Мадримов аламли мағлубиятдан кейин ҳаваскор боксдан бутунлай кетди (видео)

  • 23 апрель 2019, 21:00
  • 1 253
  • Спорт
  • Мадримов аламли мағлубиятдан кейин ҳаваскор боксдан бутунлай кетди (видео)
    Профессионал бокс бўйича супер ўрта (-69,85 кг) вазн тоифасида рингга чиқаётган ўзбекистонлик боксчи Исроил Мадримов ҳаваскор боксчилар ўртасидаги Осиё чемпионатидаги муваффақиятсизликдан сўнг жанг реферисини танқид қилган ҳолда ҳаваскор боксга қайтмаслигини эълон қилди.

    «Бу охиргиси бўлди. Мен ҳаваскор боксда бошқа рингга туша олмайман! Ўтган сафар, сўнгги жаҳон чемпионатидаги ноҳақ ҳакамликдан кейин ҳам айтгандим, бундан кейин ҳаваскор боксда рингга чиқмайман деб. Аҳвол шу даражага етганидан кейин сабрим тугади. Ҳаваскор боксда шунақа ишлар ҳам бўлиб туради: мен бугунги жангни ютдим, буни ҳамма билади, ҳамма мен ютганимни кўрди. Афсуски, бу ҳолат ҳаваскор боксдаги фаолиятимга нуқта қўйди. Бундай ишларга чидай олмайман. Бу узил-кесил профессионал боксга ўтишимга туртки бўлади.

    Шу пайтгача мени қўллаб-қувватлаб келаётганларга чин юракдан ўз миннатдорчилигимни билдираман. Ҳаёт давом этади, яна олдинга интилишда давом этамиз. Мен бундан кейин ҳам халқаро майдонларда Ўзбекистон шарафини ҳимоя қиламан, фақат профессионал рингда. Аллоҳ профессионал боксда ютуқларни қўлга киритишни насиб қилсин», – деган Мадримов Tribuna.uz мухбирига.

    Исроил бугун, 23 апрель куни Бангкокда ўтаётган Осиё чемпионатининг чорак финал учрашувида қозоғистонлик Турсинбай Қулаҳметга қарши жангда ҳакамларнинг турлича қарорлари ҳисобига мағлубиятга учради.

    Эслатиб ўтамиз, Осиё ўйинлари ва Осиё чемпионати ғолиби Исроил Мадримов 2018 йил ноябрь ойида профессионал боксдаги илк жангини ўтказиб, уни нокаут билан якунлаган ва WBA InterContinental чемпионлик камарини қўлга киритганди. Камар ҳимояси учун март ойида венесуэлалик Френк Рохасга қарши жанг қилган Исроил рақибини ҳушидан кетказган, Рохасни рингдан замбилда олиб чиқишган эди.

    Аввалроқ Мадримов келажак режалари билан ўртоқлашиб, проф-рингдаги учинчи жангини мексикалик енгилмас жаҳон чемпионига қарши ўтказмоқчи эканини маълум қилганди.

    У шунингдек, Kun.uz учун берган интервьюсида 2020 йилги Токио Олимпиадасида Ўзбекистон номидан иштирок этиш мақсади ҳақида айтганди. Энди у Японияга бормайди.

    Фикрлар

    » » Мадримов аламли мағлубиятдан кейин ҳаваскор боксдан бутунлай кетди (видео)