Даврон Ҳошимов: "Купер билан жаҳон чемпионатига чиқишимизга шубҳам йўқ"

  • 04 апрель 2019, 19:08
  • 564
  • Спорт
  • Даврон Ҳошимов: "Купер билан жаҳон чемпионатига чиқишимизга шубҳам йўқ"
    Ўзбекистон миллий терма жамоаси яқинда Хитойда ўтган “China Cup-2019” мусобақасида қатнашиб қайтганидан хабарингиз бор. Илк бор ушбу турнирда қатнашган вакилларимиз дастлаб ярим финалда Уругвай терма жамоасига 0:3 ҳисобида имкониятни бой беришган бўлса, учинчи ўрин учун учрашувда мезбон – Хитойни 1:0 ҳисобида мағлубиятга учратди. Бу мусобақа терма жамоамизнинг жаҳон чемпионати саралаш баҳсларидан олдинги репетиция вазифасини бажариб берди десак янглишмаган бўламиз.

    Терма жамоамизнинг асосий таркибидан муқим жой эгаллаб келаётган Даврон Ҳошимов ҳам Хитойдаги иккита учрашувда ҳам жонбозлик кўрсатганини айта оламиз. Балки шунинг учун ҳам бош мураббий Эктор Купер унга тўлиқ ишонч билдираётгандир. Ҳар ҳолда ушбу ҳимоячи ҳам ўзига билдирилган ишончни сидқидилдан оқлаб келаётганига гувоҳ бўлмоқдамиз. Куни кеча Даврон билан боғландик ва у сафар таассуротлари билан ўртоқлашди.

    “Мусобақада ёмон таассурот қолдирмадик”
    - Хитойдаги мусобақада қатнашишимиздан асосий мақсад шу эдики, жаҳон чемпионати саралаш баҳсларига муносиб тайёргарлик кўришимиз учун ҳам мазкур турнир бизга керак эди. Бош мураббий Эктор Купер ҳам бизга бу ҳақида айтиб ўтди. Биринчи ўйинимиз Уругвайга қарши ўтказилган бўлишига қарамай, Купер бизга ҳеч нимадан қўрқмаслигимизни, ўзимизга ишонч билан бемалол футбол ўйнашимиз кераклигини айтди. Бу ҳақида машғулотларда ва таркибни танлаётган пайтда ҳам тинмай уқтирди. Ҳаттоки, ўзим учун алоҳида кўрсатма ҳам берди.

    Яъни, агар тўп менда бўлса, бемалол ҳимояда рақибларни алдаб, ўзимизга бўлган ишончни янада кўтаришимиз кераклигини таъкидлади. Бундан мақсад фақат ўзимизга бўлган ишончни оширишдан иборат эди. Биз мана шундай ўйинлар орқали жаҳон чемпионати учун муносиб тайёрланиб бораверамиз. Агарда Уругвайга ўхшаган кучли рақиблар билан ўйнайверсак, ўзимизнинг заиф нуқталаримизни янада яхшироқ ўрганиб чиқа оламиз. Тўғри, биз ўша учрашувда рақибга 0:3 ҳисобида имкониятни бой бердик. Аммо ўйиндан сўнг Эктор Купер биздан қониқиш ҳосил қилганини айтди. Кейин ҳаммамиз биргалашиб, ўйинни таҳлил қилиб чиқдик. Ўйин услубимизнинг қандайдир жиҳатларини ўзгартиришимиз кераклигини, аммо бунинг учун вақтимиз камлигини ҳам айтди.

    Қачонки, кейинги йиғинда вақтимиз бўлганида бу камчиликлар устида ишлаймиз. Айниқса, рақиб стандарт вазиятдан ўйинни бошлаган эпизодлардаги камчиликларимиз устида кўпроқ ишлашимиз лозим. Умуман олганда, мусобақа давомида ёмон таассурот қолдирмадик. Учинчи ўрин учун баҳсда Хитойга қарши ўйнадик. Купер бу ўйин терма жамоамизнинг рейтингига ҳам таъсир кўрсатишини айтиб, фақат ғалаба қозонишни бизга асосий мақсад қилиб қўйди.

    “Уругвай билан ўйин биз учун катта мактаб”
    - Уругвай терма жамоасининг ҳар бир позициясида индивидуал жиҳатдан кучли футболчилар йиғилишганини билдим. Қолаверса, улар жисмоний тарафлама ҳам жуда бақувват футболчилар экан. Шунингдек, Уругвай терма жамоаси ҳар бир вазиятдан максимал даражада фойдаланишга ҳаракат қилар экан. Барибир уларнинг ўйин сифатлари юқори даражада эканлиги билан ажралиб туришди. Мен ҳам фаолиятим давомида биринчи марта мана шундай номдор ва кучли жамоага қарши ўйнадим. Шунинг учун Уругвайга қарши беллашув мен учун катта мактаб бўлди.

    “Терма жамоага келганда ҳамма бир оилага айланади”
    - Тўғри, биз “Локомотив” таркибида терма жамоа билан Хитойга кетишдан олдин “Пахтакор”га қарши ўйнадик. Ўша ўйин жуда асабий кечганди. Аммо терма жамоага келганда ҳамма футболчилар яна бир оилага айланишади. Клуб билан терма жамоани бир-бирига аралаштирмаймиз. Нима бўлган бўлса, ҳаммаси клубларда қолади. Терма жамоага келганда эса биз барчамиз бирлашиб бошқа мақсад учун курашга киришамиз. Биз футболчилар доимо профессионал бўлишимиз лозим. Буни терма жамоамиз мураббийлари ҳам кўп таъкидлашади.

    “Купер майдонда қаттиқ меҳнат қиладиган футболчиларни яхши кўради”
    - Купернинг менга ишонч билдираётганидан албатта хурсандман. Ҳаммаси Осиё Кубогидан бошланди. Ўша мусобақанинг илк учрашувида мени захирада қолдирганди. Иккинчи баҳсда Туркманистонга қарши ўйнадик ва ўша учрашувда Акмал Шораҳмедов жароҳат олганидан сўнг мени майдонга туширишди. Шундан сўнг менинг қандайдир сифатларим Куперга ёққан кўринади. Қолаверса, унинг ўзи ҳам футболчилик фаолиятида ҳимоячи бўлган экан. Балки шу томонлама ҳам менга бошқача эътибор қаратаётгандир. Муҳими, мураббий менга ишонч билдиряпти ва буни оқлашга ҳаракат қиламан. У билан ишлаб шуни биляпмизки, Купер майдонда жон куйдириб, борини бериб, меҳнат қилиб ўйнайдиган футболчиларни яхши кўрар экан.

    “Кучли рақиблар билан ўйинлар бизнинг фойдамизга хизмат қилади”
    - Купер бошчилигида жаҳон чемпионатига чиқишимизга шубҳам йўқ. Унинг терма жамоамизда олиб бораётган ишлари, машғулотларда қўллаётган янги тактик услублари ва ўз ишига бўлган ёндашувини кўриб, биз албатта бу мураббий бошчилигида жаҳон чемпионатига чиқишимизга шубҳам қолмади. Кучли рақиблар билан кўпроқ ўйнасак, бу ҳам бизнинг фойдамизга хизмат қилади.

    “Локомотив” ўйиндан-ўйинга “очилиб” боради”
    - Афсуски, “Локомотив” мавсумни мағлубият билан бошлади. Аммо чемпионат энди бошланди ва ҳали ҳаммаси олдинда. Ҳозирдан бирор-бир фикр билдиришга эрта. Шуни аниқ биламанки, “Локомотив” ўйиндан-ўйинга “очилиб” боради. Осиё Чемпионлар лигасида ҳам муносиб иштирок этишни мақсад қилганмиз. Навбатдаги учрашувни эса сафарда ўтказамиз ва фақат ғалаба учун курашамиз. Шундан сўнг кетма-кет иккита учрашувни ўз майдонимизда ўтказамиз. Шу боис бундай учрашувларда албатта ўзимиз учун керакли очколарни қўлга киритишимиз лозим. Бизнинг биринчи вазифамиз гуруҳдан чиқиш.
    Шуҳратбек Жўраев

    Манба: Sports.uz

    » » Даврон Ҳошимов: "Купер билан жаҳон чемпионатига чиқишимизга шубҳам йўқ"