Ўзбек футболи мисоли тўлиб-тошиб оқаётган дарё кабидир. Бу оқимнинг куч-қудрати адолатли ва фусункор футбол тарафдори бўлмиш мухлислар, уларнинг очиқ-ошкора муносабатлари билан белгиланади.
Оқимнинг истаги барчага аён - у дарё тўлқинлари каби стадионларни тўлдиришни, ҳалол футболдан завқланиб, майдон қирғоқларига тошишни истайди. Аммо не ажабки, истаклари рўёбга чиқмаяпти, мутасаддилар оқим муносабати билан ҳисоблашиб ўтиришмаяпти.
Яъни улар ўз билганларича йўл тутиб, оқимга қарши боришмоқда, тўғрироғи, қарши сузишмоқда. Майли, сузаверишсин-чи, қаергача боришади, қанча вақт оқимга қарши қулоч отишади? Бир кун, барибир, адолат қарор топади, футболимизда шаффоф ҳаёт бошланади, шахсий ёки гуруҳ манфаатларини кўзловчи «ўйин»лар тугайди.
Кучли оқим ҳамма иллатлар, иллат эгаларини қирғоққа улоқтиради...
Ҳа, бир кун шундай бўлиши муқаррар. Бу кунлар унча узоқ ҳам эмас. Умумдавлат миқёсидаги юқори лавозим эгаларининг коррупцияга алоқадор эканликлари фош этилаётган бир пайт футболимиз табиатига сингиб кетган таниш-билишчилик, шахсий манфаатни устун қўйиш, мухлислар хоҳиш-иродасини назар-писанд қилмаслик каби иллатлар ҳам бир четга супуриб ташланади.
Қанчалар ҳимояланмасин, тиришмасин, футболимиздаги коррупцион тизим ҳам узоқ яшамайди, яшолмайди. Пулнинг кучи, мансабнинг қудрати ҳозирча оқимнинг шиддати ва босимини енгиб, ундан устун келганча ўзига ишонган ҳолда мағрур-мағрур боқмоқда. Ҳаттоки, «Оқизасан-а, оқизасан! Пулдан, мансабдан ҳам устунмисан? Бекорларнинг бештасини айтибсан!» - дея оқимнинг устидан баралла кулмоқда. Оқимга шуниси алам қиляпти, оқим шунисига чидамаяпти.
Ҳа, сурбетлик тантанасига қарши амалда бирор чора тополмаслик ёки аллақандай ўй-хаёллар исканжасида чора излашдан ўзини тийиш оқимнинг улкан оғриғидир. Бир мураббийнинг «Теримиз эшакникидан ҳам қалин! Гап-сўзлар бизга таъсир ўтказолмайди. Қолаверса, болта тушгунча, тўнка дам олади!» - қабилида андишасизларча айтилган мулоҳазалари оқимнинг фиғонидир! Ана, Қувондиқ Рўзиев ва Икром Алибоев катта футболга не-не машаққатлар билан кириб келишганини жамоатчилик билди. Билмайдиганимиз қанча?
Газетамизнинг садоқатли мухлиси! Футболимиз жонкуяри Ғуломжон Ҳамидовнинг бир неча йил аввал изтироб билан айтган, лекин «Домла ошириб юборяпти!» - дея биз томонимиздан эътиборсиз қолдирилган сўзлари энди ёдимизга тушиб, барчамизни безовта қилмоқда. Аслида РОЗКда бўлажак футболчиларга сабоқ берган, бироқ адолатсизликларга қарши чиқавергани учун бир амаллаб коллеждан четлатилган Ғуломжон ака қабул жараёнидаги коррупция ҳақида, кўчада қолган ва изсиз кетган истеъдодлар тақдири хусусида сўзлайверса, очиғи, одамнинг эси оғиб қолади. «Наҳотки?» - дейсиз ишониб-ишонмай. Афсуски, фактлар ўжар бўлади. Қувондиққа раҳмат! У муаммоларнинг қалин пардасини салгина кўтарди, холос. Тушунган одамга шунинг ўзи етарли. Қани энди бошқа футболчилар ҳам у каби самимий ва ошкора сўзлай олишса...
Тўғри, Рўзимбой Аҳмедов ҳам бир қадар ҳақиқатнинг юзига тик қаради. Фақат у бу жараёнда мулоқот маданияти меъёрларини бузди ва шу боис чекинишга мажбур бўлди. Футболимиздаги муаммолардан ажабланиб, уларни тап тортмай айтган Андрей Канчельскисни ҳам кўп кўрдик. Нима деб ўйлайсиз, «Навбаҳор»нинг дуранглардан боши чиқмай қолишига фақат мураббий айбдорми? Балки бу ҳолатга унинг ўзи эмас, аксинча, футболимизнинг «паст-баланд»ларини билмаслиги ёки билса ҳам нафратга лойиқ бундай ишларни қабул қилолмагани асосий сабабдир. Назаримизда, у ҳакам ёки бир футболчи ҳам ўйин натижасига таъсир қилиши мумкинлигини юртимизга келиб билди.
Ёки сезди. Кейин уларга қарши курашишга кучи етмаслигини, кўзни шамғалат қилувчи ҳаракатларни исботлашга ожизлигини англади. Ажойиб ҳакамлар, маҳоратли мураббийлар, истеъдодли футболчилар вақти келганда «паст-баланд»лар билан ҳисоблашишлари уни лол қолдирган бўлса, ажабмас. Инкор этмаймиз, Каньчельскис «Навбаҳор»даги натижалар сабаб вазифасидан бўшатилди. Футболимизда эса натижалар ҳар доим ҳам соф рақобат эвазига қўлга киритилмаслиги кўпчиликка маълум.
Шу маънода россиялик мутахассис жамоа сифатида «Навбаҳор»ни, чемпионат кўринишида Суперлигани тушунмай кетди. У футболимиздаги мавжуд воқеликни бор бўйича тасаввур қилиб, тушунганида, эҳтимол, ақлидан айриларди. Эҳ, бечора собиқ «қизил иблис»! Кетишингда бир ҳикмат бор - буни биз билмаймиз.
Самвел Бабаяннинг айланиб келиб, «Локомотив» бош мураббийи лавозимига ўтирганига келсак, бу балки яхшиликкадир... Эҳтимол, ҳали «интрига»ни қайтаргани учун «Локо» раҳбариятига раҳмат айтармиз... Ҳар ҳолда, зўр «дуэл»лар юзага келмоқда: Арвеладзе - Бабаян, Абрамов - Бабаян, Қосимов - Бабаян... Тан олайлик, энди «Локо» ўйинларига қизиқиш анча ортади. Мухлислар ундан натижа кутишади, балки айримлар ютқазишини кутишар... Бабаяннинг ўзи ниманидир исботлашга ҳаракат қилади, албатта. Демак, кузатамиз, кутамиз.
Муҳтарам мухлис! Жамоасининг сафардаги илк ютуғидан сўнг Миржалол Қосимов лафз ҳақида сўзлади. Лафзи бўлса, мураббий ҳам, ҳакам ёки футболчи ҳам оқимга қарши сузишга интилмайди. Лафз бўлмаса, барчаси бекор. Ҳар қанча уринманг, лафзсиз одам сўзидан қайтаверади.
Кези келганда, пойтахт стадионларига мухлисларни оммавий тарзда боришлари кузатилмаётгани, аниқроғи, бу борада ижобий ўзгариш сезилмаётгани яна қайсар ва инжиқ, аммо адолатли оқимни эслатади. Бу оқимга қарши сузиш охир-оқибат пойтахт футболидаги маромни издан чиқаради. Бу қандай оқим ва у нимадан тўлғанмоқда, аразламоқда?
Жавоб Сизлардан, жаноб мутасаддилар!
Манба: www.interfutbol.uz “Замин” янгиликларини “Youtube”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Шимолий Корея Россияга узоққа зарба берувчи қуроллар юборди
Ким Чен Ин ҳарбийларни жанговар ҳолатда туришга чақирди
Рашида Толиб Конгресс аъзоларига «аччиқ ҳақиқат»нинг суратини кўрсатди
Эрон АҚШдан 1 трлн доллар компенсация талаб қилди
Туркия Исроил президенти самолётини ҳаво ҳудудига киритмади
Дунёнинг машҳур аёллари кунни қандай бошлайди?
Ўзи чой дамлайди ва суҳбатлашади: дунёдаги биринчи “ақлли” чойнак тақдим этилди (видео)
Омега-3 қандай қилиб озишга ёрдам беради?