Эктор Купер: "Ўзбекистон Японияга қарши фақат ва фақат ғалаба учун ўйнайди"

  • 14 январь 2019, 00:37
  • 1 052
  • Спорт
  • Эктор Купер: "Ўзбекистон Японияга қарши фақат ва фақат ғалаба учун ўйнайди"
    "Натижадан жуда хурсандман. Биринчи бўлимни иккинчисидан кўра яхши ўтказдик. Биз бугун ҳужумкор ўйин кўрсатишга интилдик. Бугунги ўйин орқали ҳимоямиз ҳақида бирор нарса дея олмайман. Чунки уларга деярли иш топилмади. Бугунги баҳсда жамоам жуда яхши ўйин намойиш этди. Қисқа узатмалар орқали ўйнашга, комбинацион ҳужум орқали ўйин қуришга ҳаракат қилдик. Кўплаб аниқ пасларни амалга оширганимиз ҳам хурсанд қилди. Бу билан бизда бугун умуман хато бўлмади дейиш фикридан йироқман. Мазкур баҳсни чуқур таҳлил қилиб ўрганиб чиқамиз. Йўл қўйилган хато ва камчиликлар устида ишлаймиз", - дея ўйин ҳақидаги дастлабки таассуротлари билан ўртоқлашди Эктор Купер.

    - Миср терма жамоасида ҳимоявий ўйин қурганингиз учун у ерда сизни кўп танқид қилишган. Бугун эса Ўзбекистон бошқарувида жамоани ҳужумкор ўйнатдингиз. Бу Африка ва Осиё футболидаги тафовут туфайли юзага келдими? (хорижлик журналист)
    - Африка ва Осиё футболи жуда фарқ қилади дея олмайман. Шуни айтишим мумкинки, барча мураббий ўз услубига эга. Мен жамоани доим ўз услубимга мослаб тайёрлайман. Мисол учун, мен шартномам бўйича яхши натижа қайд этиш учун жалб этилганман. Муҳими натижа. Баъзан биз қандай ўйнашни олдиндан режалаштирамиз, аммо бу ҳар доим ҳам амалга ошавермайди. Масалан Уммон билан ўйинда шундай бўлди. Бугун эса ўтган баҳсга нисбатан ўйлаган режаларимизни кўпроқ амалга ошира олдик. Шуниси аниқки, Африкада ҳам, Осиёда ҳам футбол қоидаси бир хил. Мени вазифам Осиё Кубогида максимал натижа қайд этиш ва Ўзбекистонни ЖЧ-2022га олиб чиқишдан иборат.

    - Мураббий сифатида жамоа кўрсатган ўйиндан, айниқса биринчи бўлимдаги футболдан қанчалик роҳат олдингиз?
    - Агарда футболчилар мени кўрсатмаларимни тўлиқ ва яхши бажаришса, унда доим футболдан роҳатланаман. Улар бугун мени хурсанд қилишга жуда интилишганини кўрдим. Уммон билан ўйинга нисбатан баъзи ўзгаришларни қилдик. Лекин кескин ўзгартиришлар кузатилмади.

    - Икром Алибоевни илк маротаба марказда синаб кўрдингиз. Шунингдек, Фозил Мусаев захирадан туширилди. Уларнинг ўйинларини қандай баҳолайсиз?
    - Мен одатда футболчиларни индивидуал тарзда муҳокама қилиб, уларни ўйинларини таҳлил қилмайман. Лекин бу сафар сиз учун буни четлаб ўтаман, майли. Алибоев масаласида шуни айтаманки, Икром майдоннинг исталган нуқтасида ўйнаши мумкин. Уларни ўйинларидан кўнглим тўлди.

    - Плей-офф масаласини ҳал этдик. Японияга қарши ўйинда максимал кучимизни ишга соламизми, ёки рақиб танлаш эътибори билан ёндошамизми?
    - Мен ҳар доим максимал натижа учун курашаман. Ҳар қандай баҳсда фақат ғалаба учун ўйнайман. Футболчиларга бўшашишлари учун имкон қолдирмайман. Мен учун исталган жамоа бир хил. Ўзбекистон Японияга қарши фақат ва фақат 3 очко учун ўйнайди.

    Манба: championat.asia

    » » Эктор Купер: "Ўзбекистон Японияга қарши фақат ва фақат ғалаба учун ўйнайди"