19:27 / 14.01.2019
4 981

Финт. Куперни асабийлаштирган воқеа ҳақида (видео)

Финт. Куперни асабийлаштирган воқеа ҳақида (видео)
Туркманистонга қарши ўйиннинг биринчи бўлимидаги бир ҳолат кўпчиликнинг эътиборига тушган бўлиши табиий. Тўпни қабул қилаётганда Жалолиддин Машарипов жуда чиройли финт ишлатди, бу эса терма жамоамиз бош мураббийи жаҳлини чиқариб юборди. Купер бу ҳаракатлар учун Машариповни яхшигина койибди ҳам. Воқеани эътиборсиз қолдирганлар ўйиндан кейин, ярим ҳимоячимизнинг интервьюсидан билиб олишгани шубҳасиз.

«Мен ишлатган финтим учун мураббийдан гап эшитдим. Лекин мен ёшлигимдан бразилиялик футболчиларга ҳавас қилиб улғайганман. Чиройли ўйин мухлисларга ёқади ва биз албатта, мухлисларга ёқадиган ўйин қилишни истаймиз», – деди футболчи.

Аслида бу ерда ҳеч қандай зиддият йўқ. Ҳар ким ўз вазифасини қилганда содир бўладиган иш ҳолати. Балки, алоҳида эътибор беришга арзимас. Аммо вазият Машариповнинг тилидан матбуотга ҳам кўчган экан, баъзи ўринларга тўхталиб ўтмасак бўлмайди. Эктор Купер аслида чиройли футболга қарши экан, деган нотўғри таассурот ҳам пайдо бўлмаслиги керак.
[media=https://www.youtube.com/embed/TNCz6dNsRjg]
Хўш, Купер нега футболчининг оддий, чиройли қилиғи учун бу даражада асабийлашди?

Биринчидан,
Купер Лотин Америкасидан келган ва Испанияда узоқ вақт ишлаган. У ерда бундай вазиятларга кўп дуч келишади ва ҳосил бўлган қоида-ўлчовлар бор. Масалан, ҳар қандай финт мақсадига қараб иккига бўлинади: 1) рақибни чалғитиш орқали фойда чиқариш; 2) рақибни мазах қилиш.

Биринчи ҳолат футболнинг бир қисми ва бу доим мухлислар томонидан ҳам, мураббийлар томонидан ҳам олқишланади. Футболчи кутилмаган ҳаракат билан рақибни чалғитиб, ўзи ёки шеригини қулай вазиятга чиқариши мумкин.

Иккинчи ҳолатда, кераксиз пайтда рақиб устидан мазах қилиш учун ишлатилган финт қораланади. Айнан бир вазиятни қайси ҳолатга киришини аниқласа бўлади, масалан, ҳисоб йирик бўлиб турганда, майдон марказида шунчаки, финт орқали сезиларли қулайлик яратилмайдиган вазиятда ишлатилган финтлар рақиб устидан кулиш деб баҳоланади. Бундай финт учун бемалол рақиб футболчилари жиддий эътироз билдиришга ҳақлари бор, ҳатто ҳакам финт ишлатган футболчини сариқ карточка билан сийлаш ҳолатлари бўлган. Чунки бундай ҳаракатлар ўйин муҳити ҳам издан чиқишига сабаб бўлади. Неймарнинг «Атлетик» билан ўйинда айнан бир финт туфайли рақиб ҳимоячилари билан билан жанжаллашиб кетганини ва бир ўйинда ҳатто финт учун Неймарга сариқ карточка кўрсатилганини эсласангиз керак.

Айнан шундай ўлчовлар асосида Купер Машариповнинг бу ҳаракатини нотўғри деб баҳолаган бўлиши табиий ва шогирдини жиддийроқ бўлишга, кўрсатмалардан четга чиқмасликка чақириши нормал ҳолат. Финт майдон марказида ишлатилганди ва қандайдир вазият яратиш учун эмас, Машариповнинг ўзи ҳам тан олганидек, мухлислар учун амалга оширилганди.

Иккинчидан,
Ўша вазият пайтида Ўзбекистон ўзи учун жуда қулай ҳисобга эришиб бўлганди. Бундай паллада мураббийнинг хаёлида ўйин тизгини, картинаси ва сценарийсининг сақланиб қолиши ва эсон-омон ўйин тугаши ҳақида ўйлай бошлайди. Балки, мана шундай хотиржамлик сақланиб қолса, у турли алмаштиришлар ва кўрсатмалар орқали, шогирдларини бошқачароқ бир услубда синаб олиши, йўл-йўлакай кейинги ўйинлар учун замин тайёрлашни режалаштиради. Ростан ҳам Туркманистон тушкунликка тушиб қолган, ўйинни деярли ташлаб юборганди.

Машариповнинг финти, яъни рақибга бўлган бу муносабати туркманларнинг жаҳлини чиқариб юбориши ва балки у ерда кичик жанжал юзага келиши мумкин эди. Натижада ўйин жиддийлашиб кетарди. Икки жамоа футболчиларига ҳам таъсир қилиб, ўйинни деярли бошқариб турган ҳисоб ҳамманинг эсдан чиқиши ва майдонга кураш қайтиши турган эди. Бу эса, турли яккакурашларга, балки кераксиз жароҳатларга, карточкаларга сабаб бўлиш эҳтимоли яқин.

Хўш, бундай ўзгариш қайси мураббийга керак? Купер буни истамасди албатта. Гап бу ерда унинг футболга ўта прагматик қараши ва услубида ҳам эмас. Унинг ўрнида ҳар қандай мураббий, ҳатто ўша чиройли футбол намоёндаси деб айтиладиган Гвардиола ёки Клопп ҳам ҳал қилинган ўйиннинг бошқа тарафга бурилишини истамаган, шогирдининг бундай ҳаракатига қарши бўларди албатта. Тўғри, баъзи мураббийлар дарҳол реакция билдиради, баъзида танаффусда кўрсатмалар орқали бундай ўйнашдан қайтарилади, баъзида футболчидаги ишончни ўлдирмаслик учун индамаслик маъқул кўрилади. Айнан кеча, Купер биринчи йўлни танлади, шу холос.

Бу ерда ҳеч кимда айб йўқ. Истардимки, Машарипов ёки бошқа футболчилар ҳам кейинги ўйинда ҳам мана шундай финтлар қилишсин. Купер яна уни койисин, футболчи норози бўлиб ўйиндан кейин яна интервью берсин. Розиман. Менимча, мураббий ҳам рози бўларди бундан.

Ахир худди кечаги ўйин каби, унинг жаҳлини чиқарган ягона ҳолат шогирдининг финти бўлса, нақадар ажойиб, тўғрими?..
Қаҳрамон Асланов

Манба: Kun.uz

Dasturlash foundation


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Финт. Куперни асабийлаштирган воқеа ҳақида (видео)