Эктор Купернинг Ўзбекистон терма жамоаси рулидаги олтинчи йиғини доирасидаги учинчи ўртоқлик баҳси Сурия терма жамоасига қарши ўтказилди. Бунга қадар терма жамоамиз мазкур йиғин доирасида дастлаб Туркия (0:2), кейинчалик Тошкентда КХДР (4:0) билан куч синашганди.
Бу гал эса Купер Ўзбекистон терма жамоаси рулидаги дебют беллашувини ўтказган ва ўшанда дуранг қайд этган Сурия билан тўқнашди. Купер учун эски танишга айланган Сурия билан аргентиналик мутахассиснинг ўзаро ҳисоб-китоби қолганди.
Купер мазкур ўйинга Туркия билан туширган таркибига қараганда иккита ўзгаришга, КХДРга қарши баҳсга солиштирганда эса 7та ўзгаришга қўл урди. Яъни, Туркия билан ўйинни бошланғич таркибда бошлаган Кримец ўрнига марказий ҳимояга Ислом Тўхтахўжаев тушган бўлса, ярим ҳимоя марказида Мусаевни Ўрунов алмаштирди. КХДР билан бошланғич таркибда кўриниш берган Исмоилов, Ҳамробеков, Аҳмедов ва Машарипов кетма-кет учинчи баҳсда ҳам асосий таркибда тушган футболчиларга айланишди. Дастлабки иккита ўртоқлик беллашувида умуман майдонга тушмаган Ислом Тўхтахўжаевга эса бу гал Купер имкон берди.
Ўйин қайдномасидан эса иккита дарвозабонлар Ботирали Эргашев ва Санжар Қувватов, шунингдек "Локомотив" футболчиси Сардор Мирзаев тушиб қолишди.
Бевосита ўйинга келадиган бўлсак, Ўзбекистон баҳсни одатдагидек 4-3-3 тактик схемада бошлади. Сурия эса ҳозирги замонавий футболнинг классик жойлашувига айланган 4-2-3-1да ўйнади.
Биринчи бўлимни вакилларимиз ишончли ўйин билан бошлашди. Айниқса Аҳмедовнинг жонбозлиги ва фаоллиги эвазига терма жамоамиз майдонда ўз устунлигини тезкорлик билан ҳисобда ҳам акс эттирди. Одил Аҳмедов марказда прессингга киришиб, тўпни рақибдан олиб қўйди ва ҳужумга ўтиб, очилиб бораётган Шомуродовни қулай вазиятга чиқарди. Элдор Шомуродов эса рақиб билан яккама-якка курашда мувозанатини йўқотмади ҳамда дарвозани аниқлик билан ишғол қилди - 1:0.
Шундан сўнг Аҳмедовнинг яна жонбозлиги эвазига тўп рақибдан олиб қўйилди ва яна Шомуродов рақиб дарвозаси олдида кескинлик яратди. Бироқ бу сафар Шомуродовнинг ўйлаган режаси иш бермади.
Мазкур ҳужумдан кейин Сурия терма жамоаси ҳам фаолликни оширди ва ўйинни ўз жарима майдончаси олдидан узоқлаштириб, терма жамоамиз дарвозаси олдида стандарт вазиятлари орқали хавф туғдиришга уринди. Асосан стандарт ва узун паслар орқали ҳужум қиладиган мазкур терма жамоанинг хавфларини гоҳида ҳимоячиларимиз бартараф этишган бўлса, иккита вазиятда Суюнов Ўзбекистонни голдан қутқарди.
Биринчи бўлим сўнггига яқин эса Жалолиддин Машариповнинг узатмасини қабул қилган ва тўпни дарвозага аниқ йўллаган Элдор Шомуродов терма жамоамизни танаффусга 2:0 ҳисобидаги устунлик билан олиб чиқиб кетди.
Иккинчи бўлимда ўйин тизгини кўпроқ Сурия тарафда бўлди. Ҳисобдан келиб чиқиб олдинга ташланган Сурия терма жамоамиз мудофаа чизиғи олдида қатор ҳужумлар ташкил этишга уринди. Терма жамоамиз эса ҳимояда мустаҳкам ўйнаб, ташаббусни қайтариб олишга кўп ҳам уринмади. Купер иккинчи бўлимда терма жамоага энди таклиф этилган янги футболчиларга кўпроқ имконият бериш мақсадида уларни туширди. Натижада марказ бутунлай янгиланди.
Бу эса ўйин боришига ўз таъсирини ўтказмай қолмади. Етакчилар майдонни тарк этгач устунлик тўлиқ рақиблар тарафга ўтди. Бироқ терма жамоамиз позицион жиҳатдан ҳимояланишда диққат билан ўйнади. Гарчи Сурия кўпроқ ташаббусга эга бўлган бўлсада, дарвозамиз олдида чинакамига хавфли вазиятлар содир этишга эришмади. Асосан стандарт вазиятларига таяниб ўйнаган рақибларнинг кўплаб ҳужумлари йўлига ҳимоячилар ва дарвозабонимиз туғаноқ бўлди.
Кескин курашлар остида ўтган баҳсда терма жамоамиз Шомуродовнинг дубли эвазига ғалабани тантана қилди.
Шу тариқа Эктор Купер терма жамоамиз рулидаги 15-учрашувда ўзининг 7-ғалабасини расмийлаштирди.
Мазкур йиғин доирасидаги учинчи ўйинда ҳам иккинчисида бўлгани каби ғалаба қозонилди.
Йиғинга таклиф этилган 26 футболчидан 24 нафарига эса бўлиб ўтган учта ўртоқлик баҳсида имконият берилди. Фақатгина тўрт дарвозабондан иккитаси, яъни Ботирали Эргашев ва Жавоҳир Илёсов майдонга туширилмади. Қолган барча футболчилар эса ўз имкониятларини олишди.
Ўзбекистон терма жамоаси мазкур йиғин давомида 3 ўйинда 2 ғалаба (КХДР 4:0, Сурия 2:0) ва 1 (Туркия 0:2) мағлубият қайд этди. Тўплар нисбати: 6-2.
Эътиборлиси, киритилган голларга Шомуродов (2), Аҳмедов, Абдухолиқов, Сергеев ва Турсунов муаллифлик қилишди. Мазкур йиғин давомида терма жамоамиз сафидаги барча ҳужумчилар гол уришга муваффақ бўлишди.
ЎЗБЕКИСТОН - СУРИЯ 2:0
Голлар: Элдор Шомуродов 3, - 1:0. Элдор Шомуродов 42, - 2:0.
Ўзбекистон: 25.Элдор Суюнов, 4.Фарруҳ Сайфиев (13.Олег Зотеев, 74), 5.Анзур Исмоилов, 6.Даврон Ҳошимов, 7.Одилжон Ҳамробеков (18.Фозил Мусаев, 60), 9.Одил Аҳмедов (23.Хуршид Ғиёсов, 75), 10.Жалолиддин Машарипов, 14.Элдор Шомуродов (17.Игорь Сергеев, 79), 19.Остон Ўрунов (8.Икром Алибоев, 60), 20.Ислом Тўхтахўжаев, 21.Қувондиқ Рўзиев (22.Достон Ибрагимов, 67)
Захира: 1.Жавоҳир Илёсов, 2.Хожиакбар Алижонов, 3.Достон Турсунов, 11.Тимурхўжа Абдухолиқов, 15.Егор Кримец, 24.Акром Комилов.
Сурия: 1.Иброҳим Алма, 3.Муаяд Ал Ажан, 5.Омро Мидани (4.Шиб Ал Али, 46), 6.Амро Женьят, 8.Маҳмуд Ал Мавас (11.Абдул Малик Ал Анизан, 77), 12.Муҳаммад Ал Вакид, 13.Аҳмад Ал Аҳмад (10.Фирас Ал Хатиб, 65), 14.Тами Хож Муҳаммад, 19.Аҳмад Ашкар, 20.Холид Ал Мбайед, 21.Муҳаммад Ал Мармур (16.Ҳамид Мидо, 84).
Захира: 23.Аҳмад Маданиеҳ, 22.Холид Ал Хожиотман, 15.Ала Ал Шбли, 17.Аҳмад Диб.
Огоҳлантиришлар: Маҳмуд Ал Мавас 48, Абдул Малик Ал Анизан 90+4 “Замин” янгиликларини “Инстаграм”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Шимолий Корея Россияга узоққа зарба берувчи қуроллар юборди
Ким Чен Ин ҳарбийларни жанговар ҳолатда туришга чақирди
Рашида Толиб Конгресс аъзоларига «аччиқ ҳақиқат»нинг суратини кўрсатди
Эрон АҚШдан 1 трлн доллар компенсация талаб қилди
Ўзи чой дамлайди ва суҳбатлашади: дунёдаги биринчи “ақлли” чойнак тақдим этилди (видео)
Туркия Исроил президенти самолётини ҳаво ҳудудига киритмади
Дунёнинг машҳур аёллари кунни қандай бошлайди?
Омега-3 қандай қилиб озишга ёрдам беради?