2 311
Драган Черан: "Математик жиҳатдан чемпион бўлганимизни ҳис қилсак, шунда муваффақиятни нишонлаймиз"
Бугунги кунда Ўзбекистон чемпионатида тўп сураётган энг кучли легионер ким деб сўраса, ҳамма бир овоздан «Пахтакор» ҳужумчиси – сербиялик Драган Черанни кўрсатишмоқда. Тан олайлик, «Насаф»дан «Пахтакор»га кўчиб ўтганидан кейин ушбу футболчи янада кучлироқ ўйин кўрсата бошлади ҳамда жамоанинг муҳим ўйинчисига айланди. Ҳақли тарзда у ўтган ойнинг энг яхши футболчиси деб топилди. Ҳозирда эса у 18 та ўйинда 22 та гол уриб яққол тўпурар бўлиб турибди.
Катта эҳтимол билан Черан бу мавсумда энг яхши тўпурар мақомини қўлга киритадигандек. Қолаверса, мухлислар, мутахассислар ва бошқа клуб вакиллари ҳам Чераннинг ўйинини алоҳида эътироф этишаётганини ҳам эшитиб келмоқдамиз. Шунингдек, у бир-биридан чиройли голлар уриш борасида нозик дид соҳиби эканлигини ҳам кўрсатиб келмоқда. Бир сўз билан айтганда, Черан Ўзбекистон чемпионатидаги энг яхши хорижлик ўйинчи мақомига ҳар томонлама мос тушмоқда. Куни кеча «Пахтакор» клубининг матбуот хизмати ёрдамида ушбу футболчи билан суҳбатлашдик.
- Кўпчилик сизни чемпионатимиздаги энг яхши легионер деб ҳисоблашмоқда. Бундай эътиборга муносабатингиз қандай?
- Бу саволга нима деб жавоб беришни ҳам билмайман. Агар улар шундай деб ўйлашаёган бўлса ва уларга ўйиним манзур бўлаётган бўлса, у ҳолда мен ўзимни жуда бахтиёр ҳис қиламан. Шунинг учун мен ҳам футбол ўйнаяпман ва бундан кейин ҳам бор кучим билан ўйнашда давом этаман.
- Сиз 22 та гол билан яққол тўпурар бўлиб турибсиз. Бундай сермаҳсул ўйин кўрсатишингизнинг боиси нимада? Масалан, тўпурар бўлишингизга ҳамма ишоняпти, сиз ҳамми?
- Ҳа, мен аллақачон 22 та гол уришга улгурганман. Аммо бу биргина менинг меҳнатим эмас, балки бутун жамоамнинг ҳиссаси катта деб айтган бўлардим. Жамоамиздаги барча футболчилар юқори савияда ўйин намойиш этаётганликларини алоҳида айтишим керак. Қисқаси, бизда жуда яхши ўйинчилар ва шу билан бир қаторда ажойиб жамоа бор. Табиийки, шунга яраша бизда муҳит ҳам аъло даражада. Назаримда, шундай омиллар учун ҳам кетма-кет голлар ураётгандирман.
- Драган, ёшлигингиз қандай ўтган? Футболга қизиқишингиз қандай бошланган?
- Мен футбол ўйнашни 6-7 ёшимдан бошлаганман. Эсимда, болалик чоғларимда кўча-куйда ўртоқларим билан биргалашиб тўп тепиб юрардим. Қисқа қилиб айтганда, мен мана шу сабабли ҳам футболга қаттиқ қизиқиб кетганман ва футболчи бўлиб етишдим.
- «Насаф» ҳамда «Пахтакор»даги фаолиятларингизга тўхталсак, ўзига яраша фарқ қилади. Сизнингча, Арвеладзе очилмаган қирраларимни янада очяпти деб ўйлайсизми?
- Биласизми, «Насаф» клубидаги фаолиятим мен учун жуда катта мактаб бўлди. Яхши биласиз, бу менинг Ўзбекистондаги илк жамоам ҳисобланади. Шуни айта оламанки, «Насаф»га борган пайтимда клуб мени жуда илиқ қарши олганди. Бемалол айтишим керакки, у ерда ўзим учун жуда ҳам муҳим бўлган даврни ўтказдим. Шунга яраша биз ҳам яхши ўйинлар кўрсатганмиз десам муболаға бўлмайди. Табиийки, бизда яхши жамоа ҳам йиғилганди. Лекин шундай бўлса-да, менинг ўйлашимча, жамоамиз чемпионлик учун унчалик ҳам кураша олмасди.
Мен эса муҳитни ўзгартириш кераклигини ҳис қила бошладим. «Пахтакор»га ўтганимдан кейин эса мен қандайдир ўзгариш юз беришини кутдим. Шота – бу ажойиб инсон ва кучли мураббий. Арвеладзедан кўп нарсаларни ўрганиб боряпман. Шуни тушуниб етдимки, у билан юқори чўққиларни забт этиш мумкин. Бундай жамоа билан ўзимни янада яхшироқ кўрсатишга ҳамда муваффақият қозонишга ҳаракат қиляпман. «Пахтакор»да соврин ютишни хоҳлайман ва айнан шунинг учун ҳам курашаман.
- «Пахтакор» катта фарқ билан пешқадамлик қилмоқда. Шундай экан, чемпионликни қўлга киритишингларга шубҳа қилмаяпсизми?
- Биз айниқса, паслар орқали ўйин кўрсатиш бўйича кучлимиз. Ўйлайманки, ўйиндан-ўйинга янада кучайиб боряпмиз. Шунинг учун ҳам биз соврин сари босқичма-босқич қадам ташлаяпмиз. Биз қачонки ўзимизни математик жиҳатдан чемпион бўлганимизни ҳис қилсак, шундан кейингина муваффақиятни нишонлашимиз мумкин. Унгача эса хушёр бўлишимиз ва яна бироз кутишимизга тўғри келади.
- Айтинг-чи, чемпионатимиздаги қайси легионерларнинг ўйинларини кузатасиз ва сизга ёқади?
- Барча хорижлик ўйинчиларни яхши деб айтган бўлардим. Улар шунинг учун ҳам шу ерда ўйнашяпти. Ҳамма сербияликларни ҳурмат қиламан ва уларни яхши савиядаги футболчилар деб биламан. Кўриниб турибдики, легионерларнинг барчаси кучли ўйнашга ҳаракат қилишяпти.
- Агар сизга Ўзбекистон фуқаролиги берилиб, терма жамоамиз учун ўйнаш таклиф қилинса, бунга қандай қарайсиз?
- Айни пайтда бу жуда қийин савол. Ўзбекистон терма жамоасида жаҳон чемпионатига чиқиш учун жуда яхши салоҳият бор. Шунингдек, жамоанинг яхши ўйинчилари ҳам бор. Шу боис мен буни амалга ошиб бўлмайдиган иш деб ҳисобламайман. Ҳар доим энг яхшисига умид ва ҳаракат қилиш керак.
- Яқинда «Пахтакор» билан шартномангизни икки йилга узайтирдингиз. Айтинг-чи, «Пахтакор» сиз учун идеал клубми?
- Ҳа, тўғри мен клуб билан шартномамни узайтирдим ва бундан жуда хурсандман. Ўйлайманки, бундан «Пахтакор» ҳам, мен ҳам ютдим. Бемалол айта оламанки, мен шартномамни узайтириб энг тўғри қарорга келдим деб ҳисоблайман.
- Қайси таомни ёқтирасиз?
- Мен ошни жуда яхши кўраман.
- Тошкентда борадиган энг севимли жойингиз қаер?
- Биласизми, мен кўп вақтимни боғда оилам билан бирга сайр қилиб ўтказаман. Шунинг учун ҳам машғулотдан кейин у ерга бориб дам олиш энг тинч жой деб ўйлайман ва бу менинг энг севимли ишим бўлса керак.
- Ҳар бир футболчининг орзуси бор. Чераннинг орзуси нима?
- Менинг мақсадим ҳар доим тўғри сўз инсон бўлиб қолиш, бошқаларни ҳурмат қилиш, масъулиятли ота бўлиш. Мен шуларга ҳаракат қиламан.
Шуҳратбек Жўраев
Манба: Sports.uz “Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Ўзи чой дамлайди ва суҳбатлашади: дунёдаги биринчи “ақлли” чойнак тақдим этилди (видео)
Омега-3 қандай қилиб озишга ёрдам беради?
Apple донгдор икки айфонини расман эскирган деб эълон қилди
Россиялик депутат: «Олий маълумотлиларнинг курерлик қилиши — ватанпарварликка зид»
20 ёшли ўзбекистонлик қизни қариндоши Туркияга сотиб юборди
Хатолар ва мағлубиятлар... улар кечириладими?
Энди операциядан сўнг кесмалар ўрни икки баробар тезроқ битиши мумкин
Ким Чен Ин ҳарбийларни жанговар ҳолатда туришга чақирди