«Пахтакор» Бабаян ҳужжатларга ноқонуний ўзгартиришлар киритганини тасдиқлади

  • 12 март 2019, 13:28
  • 1 759
  • Спорт
  • «Пахтакор» Бабаян ҳужжатларга ноқонуний ўзгартиришлар киритганини тасдиқлади
    Самвел Бабаян ўзбек футболига қайтгани катта шов-шувларга сабаб бўлди. Kun.uz мухбири мутахассиснинг футболга қайтиши, унинг дисквалификацияси ва клубда олиб борилаётган ишлар борасида суҳбатлашиш учун «Пахтакор» клуби бош директори Дмитрий Адисман билан учрашди.

    Маълум бўлишича, «Пахтакор»нинг янги раҳбарияти Бабаян вақтида юзага келган ҳужжатлар борасидаги муаммоларни бартараф этган.

    «Ҳа, бизнинг Бабаянга саволларимиз бор эди ва уларни мураббий билан учрашувлар чоғида ҳал қилдик. Муаммо клубнинг ёшлар жамоасидаги футболчиларнинг ҳужжатлари билан боғлиқ эди», - дейди Адисман.

    Муаммо тарихи
    2018 йил 15 январь куни ЎФФ ижроия қўмитаси (эндиликда ЎФА) Бабаянни бутун умрга футболдан четлаштирган эди. Сабаб сифатида клубни тарк этиш олдидан Бабаяннинг «Пахтакор»да футболчиларнинг ҳужжатларга жузъий ўзгартиришлар киритгани келтирилганди.

    «Бабаян клубда раҳбарият ўзгаришини билгач шартномаси 2018 йилгача бўлган футболчиларнинг ҳужжатларини 2017 йилгача қилиб ўзгартирган. Бу орқали йил сўнгида эркин агентга айланган футболчиларни бошқа клубларга юбориш орқали пул ишлашни мақсад қилган»,- дейилганди хусусан ижроия қўмитаси баёнотида.

    Бироқ кейинчалик маълум бўлдики, Бабаяннинг дисквалификацияси икки ҳафта ўтиб бекор қилинган. Бунга сабаб сифатида мураббийнинг терма жамоадаги фаолияти давомида кўрсатган ватанпарварлиги келтирилган. Бу ҳақда Бабаяннинг ўзи Kun.uz’га маълум қилган.

    26 февраль куни Тошкентнинг «Локомотив» клуби Бабаянни клуб президенти Мансур Ражабовга маслаҳатчи этиб тайинлади.

    «Менинг ягона хатом шу бўлдики, вақтида мухлисларга ўз қарорларимни тушунтириб бермадим. Агар нима учун бу эмас, мана бу футболчилар ўйнаганини тушунтириб берганимда, менга бунчалик катта босим бўлмасди»,- деганди Бабаян Kun.uz билан суҳбатда.

    «Пахтакор»нинг реакцияси
    Дмитрий Адисман 2017 йил май ойида «Пахтакор» директори бўлди. «Жамоани қабул қилиб олганимизда 90 фоиз футболчиларнинг шартномалари йил охирида якунига етарди. Биз ҳар бир футболчи билан алоҳида ишлаб, юридик муаммоларни бартараф этдик. Ҳозир бизнинг Бабаянга эътирозимиз йўқ. У билан боғлиқ муаммоларни учрашиб ҳал қилганмиз. Агар уни «Пахтакор»га олиб келганимизда балки мухлисларнинг норозилигига сабаб бўлиши мумкин эди»,- дейди Адисман.

    » » «Пахтакор» Бабаян ҳужжатларга ноқонуний ўзгартиришлар киритганини тасдиқлади