08:25 / 15.11.2018
2 240

«Миллий» стадионида киберспорт бўйича Ўзбекистон очиқ чемпионати ўтказилмоқда

«Миллий» стадионида киберспорт бўйича Ўзбекистон очиқ чемпионати ўтказилмоқда
20 октябрдан буён Ўзбекистон электрон компьютер спорти федерацияси томонидан соврин жамғармаси 5,5 млн долларни ташкил этувчи Бутунжаҳон электрон спорт ўйинлари (WESG) мусобақаси учун саралаш босқичи ўтказилмоқда.

Киберспорт бўйича Жаҳон чемпионатида қатнашиш учун Ўзбекистон вакиллари 5 та йўналиш бўйича LAN (оффлайн) режимида саралаш баҳсларига киришган. Ушбу йўналишлар бўйича республика очиқ чемпионати ғолиблари кейинги босқичда Марказий Осиёнинг бошқа давлатлари спортчилари билан куч синашади ва унда ғалаба қозонган иштирокчилар WESG финал босқичига йўлланмани қўлга киритади.

Айни кунларда юқорида таъкидланганидек бешта комьютер ўйини – «PES 2019», «Dota 2», «CS GO», «Star Craft 2» ва «Hearthstone» бўйича республика саралаши баҳслари ЎФА кўмаги билан «Миллий» стадионида янги ташкил этилган, Электрон комьютер спорти федерациясига қарашли «UzArena» киберспорт мажмуасида бўлиб ўтмоқда. Чемпионатнинг энг яхши иштирокчилари кейинги халқаро босқич йўлланмасига эга бўлиш билан бирга 2019 йилги Ўзбекистон профессионал киберспорт лигаси қатнашчисига айланади.

Тез кунда саралаш баҳсларига якун ясалади. Гранд финаллари ғолиблари шундан сўнг Марказий Осиё давлатларининг чемпион киберспортчилари билан саралашнинг сўнгги раундида иштирок этади. Унда муваффақиятли қатнашган спортчилар Хитойда бўлиб ўтадиган WESG мусобақасига йўл олади.

«UzArena»да Республика очиқ чемпионати билан бир вақтда «FIFA 2019» симулятори бўйича Ўзбекистон киберспорт кубоги фестивали ҳам ўтказилмоқда. Унинг саралаши кенг миқёсда ўтиб, минг нафарга яқин киберспортчини қамраб олди. Ғолиблар якунда МДҲ давлатлари ўртасида онлайн режимида бўлиб ўтадиган, соврин жамғармаси 2000 долларга тенг халқаро турнир ва шу йўналишда ташкил этиладиган келаси йилги миллий киберспорт лигасига йўлланма олади.

Эслатиб ўтамиз, сентябрь ойи бошида электрон-комьютер спорти Ўзбекистонда расмий спорт турлари рўйхатига киритилган эди. Соҳага қизиқувчилар Электрон компьютер спорти федерациясининг Telegram-каналига ўтиш орқали админларга аъзолик тўғрисида мурожаат қилиши мумкин.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)


Янгиликлар » Спорт » «Миллий» стадионида киберспорт бўйича Ўзбекистон очиқ чемпионати ўтказилмоқда