22:53 / 17.10.2019
2 274

Санжар Қувватов ҳамкасби Суюновни мақтади, Нестеровни эса Нойерга тенглаштирди

Санжар Қувватов ҳамкасби Суюновни мақтади, Нестеровни эса Нойерга тенглаштирди
Ўзбекистон терма жамоаси ва "Пахтакор" дарвозабони Санжар Қувватов Сингапурга қарши ЖЧ-2022 саралаш баҳсидан сўнг Игнатий Нестеровни Мануэль Нойерга тенглаштирди.
- Ўзбекистон - Сингапур ўртасидаги учрашув ҳақида қайндай фикрдасиз?
- Вазиятлар бўйича таҳлил қилсак, устунлик биз томонда бўлди. Агар вазиятлардан унумли фойдаланганимизда бунчалик қийналмаган бўлардик. Лекин футбол шуниси билан қизиқ. Ҳаяжон, ҳавотир каби туйғулар футболни янада чиройли кўрсатади. Сингапур бизга қарши яхши тайёрлангани кўриниб турди.

- Дарвозабонсиз. Бу учрашувда урилган тўртта голларда посбонларнинг айби бормиди?
- Ўтказилган голларда посбонларнинг айби минимал деб ўйлайман. Тинимсиз ҳужумлардан оқибатида барибир гол қўйиб юборасиз. Терма жамоамиз ҳужумда жуда яхши ҳаракат қилди. Элдор Шомуродов бош билан зарба бериши ва бирга-бирдан гол уриши дарвозабоннинг айби эмас. Одил Аҳмедов ижросидаги жарима зарбасига келадиган бўлсак, кипер позиция танлашда адашди. У яқин бурчакни ёпишга уриниб, ўша томонга ҳаракатланди ва Аҳмедовнинг айёрона зарбасини қайтара олмади. Элдор ҳақида тўхталадиган бўлсак, битта вазиятда у жамоани муқаррар голдан қутқариб қолди.
Тўп Суюновга ва устунга тегиб, майдонни тарк этди. Дарвозабоннинг даражаси шу ерда билинади. Кўп вазият бўлмайди, аммо посбон муҳим паллаларда муваффақиятли ўйнаса бошқа футболчилар ишонч билан, қўрқмасдан ҳаракат қилишади. Агар Элдор ўша вазиятда гол қўйиб юборганда, баҳс умуман бошқача ҳисобда якунланиши мумкин эди. Голга келадиган бўлсак, бош билан зарба бўлаётганда тўп қайси томонга кетишини билмайсиз. Суюнов имкони борича ҳаракат қилди, бироз қўли етмади. Голларда посбонларнинг катта хатоси йўқ деб ўйлайман.

- Сўнгги савол. Айни дамда дунёнинг энг кучли дарвозабони ким?
- Менимча (ўйланиб)... Футболда яхши посбонлар кўп ва мен ўзимга ёқадиганини айтмоқчиман. Мен Марк-Андре тер Штегеннинг ўйинларини қизиқиб томоша қиламан. Касильяс ҳам ёқарди, бироқ у фаолиятини якунлади.

- Тер Штеген деганингизга яна бир савол беришга қарор қилдим. Матбуотни кузатиб бораётган бўлсангиз тер Штеген ва Мануэль Нойер Германия терма жамоаси асосий таркиби борасида бироз тортишиб қолишди. Эсингизда бўлса, ЖЧ-2018гача Мануэль Нойер жароҳатда эди, бироқ бош мураббий бутун мавсум яхши ўйнаган "Барселона" дарвозабонини эмас, Нойерни асосий таркибда майдонга туширди.
- Лёв жуда тажрибали мураббий. Нойер эса жаҳоннинг энг кучли дарвозабонларидан бири. Германияда Нойер тирик афсона бўлса, бизда Игнатий Нестеров. Нестеров формага қайтиши ва яна терма жамоага чақирилиши учун 2-3та ўйин етарли. Тер Штеген нотўғри иш қилган. Посбон "мен асосий дарвозабон бўлишим керак" демаслиги лозим. Чунки ҳаммасини бош мураббий ҳал қилади. Тер Штегенни Нойердан кучли дея олмайман. Мануэлда камдан-кам посбонларда бўладиган қобилият бор. Унинг реакцияси кучли, эгилувчанлиги яхши, оёқда ва қўлда ажойиб ҳаракат қилади. Ҳар тарафлама кучли. Лёв Нойерга ишонч билдирди. "Бавария" посбони эса унинг ишончини оқлади.

- Лёв ва Нойерга боғлиқ савол. Мураббийларнинг севимли футболчиси бўладими?
- Германияда бундай бўлмаса керак. Ким зўр бўлса ўша ўйнайди. Масалан, икки дарвозабон ҳар тарафлама кучли. Бироқ танлашга келганда мураббий майда деталларга ҳам эътибор беради. Агар уларнинг бири футболчиларга айтиб туришда бироз устун бўлса, мураббийлар ўшани майдонга туширади. Менимча, футболда "севимли ўйинчи" деган нарса йўқ.

Манба: Championat.asia

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Санжар Қувватов ҳамкасби Суюновни мақтади, Нестеровни эса Нойерга тенглаштирди