11:22 / 11.01.2019
3 233

Умид Аҳмаджонов: "Бу ғалаба футболчиларимизни руҳлантириши аниқ"

Умид Аҳмаджонов: "Бу ғалаба футболчиларимизни руҳлантириши аниқ"
Миллий терма жамоамиз Осиё Кубогидаги дастлабки ўйинини ўтказди. Уммонга қарши учрашувни ҳаммамиз кўрдик, чиндан ҳам қийин бўлди. Лекин бу Осиё Кубоги бўлгани учун аслида ҳам ҳар бир учрашув мана шундай тарзда оғир ўтиши табиий. Ахир ҳеч ким ғалабани сизга ўз қўли билан топшириб қўймайди.

Асосий фактор шундаки, биз нима бўлса ҳам биринчи ўйинда ғалаба қозондик, бошқаси муҳим эмас. Тўғри, ўйин давомида хато ва камчиликлар кузатилди. Аммо бу мураббийлар ҳал қиладиган иш. Биз эса терма жамоамизнинг илк учрашувидаги муҳим ғалабасидан хурсандмиз. Уммонга қарши учрашувдан кейин Ўзбекистон футбол ассоциациясининг 1-вице-президенти Умид Аҳмаджоновнинг ўйин ҳақидаги фикрларини билишга қизиқдик.

- Авваламбор халқимизни дастлабки қўлга киритилган ғалаба билан табриклайман. Энг муҳими биз уч очкони қўлга киритдик. Гуруҳимизда Япония борлиги сабабли ҳамма биз учун улар билан ўйин оғир ўтишини айтишаётганди. Аммо дастлабки учрашув шуни кўрсатдики, аслида Уммон терма жамоаси биз учун энг хавфли рақиб эди.

- Мана шундай қийин кечган учрашувда футболчиларимизнинг матонат кўрсатиб, ғалаба учун охиригача курашишганидан хурсандман. Кўраётган бўлсангиз, Осиё Кубогида бир қатор кутилмаган натижалар ҳам кузатиляпти. Бу ерга келган ҳар бир жамоанинг ўз мақсади бор. Ҳеч ким шунчаки ютқазиб беришни истамайди. Шу сабабли Уммон ҳам бизга жиддий қаршилик кўрсатишга ҳаракат қилди.

- Худога шукрки, Уммон тўсиғидан эсон-омон ўтиб олдик. Бу ғалаба эса футболчиларимизни янада руҳлантириши аниқ. Ишонаманки, жамоамиз ўйиндан-ўйинга кучайиб бораверади. Футболчиларимиз халқимизнинг қўллаб-қувватлаётганини ҳис қилиб туришибди. Биз бу ерга нима мақсадда келганимизни жуда яхши биламиз, ниятларимиз катта. Худо хоҳласа, БААдан Осиё Кубоги билан қайтамиз – деди Умид Муҳаммаджонович.
Шуҳратбек Жўраев суҳбатлашди

Манба: Sports.uz

Dasturlash foundation


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Умид Аҳмаджонов: "Бу ғалаба футболчиларимизни руҳлантириши аниқ"