19:10 / 18.12.2018
2 206

Ўзбекистонда «Ювентус» академияси очилади

Ўзбекистонда «Ювентус» академияси очилади
Бугун, 18 декабрь куни Жисмоний тарбия ва спорт вазирлигида Италиянинг «Ювентус» клубининг брендни бошқариш ва ривожлантириш бўйича ижрочи директори Каролина Киапперо бошчилигидаги делегация билан учрашув бўлиб ўтди.

«Юртимизга ташриф буюрган машҳур футбол клуби вакиллари билан ўтказилган музокаралар жараёнида Турин политехника университети кампуси базасида «Ювентус академияси»ни ташкил этиш бўйича музокаралар олиб борилди», дейилган вазирлик матбуот хизмати хабарида.

Жисмоний тарбия ва спорт вазирлигида бўлиб ўтган учрашувда ҳам томонлар Ўзбекистонда футболни оммалаштириш, янги ташкил этилаётган академия фаолиятини самарали йўлга қўйиш ҳамда ўзаро ҳамкорликни кучайтириш масалаларини муҳокама қилишган.

«Серқуёш юртимизда сизларни кўриб турганимда бағоятда хурсандман. Бизда футболни яхши кўришади. Хусусан, юртимизда «Ювентус» жамоаси мухлислари ҳам кўпчиликни ташкил этади. Пойтахтимизда ушбу клуб академияси ташкил этилаётгани барчамиз учун қувончли янгилик бўлди. Мазкур академиянинг ташкил этилиши нафақат ушбу муассасада, балки умуман ўзбек футболига жаҳоннинг илғор тажриба ва методикаларини жорий этиш имконини беради деб ўйлайман. Вазирлигимиз ҳам ўз навбатида клуб билан ҳамкорлик қилишга ҳамда академияни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга тайёр», – деган вазир Дилмурод Набиев.

«Ювентус» клубининг брендни бошқариш ва ривожлантириш бўйича ижрочи директори Каролина Киапперо юртимизда ушбу академияни ташкил этишдан мақсад ўзбек ёшларига футбол билан профессионал тарзда шуғулланиш имкониятини яратиш эканлигини маълум қилиб ўтган.

«Ювентус академияси» фаолияти болаларнинг футбол орқали жисмоний ривожланишига кўмаклашиш, шунингдек уларда футбол маданиятини шакллантиришга қаратилган. Академия фаолияти комплекс ёндашувга асосланиб, йиллик тренинг, шуғулланиш оромгоҳи, ёзги оромгоҳ, ўқув сессияси каби жами олтита асосий йўналишда амалга оширилади.

Маълумот учун, бугунги кунга келиб, «Ювентус академияси» лойиҳаси Европа, Осиё ва Америка қитъасида жойлашган 49та мамлакатда амалга оширилиб, 100дан ортиқ ҳудудни ва 15 минг нафардан ортиқ болаларни қамраб олган.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)


Янгиликлар » Спорт » Ўзбекистонда «Ювентус» академияси очилади
[/banner_pushhouse