18:38 / 12.05.2019
2 260

АПЛда чемпионлик пойгаси тугамоқда. «Сити» ва «Ливерпуль» тарих ёзишди

АПЛда чемпионлик пойгаси тугамоқда. «Сити» ва «Ливерпуль» тарих ёзишди
Якшанба куни премьер-лигада якунловчи тур учрашувлари ўтказилади. Охирги тур арафасида «Манчестер Сити» «Ливерпуль»ни бир очкога ортда қолдирмоқда ва катта эҳтимол билан Хосеп Гвардиола шогирдлари қаторасига иккинчи чемпионликни нишонлашади. Аммо нима бўлганда ҳам Юрген Клопп олқишларга сазовор.

Асосийси томошабоп футбол
Сентябрь ойида «Челси» «Ливерпуль»ни қабул қилган, қизиллар 89-дақиқада урилган гол эвазига мағлубиятдан қутулиб қолишганди. Ўшанда Юрген Клопп ўйинни худди ўзининг жамоаси йирик ҳисобда ғалаба қозонаётгандек тиржайиб кузатганди. «Челси» бош мураббийи кейин эслайди: «Бу ноодатий шоу бўлганди. Ўйин якунига қадар 10 дақиқача вақт қолганди. Менга кулимсираб қараб турган Клоппга кўзим тушди. Ундан нега кулаётганини сўрадим. У жавоб берди: «Сен ўйинни кўриб роҳатланмаяпсанми?».

Бу вазият «Ливерпуль» мураббийини идеал даражада характерлайди. Майдонда нима рўй бераётган бўлмасин, германиялик мутахассис ўз қувноқлигини сақлаб қолади. У Ливерпулга келганида фақат бир марта - 2017 йилнинг сентябрида «Манчестер Сити»дан 0:5 ҳисобида мағлуб бўлаётганида жуда тушкун кўринганди.

Барселонадаги биринчи ўйинда ҳам у ўзига хослигини сақлаб қолганди. Ўйиннинг 68-дақиқасида жамоаси ҳисобда ортда бораётган вақтда Гомез жарима зарбасидан хато зарба берди ва ортга ўгирилиб мураббийи томонга қаради, аммо Клопп бармоғи билан «зўр» ишорасини кўрсатиб, уни овунтирди ва деди: «Жо, барчаси яхши. Табассум қил».

Олтинга муносиб

Бир вақтлар бутун дунёда Гвардиоланинг «Барселона»сига тақлид қилиш бошланиб, кўплаб жамоалар «тики-така» ўйнай бошлашган бўлса, энди кўплаб жамоалар Клоппнинг «Ливерпуль»и каби прессингга (ёки қарши прессинг) кўпроқ эътибор қаратишмоқда.

Гвардиола эса ҳозирда «Манчестер Сити»ни ғалаба машинасига айлантирди. Бу жамоа бугун чемпион бўлиши кутилмоқда. Муносибми? Шак-шубҳасиз! «Манчестер Сити» футбол мухлисларига ёқадиган футбол кўрсатади. Аммо бу мавсумда премьер-лигада бирдан икки жамоа мухлисларга ёқадиган ўйин кўрсатмоқда ва иккиси ҳам чемпионликка муносиб.

Ҳарри Реднапп «Барселона»га қарши ўйинлардан олдин айтиб ўтганидек, агар «Ливерпуль» Испания чемпионатида иштирок этганида чемпион бўлган бўларди. Буни кейинроқ «Ливерпуль»нинг ўзи ҳам тасдиқлади.

Ҳозирги «Ливерпуль» ўтган асрнинг 70-йилларидаги Нидерландия терма жамоасини эслатади. Ринус Михельс ва Йохан Кройфнинг тотал футболини ҳозир ҳам унутишмаган - замонавий мураббийларнинг кўпчилиги бу услубнинг қайсидир элементларидан фойдаланади. Жумладан, Клопп ва Гвардиола ҳам.

«Ливерпуль»нинг Нидерландияга ўхшаш яна бир жиҳати бор. Ўша вақтларда Нидерландия икки марта - 1974 ва 1978 йилларда икки марта жаҳон чемпионати финалига чиқиб, ғолиб бўлолмаган. Ўша вақтларда «Аякс» қаторасига уч мавсумда Чемпионлар кубоги (ҳозирги Евпропа Чемпионлар лигаси) ғолиби бўлган, аммо уларнинг муваффақиятлари терма жамоада акс этмаган. «Ливерпуль» ҳам Клопп келганидан буён (ундан олдин ҳам кўп йиллар давомида) ҳеч нарса ютмади.

Юрген ҳам ўз фаолиятида икки марта ЕЧЛ финалида мағлуб бўлган, бир марта Европа Лигаси финалида, икки марта Германия Кубоги финалида, бир марта Англия Лигаси кубоги финалида ютқазган, Германия чемпионатида икки марта иккинчи ўрин билан кифояланган. Ҳозир унинг медаллар хонасида фақат учта олтин бор: икки марта Бундеслига ғолиблиги ва бир марта Германия Кубогидаги ғолиблик. Инқилобчи мураббий учун ғариб хона.

Бу мавсумда ҳам «Ливерпуль» Англия чемпионатида совринсиз қолиши мумкин. Аммо Клоппнинг вақти ҳам келиши керак. Балки бу 1 июнь куни Мадридда бўлар...

Бугун эса «Ливерпуль»ни жуда жиддий рақиб кутмоқда. Шундоқ ҳам бир очко кўпроқ жамғариб турнир жадвалида биринчи ўринда жойлашган «Манчестер Сити»нинг охирги турдаги рақибидан фарқли равишда («Брайтон»), «Ливерпуль»ни «Вулверҳемптон»га қарши ўйин кутмоқда.

250 минг кишилик мўъжазгина шаҳар шарафини ҳимоя қиладиган «Вулверҳемптон» 2016 йилда хитойлик инвесторлар қўлига ўтгач, ривожланишнинг янги босқичини бошлади. Fosun International ҳолдинги маблағлари таркибни кучайтиришга сарфлана бошланди, бир неча мураббийдан кейин раҳбарият португалиялик Нуну Жрландере Симойнше Эшпириту Санту номзодида тўхталди. У ҳеч қачон Англияда ўйнамаган ва ишламаганди, умуман, Пиреней яримороли чегараларидан ташқарига чиқмаганди.

Футболчилигида дарвозабон бўлган Нуну бирор жамоадаги фаолияти билан ёдда қолмаган, унинг мураббийлиги ҳам шу тарзда бошланганди - «Валенсия» ва «Порту» бош мураббийлигида у узоқ вақт қола олмади. Шундан сўнг у чемпионшипни забт этиш учун йўл олди. Унинг туманли альбиондаги келажаги туман остида эди.

Унинг Англияга сафарида таниқли агент Жорже Мендешнинг Gestifute компанияси воситачилик қилганди. Португалиялик агент хитойлик инвесторлар билан қалин алоқа ўрнатди ва португалиялик мураббий билан бирга бирданига 6 нафар португалиялик футболчини «Вулверҳемптон»га олиб ўтди. Асосий футболчилари билан бир тилда гаплаша олиш имкониятига эга бўлган мураббий эса уларга ўзи нима истаётганини осонлик билан тушунтира оларди.

Мавсум давомида гувоҳ бўлдикки, Нуну нафақат португал тилини, балки футбол тилини ҳам жуда яхши билар экан. Унинг бошчилигидаги «дарбадарлар» грандлар билан ўйинларда ҳеч нарсадан тап тортмасдан очко кетидан очко олди. Премьер-лига доирасида «Молиньо»да кечган ўйинларда «Челси», «Манчестер Юнайтед» ва «Арсенал» каби номдор рақиблар тор-мор этилди, Англия Кубогида эса «Ливерпуль» (1/32 финалдаёқ) ва «МЮ» мағлуб этилди. «Бўрилар» сафар ўйинларида ҳам кучли жамоалардан очко олди, «Тоттенҳэм» Лондонда мағлуб этилди, жамоа фақат «Сити»ни енга олмади, бугун эса «Ливерпуль» билан ҳисоб-китоб қилинади.

«Дарбадарлар» қуйи лигадан чиқиб биринчи мавсумдаёқ кўп очко тўплаш бўйича 18 йиллик рекордни янгилашди - 57 очко. Нуну Гвардиола, Клопп ва Почеттино қаторида мавсумнинг энг яхши мураббийи бўлиш учун даъвогар - у билан шартнома 2021 йилгача узайтирилди. У бугун ғалаба қозонса, балки овоз бериш натижаларига кўра мавсум мураббийига ҳам айланар.

Статистика

АПЛ тарихида 7-марта чемпионлик масаласи охирги турда ҳал бўлмоқда. Бу мавсумда «Ливерпуль» ва «Манчестер Сити» ҳар турда қувлашмачоқ ўйнади ва бугун бу «мушук-сичқон ўйини» якунига етади.

Гвардиола ва Клопп жамоаси нафақат бутун турнир жадвали миқёсида, балки кучли олтилик билан ўзаро ўйинларда тўпланган очколар бўйича ҳам яққол ажралиб қолган: «Манчестер Сити»да 25, «Ливерпуль»да 19 очко. Кейинги тартиб «Арсенал» (12), «Челси» (12), «Тоттенҳэм» (7) ва «МЮ» (7).

«Манчестер Сити» ва «Ливерпуль» иккисидан бири очко йўқотиши ҳолати охирги марта шу йилнинг 3 мартида кузатилганди - «Ливерпуль» ҳамшаҳари «Эвертон»ни сафар ўйинида енга олмаганди (0:0). Охирги турга келиб «Манчестер Сити»да 13 учрашувдан иборат ғалабали серия, «Ливерпуль»да 8 учрашувдан иборат ғалабали серия қайд этилмоқда. Бу серияларни тўхтатиш учун «Брайтон» ва «Вулверҳемптон»да озгина бўлса ҳам имконият бор.

Мавсум бошидан буён «Сити» 16, «Ливерпуль» 17 очко йўқотди. Таққослаш учун, «МЮ» сўнгги 12 турда 16 очко йўқотди.

«Сити» бу мавсумда рақиб бўлган 19 жамоанинг барчасини камида бир марта мағлуб этди, «Ливерпуль» эса фақат «Сити»ни енга олмади (0:0, 1:2).

• «Манчестер Сити» сўнгги 10 йил ичида чемпионлик мақомини сақлаб қолган илк жамоа бўлиши мумкин. Охирги марта 2009 йилда «Манчестер Юнайтед» Алекс Фергюсон ва Криштиану Роналду билан биргаликда кетма-кет иккинчи чемпионликка эришганди.

• Европа топ-лигаларида 90+ очко ҳамиша ҳам чемпионликни кафолатламайди. 2009/10 йилги мавсумда «Реал» 96 очко билан иккинчи бўлганди. Ўтган йилда эса 91 очко ҳам «Наполи»га чемпионлик учун етарли бўлмади.

• 0:0 ва 2:1 – «Манчестер Сити» ва «Ливерпуль»нинг бу мавсумдаги ўзаро ўйинларида шундай натижалар қайд этилди. Иккинчи ўйин 3 январь куни ўтказилган, ўша ўйинда ғалаба қозониш орқали «Сити» чемпионлик пойгасига қайтганди: «Ливерпуль» 2018 йилни орадаги 7 очколик фарқ билан якунлаганди.

• «Этиҳад»даги 1:2 ҳисобидаги мағлубият «Ливерпуль»нинг чемпионатдаги ягона мағлубияти бўлиб турибди.

• 2019 йилда «Сити» АПЛда 17 ўйин ўтказиб, 16 ғалабага эришди. Фақат бир ўйинда Бенитес бошқарувидаги «Ньюкасл»дан мағлуб бўлинди.

• «Ливерпуль» Премьер-лигасида очко жамғариш бўйича клуб рекордини такрорлади(2008/09 йилги мавсумда 88 очко) шунингдек ғалабалар сони бўйича ҳам янги рекорд ўрнатилди (2013/14 йилги мавсумда 26 ғалаба).

• «Энфилд»да 50 очко – «Ливерпуль» учун АПЛда уй учрашувларидаги энг яхши натижа (аввалги максимум – 49 очко 2013/14 йилги мавсумда қайд этилганди). «Ливерпуль» охирги турда натижасини янада яхшилаши мумкин.

• Аммо «Сити» уй учрашувларида янада муваффақиятлироқ: 57 имкониятдан 54 очко. Идеал натижага эришишга «Кристал Пэлас» халақит берганди - 2:3.

• «Сити» ўйинларнинг илк 15 дақиқалигида жами 19 гол урган.

• «Ливерпуль» 5 марта ўйинларннг 80-дақиқасидан кейин ғалаба голини урган. Яна бир гол – Дэниэл Старрижнинг узоқ масофадан урган такрорланмас голи – «Ливерпуль»ни «Стэмфорд Бриж»да мағлубиятдан қутқариб қолган.

***
Бугунги натижалардан кейин ҳам чемпион номи аниқ бўлмаслиги ва «Манчестер Сити» ҳамда «Ливерпуль» ўртасида «олтин учрашув» ўтказилиши ҳам мумкин. Эҳтимолий сценарийлардан бирига кўра алоҳида чемпионлик ўтказилиши варианти ҳам бор.

Агар бугун «Сити» ўз ўйинида ютқазса ёки дуранг ўйнаса ва «Ливерпуль» ғалаба қозонса Юрген Клопп шогирдлари чемпионликни нишонлашади.

Агар «Ливерпуль» ютқазса, «Сити» ўз ўзидан чемпионга айланади.

Охирги тур арафасида «Сити» «Ливерпуль»ни бир очкога ортда қолдирмоқда. «Шаҳарликлар» охирги турни «Брайтон» майдонида ўтказишади, «қизиллар» «Вулверҳемтон»ни қабул қилишади. Агар «Ливерпуль» 4:4, 5:5 ёки ундан йирикроқ ҳисобларда ғалаба қозонса, «Манчестер Сити» эса 0:4, 1:5 ёки ундан йирикроқ ҳисобларда ютқазса шундай вазият юзага келадики, икки жамоада ҳам очколар сони ҳам, жамоаларнинг ўринларига таъсир кўрсатадиган бошқа қўшимча кўрсаткичлар (тўплар нисбати) ҳам тенг бўлиб қолади. Бундай ҳолатда, регламентга кўра «олтин учрашув» ўтказилиши мумкин.

Манба: Kun.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » АПЛда чемпионлик пойгаси тугамоқда. «Сити» ва «Ливерпуль» тарих ёзишди