18:24 / 12.09.2019
2 970

Азамат Абдураимов: "Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоасида ёши катта футболчилар бор эди..."

Азамат Абдураимов: "Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоасида ёши катта футболчилар бор эди..."
Ўзбекистон U-16 терма жамоаси 18-22 сентябрь кунлари Тошкентда Осиё чемпионати саралаш босқичида иштирок этади.
Вакилларимизга Ҳиндистон, Баҳрайн ва Туркманистон ўсмирлари рақиблик қилишади.
Терма жамоамиз устози Азамат Абдураимов ушбу саралаш баҳсларидан олдин бир қатор саволларга жавоб берди.

- Сўнгги йилларда Ўзбекистон ёшлар ва ўсмирлар терма жамоалари хатто Осиё чемпионатига ҳам чиқа олишмаяпти. Шу боис сизнинг жамоаингизда босим борми?
- Биздан олдинги ўсмирлар терма жамоаси Осиё чемпионатига чиқа олмагани туфайли ҳозир биз саралаш баҳсларида 2-саватчадан жой олдик. Ҳиндистон 1-саватчадаги жамоа бўлиб гуруҳимиздан жой олган. Айнан улар гуруҳ фаворити ҳисобланади. Бошқа томондан олиб қараганда агар олдинги ўсмирлар терма жамоаси Осиё чемпионатига чиқа олишганида биз фақат шу йил бошида йиғилардик. Қитъа чемпионатига чиқа олишмагани туфайли бизнинг жамоа ўтган йил ташкил этилди ва тайёргарлик учун кўпроқ вақт бўлди. Бу давр мобайнида мен терма жамоага номзод бўлган деярли барча футболчиларни кузатдим.

Терма жамоамиз Осиё чемпионатига чиқиш вазифасини бажаришимиз керак. Шогирдларим бунга тайёрлар. Мақсадимиз - гуруҳда биринчи ўринни олиб қитъа чемпионатига чиқиш. Олдинги ва ҳозирги ЎФА раҳбарияти фақат максимал вазифалар қўймоқда. Энг олий мақсад эса Жаҳон чемпионати. Балки бизда Естафеев жамоасида бўлгани каби ёрқин юлдузлар йўқдир, аммо жамоавий ўйин эвазига натижага эришишга ҳаракат қиламиз. Душанбе ва Москвадаги мусобақаларда йигитларда характер борлигини кўрдик.

- Москвада ўтган “Star Way” хотира турнирининг иккинчи турида Сербия билан ўйинда ҳакам сизга қизил карточка кўрсатди. Ўша вазиятда нима содир бўлганди?
- Афсуски ўсмирлар футболида ҳакамлик яхши даражада бўлмайди. Сабаби энди ҳакамликни бошлаётган ёшлар ишлашади. Сербия билан ўйинда бош ҳакам мени четлатди. Серблар жисмонан бақувват шу боис жуда кескин ўйнашади. Рақиб футболчиси қоида бузганида бутун мураббийлар штабимиз бунга эътибор қаратишни сўради. Бош ҳакам олдимга югуриб келди ва захира ҳакамининг гапига кўра менга қизил карточка кўрсатди. Эътиборлиси шундан кейин бу қарори хато бўлганини сезган шекилли сербиялик икки футболчига қизил карточка кўрсатди.

Четлатиш туфайли сўнгги турда Россия билан ўйинда захира ўриндиғида ўтира олмадим. Албатта бу нарса бизга панд берди. Сабаби руслар иккинчи таймда 10 киши бўлиб қолишди, уларнинг дарвозабони четлатилганди. Рақиб камчиликда қолганида қандай ҳаракат қилишни, қандай тактик ўзгаришлар кераклигини мен вақтида ёрдамчиларимга етказиб бера олмадим ва ўйин 0:0 ҳисобида тугади. Агар ўшанда захира ўриндиғида бўлганимда балки Россияни ҳам мағлуб эта олармидик.

- Ёзда Душанбеда Тожикистон билан ўртоқлик учрашувида 0:4 ҳисобида ютқазиб қўйганимиздан кейин сиз рақиб сафида ёши катта футболчилар бор деб айтгандингиз. Шунда ўзбек футбол мухлислари орасида Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоасида ҳам бундайлар борку деганлар кўп бўлди. Мана шу мухлисларга нима дейсиз?
- Тожикистон ўсмирлар терма жамоасида ёши катта футболчилар борга ўхшади дегандим. Ўтган йил Тошкентда ушбу жамоа CAFA мусобақасида иштирок этганди. Ўшанда биз Тожикистонни 3:0 ҳисобида мағлуб этгандик. Бу йил Тожикистон ўсмирлари сафида ўтган йил Тошкентга келган футболчиларни деярли кўрмадим. Оддий одам ташқаридан қараганда ёши катта футболчи экан деб ўйлайди. Менда ҳам шундай бўлди, улар кўринишидан ва жисмоний томонлама 16 ёшга ўхшамади.

Ўзбекистонда олдин ҳам ҳозир ҳам ўз ёшидан катта футболчилар бор ва бўлган. Бундай нарса бутун дунёда бор. Эрон, Тожикистон ва айниқса Афғонистон ўсмирлар терма жамоасида бундай футболчилар жуда кўп. Қайтараман бу шунчаки менинг фикрим, буни расман тасдиқлай олмайман. Ўзингиз ҳам футболчиларга қарасангиз ёши катта деб ўйлайсиз.

ЎФА анча йиллардан буён ёши кичиклаштирилган футболчиларга қарши курашиб келмоқда, уларни топиб жазолади ҳам. Демак бизда ҳам бундай иллат мавжуд. Тан олиб айтаман бизнинг жамоада ҳам бундай футболчилар бор эди, текширувлар натижасида уларни аниқладик ҳамда терма жамоадан четга чиқардик. Айни пайтда мен бошчилигимдаги Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоасида ёши кичиклаштирилган футболчилар қолмаган.

Нарзулла Сайдуллаев

Манба: championat.asia

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Азамат Абдураимов: "Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоасида ёши катта футболчилар бор эди..."