Мануэль Нойер Германия кубоги финалини ўтказиб юборади

Мюнхеннинг Бавария жамоаси дарвозабони Мануэль Нойер чап болдиридаги мушак жароҳати туфайли ВфБ Стуттгартга қарши бўлиб ўтадиган Германия кубоги финалида иштирок эта олмайди. Клуб жума куни эрталаб Нойер жамоани қўллаб-қувватлаш учун Берлинга боришини, бироқ майдонга тушишга тайёр эмаслигини тасдиқлади. Бу ҳақда Goal.com хабар беради.
Sky нашри хабарига кўра, дарвозабоннинг тикланиш жараёни яхши кетмоқда, бироқ кичик хавф ҳали ҳам мавжуд. 40 ёшли посбон олдинда турган Жаҳон чемпионатини ва Германия терма жамоасидаги асосий ўрнини ҳисобга олиб, таваккал қилмасликка қарор қилди. Унинг ўрнини финалда яна Жонас Урбиг эгаллайди.
22 ёшли захира дарвозабони учун бу жорий мавсумдаги 20-ўйин ва фаолиятидаги энг муҳим баҳс бўлади. Мануэль Нойер жорий мавсумда мушак толалари узилиши сабабли декабрь, феврал ва март ойларида ҳам сафдан чиққан эди. Бундеслига сўнгги турида 1. ФК Кёлн устидан қозонилган 5:1 ҳисобидаги ғалаба вақтида у эҳтиёт чораси сифатида алмаштирилган эди.
Эътиборлиси, жароҳатига қарамай, Мануэль Нойер ўтган якшанба куни Бавария билан шартномасини 2027-йилгача узайтирди. Шунингдек, пайшанба куни мураббий Нагельсманн уни Шимолий Америкада бўлиб ўтадиган Жаҳон чемпионати учун Германия терма жамоасининг кенгайтирилган таркибига киритди.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!