11:06 / 15.10.2018
2 445

Қудратилло Абдуқаҳҳоровдан WBC Silver камари олиб қўйилди

Қудратилло Абдуқаҳҳоровдан WBC Silver камари олиб қўйилди
Профессионал бокснинг ярим ўрта (-66,67 кг) вазн тоифасида рингга чиқадиган ўзбекистонлик Қудратилло Абдуқаҳҳоров WBC йўналишининг иккинчи даражали WBC Silver камаридан маҳрум қилинди. «Халқ сўзи Online» мухбири вазиятга ойдинлик киритиш мақсадида Қудратиллонинг ўзи билан боғланди.

«Ҳа, дарҳақиқат ҳозир менда WBC Silver камари йўқ. Бунга сабаб эса уни белгиланган вақтда ҳимоя қила олмаганим. Қоидага кўра, чемпионлик камарига эга бўлган боксчи уни олти ой давомида ҳимоя қилиш керак. Шу билан бирга ҳимоя жанглари оралиғи уч ойдан кам бўлмаслиги керак. Мен белгиланган вақтда бу камарни ҳимоя қилмадим. Натижада WBC Silver вакант бўлиб қолди. Аниқроқ айтганда ўзимиз ундан воз кечдик.

Мураббийларим билан маслаҳатлашиб, бир йўла асосий WBC камарига ҳаракат қилишга келишиб олдик. Чунки WBC Silverʼни уч марта ҳимоя қилдим. Энди олға бориш керак. Шунга олтин камар учун ҳаракат қилишга қарор қилдик. Шунинг учун ҳам Silver камарини ҳимоя қилишга ортиқча эътибор қаратмадик.

Икки ойдан ошиқроқ вақт давомида Америкада шуғулландим. Бу ерда жуда кўплаб боксчиларга алоқага чиқдик. Лекин негадир улар мен билан рингга чиқишни исташмади. Тўғрисини айтсам, жанг бўлмаётганидан зерикиб ҳам кетдим. Мана икки кун олдин Малайзияга қайтдик. Шу ерда машғулотларни давом эттиряпмиз. Худо хоҳласа тез орада рингга чиқишга умид қиляпман», дея гапириб ўтган Абдуқаҳҳоров «Халқ сўзи Online» мухбири билан суҳбатда.

Маълумот учун, Абдуқаҳҳоров WBC Silver камарини илк марта 2017 йил феврал ойида бўлиб ўтган угандалик Шарлес Манюшига қарши жангда рақибини нокаутга учратган ҳолда қўлга киритганди. Сўнгги марта у титулини 2018 йил 17 март куни венгриялик Ласло Тотга қарши жангда ҳимоя қилганди. 5 май куни “Ўзбекистон“ спорт мажмуасида бўлиб ўтган Твака Кидукуга қарши жанг камарни ҳимоя қилиш муддати уч ойга етмагани боис, рейтинг жанги сифатида ўтказилган.

Эслатиб ўтамиз, Қудратилло Абдуқаҳҳоров профессионал боксда 15 жанг ўтказиб, уларнинг барчасида ғалаба (9 нокаут) қозонган. Айни вақтда спортчи WBC рейтингида 3-ўринда бормоқда. Шунингдек, у IBF рейтингида тўртинчи, WBO рейтингида эса 12-ўринда бормоқда.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)