Умид Аҳмаджонов: "Ўзбек футболининг мавқеига путур етишига йўл қўймаймиз!"

  • 06 апрель 2019, 17:36
  • 906
  • Спорт
  • Умид Аҳмаджонов: "Ўзбек футболининг мавқеига путур етишига йўл қўймаймиз!"
    Бугунги кун футболи қандай кўринишда? У тўғри йўлдами ёки нотўғри йўлдами? Футбол катта аудиторига эга бўлгани ва унда катта пуллар айланаётгани учун бу спорт турига чинакам мухлис сифатида қизиқадиганлари ҳам, сохталик билан қизиқиб, пул ишлаш илинжида қизиқадиганлари ҳам талайгина. Аммо ҳозирги футболда келишилган ўйинлар ва тотализатор деган ёмон иллатлар анча авж олган. Афсуски, бундай ўйин ичидаги «ўйинлар» бизнинг футболни ҳам четлаб ўтаётгани йўқ. Ҳамманинг хабари бор, юртимизда футболни ривожлантириш, унинг савиясини кўтариш учун ҳукумат томонидан жиддий ишлар амалга ошириляпти.

    Лекин доим ҳам ишлар кўнгилдагидек бўлавермайди. Ўзбек футболида ҳам келишилган ўйинлар борлиги ҳақида олдиндан айтиб келинган. Лекин оғиздаги сўзлар сира амалда ўз исботини топмаётганди. Масалан, олдин келишилган ўйинларга қарши курашиш комиссияси ҳам тузилган бўлиб, унга Аҳрол Иноятов раҳбар этиб тайинланганди. Бироқ шунда ҳам келишилган учрашувлар аниқланмасди, доим исбот ва далиллар талаб қилинарди. Кейинчалик футболимизда ўзгаришлар бўлгач, ишлаш тизимида ҳам ислоҳотлар қўлланила бошланди. Натижада бу борадаги ишларнинг самараси аста-секин кўрина бошлади.

    Куни кеча ЎФА расмий сайтида мураббий Илҳом Мўминжоновнинг фаолияти ўрганилиб, текширувлар натижасида келишилган ўйинларга алоқадорлиги исботланиб, уни тўрт йилга (умумий ҳисобда беш йилга) футболдан четлаштиришди ва 50 миллион сўм миқдорида жаримага тортишди. Албатта, бу хабар ҳеч кимни бефарқ қолдиргани йўқ. Бу нимани англатади? Энди футболимизни ёмон иллатлардан тозалаш учун жиддий ишлар бошланди. Балки Мўминжонов билан боғлиқ ҳолат бошқаларни, айтайлик келишилган ўйинлар ва тотализатор билан шуғулланаётганларнинг кўзини очар. Мана, бизда ҳам бундай «ўйинлар» билан шуғулланаётганларни аниқласа бўларкан-ку. Охирги пайтларда футболга алоқадор шахсларнинг тотализатор орқали пул ишлаб топаётганлари ҳақидаги гап-сўзларни кўп эшитаётгандик. Ахир шамол бўлмаса дарахтнинг учи қимирламайди.

    Мўминжоновнинг четлатилишидан сўнг яна бошқа шахсларнинг ҳам кирдикорлари фош бўлса ажаб эмас. Лекин келишилган ўйинларда қатнашганлар бир ёки икки шахсдан иборат бўлмайди. Бунга керак бўлса, бутун бир жамоа ҳам алоқадор бўлиши мумкин. Шундай экан, айни айтда ЎФА жиддий ишга киришган. Табиийки, бу вазиятда Ўзбекистон олимпия қўмитаси президенти, Ўзбекистон футбол ассоциациясининг биринчи вице-президенти Умид Аҳмаджоновнинг бу борадаги муносабати ва фикрларини тинглаш қизиқ эди. Мўминжонов билан боғлиқ вазиятдан сўнг Умид Муҳаммаджоновичдан вазиятга янада аниқлик киритишини сўрадик ва шу билан бирга мазкур мавзуга доир бошқа муҳим масалалар ҳақида ҳам гаплашдик. Бу ҳақда Sports.uz нашри хабар бермоқда.

    «Суперлигада мураббийлик қилаётганлар ҳам келишилган ўйинларда қатнашишган»

    - Келишилган ўйинлар билан боғлиқ вазият яна кун тартибидаги асосий масалага айланди. Куни кеча Илҳом Мўминжоновнинг бу борадаги кирдикорлари ошкор этилган ҳолда футболдан бир неча йилга четлатилгани бунга яққол мисол бўла олади…
    - Биз бу билан чекланиб қолмаймиз. Минг афсуски, футболимизда ҳали келишилган ўйинларда қатнашганлар кўпчиликни ташкил қилади. Уларнинг ичида 5-6 нафар мураббийлар ҳақида ҳам маълумотлар бор. Биз бу вазиятга жиддий ёндашган ҳолда текширувларни олиб боряпмиз. Келишилган ўйинлар билан боғлиқ ҳолат тўхтаб қолгани йўқ. Биласизми, келишганлар орасида жамоалар, ҳакамлар, футболчилар бор. Бу ерда катта гуруҳ ишлаган. Қолаверса, уларнинг орасида ўйинларга пул тикиб ўтирадиган тотализаторчилар ҳам бор.

    - Барибир келишилган ўйин бир ёки икки шахснинг аралашувисиз бўлмайди, бунда бутун жамоа қатнашган бўлади…
    - Яна шуни ҳам айтишим керакки, келишилган ўйинларга аралашганлар орасида номдор клублар ҳам бор. Биз ҳаммасини текшириб, аниқлаганимиздан сўнг уларга нисбатан ҳам жидддий жазолар қўллаймиз. Биласизми, йиллар давомида ўзбек футболига хизмат қиляпман деб жар солган ҳолда аслида бошқачасига хизмат қилаётганлар бор. Улар шу йўл орқали футболдан очко олиб юришган. Ўйинларнинг натижалари тотализатор орқали ҳал қилиб келинган.
    Ўша жирканч ишларга аралашганларни ким деб аташимиз мумкин? Улар халқ душмани. Биз бу ёқда ўзбек футболини ривожлантирамиз деб кеча-ю, кундуз елиб-югуриб юрсагу, бу ёқда тотализатор орқали келишилган ўйинларни ташкил қилиб юришса, буни қандай тушуниш керак? Биз асло ўзбек футболининг мавқеига путур етишига йўл қўймаймиз. Шунинг учун биз бу ишга жуда жиддий киришганмиз. Сизга яна бир гапни айтсам, айни пайтда Суперлигада бош мураббийлик қилаётган бир қатор мураббийлар айнан ўша келишилган ўйинларда иштирок этишган. Биз эса ҳаммасини ипидан-игнасигача текширяпмиз. Шунингдек, мазкур ишлар билан шуғулланган шахсларни прокуратурага топширамиз.

    - Умид Муҳаммаджонович, келишилган ўйинларда қайси жамоалар иштирок этганлиги ёки қайси ўйинлар борасида текширувлар олиб борилаётгани ҳақида маълумот бера оласизми?
    - Агар жамоалар номини айтадиган бўлсам, бу оммага ошкор бўлиб кетади. Биз ҳаммасини босқичма-босқич олиб боряпмиз. Вақти келганида сизлар ҳам ҳаммасидан хабардор бўласизлар. Агар кимларнидир номини айтадиган бўлсам, дарров унисига ёки бунисига алоқага чиқишади. Юқорида айтганимдек, жирканч ўйинларда қатнашган ҳакамлар ҳам бор. Масалан, кимдир қайсидир учрашувда футболчига атайин бир дона сариқ карточка кўрсатиб берган. Биласизми, ҳали Ўзбекистон футболи тарихида бундай ишлар очилмаганди. Аммо бу охиригача шундай давом этади дегани эмасди. Биз шу кунгача барча қилинган ёмон ишларни очиб ташлаймиз ва унда иштирок этганларни жиддий равишда жазога тортамиз.

    Очиғи, бундай салбий ишларнинг футболимиз мавқеига катта таъсири бор. Биз регламент ва яна бошқа жиҳатлар бўйича Европа футболига қараб интилишга ҳаракат қилиб боряпмиз. Энг ёмони келишилган учрашувларда футболчилар ҳам аралашишган. Улар сафардаги ўйинларга боришса натижани олдиндан ҳал қилишиб 1:0 ёки 2:0 каби ҳисобларга келишишган. Буларнинг ҳаммаси фирибгарлар.
    «Бабаянни субути бўлгани бу ерга қайтиб ишламасди»

    - ЎФА тотализатор ва келишилган ўйинларга қарши курашиш чораларини кучайтиргани кўриниб турибди. Бунга мисол қилиб Илҳом Мўминжоновни умумий ҳисобда беш йилга футболдан четлаштирилишини айтишимиз мумкин. Лекин, айтайлик, Мўминжоновни бундай ишлар билан шуғулланаётганларга дарс бўлиши учун бутун умрга футболдан четлаштирса бўлмасмиди?
    - Ҳа, шундай чора кўриш имкони ҳам бор эди. Лекин Самвел Бабаян масаласи ҳам турли гап-сўзларга сабаб бўлди. Уни бутун умрга футболдан четлаштириб, яна футболга қайтиб келгани ортидан қанча эътирозлар бўлди? Шу ўринда Бабаян масаласига ҳам тўхталиб ўтмоқчи эдим, биз уни ўзимиз футболдан бир умрга четлаштиргандик. Кейин эса Москвага кетди ва у ердан Латвияга ўтиб, маҳаллий жамоага жойлашиб олди. Шундан сўнг майли уни ҳам тирикчилиги, бола-чақаси бор, лекин энди Ўзбекистонга қайтиб ишламайди деб ўйлагандик. Қолаверса, Осиёда олинган мураббийлик лицензияси Европага ўтмасди. Лекин кейинчалик Бабаян Ўзбекистонга қайтиб «Локомотив»га ишга жойланиб олди. Бу нима деган нарса? «Локомотив»да қанақа академия, қанақа болалар футбол мактаби бор? Улар атайин шундай қилишди.

    - Ўзи шундоқ ҳам сиздан Бабаян ҳақида сўрамоқчи эдим. Унинг яна футболга қайтгани мухлислар орасида катта реакция берганди…
    - Ҳа, яхшиликка ёмонлик бўлиб қолди. Хорижга кетгани учун майли бировни ризқини қирқмайлик деб яхшилик қилсак, у дарров бошқача ўйин қилди. Агарда Бабаянни озгина субути бўлганида бу ерга қайтиб келмасди. Одамлар орасида эса турли гап-сўзлар тарқалиб кетди. Муҳтарам Президентимиз ҳам кечиримли бўлиш кераклиги ҳақида айтяпти, биз ҳам шундай йўл тутган ҳолда кечиримли бўлгандик. Лекин мен шу ерда эканман, уни Ўзбекистон футбол ассоциациясига яқинлаштирмайман.

    «Айбдорларга энг охирги чоралар кўрилади»

    - Шунингдек, про-лигада ҳам тотализаторга аралашган ўйинлар кўплиги ҳақида эшитамиз…
    - Ҳа, тўғри. Лекин биз ҳаммасини назоратга олганмиз. Ҳар бир учрашувни шахсан ўзим кўриб чиқяпман. Қолаверса, алоҳида махсус комиссия ҳам тузганмиз. Суперлигани ҳам, про-лигани ҳам жиддий текширувга олганмиз. Ҳар бир ўйин бўлаётганида ЎФАда олти кишилик комиссия онлайн равишда учрашувни кузатиб туради ва менга натижасини юборишади.

    - Масалан, «Ёзёвон» жамоасининг олтита учрашуви келишилганлиги тўғрисида ОФКдан хат келганлиги ҳақида эшитдик. Бу борада бошқа жамоаларнинг ҳам номларини ошкор қила оласизми?
    - ОФКдан бу масала бўйича хат келмайди. Фақат букмекерлик компаниялардан шубҳали ўйинлар ҳақида маълумот келиши мумкин. Шунга яраша ОФК томонидан ҳам ўзлари шубҳаланган учрашувларни бизга келишилганми ёки йўқми, шуни текширинглар дея маълумот юборишади. Шу боис ОФК букмекерлик компаниялари орқали бизга қайсидир ўйинларни текширинглар дея тавсия беради. Биз эса суриштирувлар ва кўрсатмалар оламиз. Илҳом Мўминжоновдан кўрсатма олиш жараёнида бошқаларни сотмаслик учун ҳаммасини ўз бўйнига оляпти. Яна қайтариб ўтаман: Суперлигада ҳозирги пайтда бош мураббийлик қилаётган 3-4 нафари ҳам келишилган ўйинларга аралашишган ва уларга ҳам албатта чоралар кўрамиз.

    - Бу масаладаги ишларнинг якуний натижаси қачон оммага ошкор қилиниши мумкин?
    -Ҳозирда тузиб чиқилган комиссия томонидан тергов давом эттирилмоқда. Ҳаммаси узил-кесил аниқ бўлганидан кейин албатта маълумот берамиз.

    - Агарда айбдорлар ўз исботини топса уларга кескинроқ жазолар тайинланадими?
    - Албатта, биз уларга энг охирги чораларни кўрамиз. Мана, Илҳом Мўминжонов бир йилга футболдан четлатилганди ва охирги суриштирув натижаларидан сўнг уни ҳаммаси бўлиб беш йилга челташтирдик ҳамда 50 миллион сўм миқдорида жаримага тортдик. Бу чораларни ҳозирча ўзимизнинг регламент асосида амалга татбиқ этдик. Лекин ҳали уларнинг ишини қонун доирасида тегишли ташкилотлар кўриб чиқишади.

    - Келишилган ўйинларда иштирок этганларни аниқлаш борасидаги ишлар қийинчилик туғдиряптими?
    - Нима ҳам қилардик, футболимизни бундай ишлардан тозалашимиз керак-ку. Бу кетишда ё ўзбек футболи ривожланади ёки тотализатор ривожланади. Ўзбекистон фирибгарларнинг бемалол ишлашига рухсат бериладиган давлат эмас. Шунинг учун биз охиригача борамиз. Масалан, наманганлик мухлисларни олайлик, улар стадионни тўлдириб, ўз жамоасини қўллаб-қувватлашди. Лекин стадионга келган минглаб ишқибозлар алданиб қолиб кетаверадими? «Навбаҳор»нинг уй стадиони мухлислар билан тўлаётганди, аммо улар нима учун келишаётганини билишмасди. Шундай экан, биз ҳаммасига албатта жиддий чоралар кўрамиз.

    » » Умид Аҳмаджонов: "Ўзбек футболининг мавқеига путур етишига йўл қўймаймиз!"