамоқчимисиз?

– Осиё Кубогига тайёргарлик кўриш учун вақт етарли. Ўйлайманки, бу борада ҳеч қандай муаммо бўлмайди ва чемпионат ўйинларини эртароқ тугатишнинг ҳожати йўқ. Эртадан чемпионат ўйинларини диққат билан кузатишни бошлайман. Бунинг ёрдамида терма жамоани кучайтира оладиган ўйинчиларни жалб этаман.

Ҳозирдан белгилаб қўйилган режаларимиз бор. Осиё Кубогига жамоамиз етарлича тайёргарликка эга бўлиб боради.

– Айни дамда терма жамоамизда етарли даражада ёши катта футболчилар бор. Сиз олимпия терма жамоасидан ёки ёшлардан МТЖга футболчи жалб қилиш борасида ўйлаб кўрдингизми?

– Ҳақ гапни айтдингиз. Албатта, ёшларга эътибор қаратиш керак. Олимпия термасида аллақачон ўз кўз остимга олиб қўйган ўйинчиларим бор. Улар етарли даражада терма жамоани кучайтира олади.

Октябрдаги йиғинларга U-23 термасидаги ёшлар жалб қилинади. Ҳатто шу кунга қадар терма жамоага чақирилмаган футболчиларни ҳам кўришингиз мумкин бўлади. Биз олимпия термасининг нафақат Индонезиядаги, балки ундан олдинги ўйинларини ҳам кўриб чиқдик. Бу терма жамоа ҳақида жуда яхши билимларга эгамиз. Осиё ўйинларида қатнашган жамоани ўртоқлик ўйинлари учун безовта қилишни истамадим.

Сўнгги гап ўрнида, мен журналистларга раҳмат айтмоқчиман. Сабрингиз учун ташаккур! Ҳозир бошқа давлатлардаги матбуот анжуманида танқидлар ёғилиб кетган бўларди. Сизларга катта раҳмат!

Манба: www.uff.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Эктор Купер: Менинг услубимда ўйин доим ҳимоядан қурилади (тўлиқ матн)