23:40 / 11.12.2019
3 002

WBC янгиланган рейтингида 8 нафар ўзбекистонлик боксчи жой олди

WBC янгиланган рейтингида 8 нафар ўзбекистонлик боксчи жой олди
Бутунжаҳон бокс кенгаши (WBC) ноябрь ойи учун профессионал боксчиларнинг янги рейтингини эълон қилди. Унга кўра, ўзбекистонлик саккиз нафар боксчи мазкур рейтингдан ўрин эгаллади. Бу ҳақда GoSport.uz нашри хабар бермоқда.

Аҳамиятли томони, ярим ўрта (-66,68 кг) вазн тоифаси вакили Қудратилло Абдуқаҳҳоров (17-0, 9 КО) янги рейтингда бир ой олдинги ўрнидан бир поғона юқорилаб 4-ўринга кўтарилиб олди. Айни вақтда у IBF рейтингида биринчи, WBO рейтингида эса 10-ўринларни эгаллаб турибди.

Супер ўрта (-76,2 кг) вазн тоифасида рингга кўтарилаётган ўзбекистонлик Азизбек Абдуғофуров (13-0, 5 КО) эса олдинги поғонасини сақлаб қолган ҳолда 2-ўринда бормоқда. У ҳамон WBC Silver камари соҳиби сифатида кўрсатилмоқда.

Рейтингнинг халқаро миқёсида тан олинган Топ-15 лигида бошқа ўзбекистонлик боксчилар жой олмаган. Аммо WBC бошқа рейтинглардан фарқли равишда 40 кишидан иборат рейтингни тузиб чиқади. Мазкур кенгайтирилган рейтингда яна олти нафар ўзбек боксчиси эътироф этилган.

WBC кенгайтирилган рейтингидан илк марта Ҳасанбой Дўсматов (1-0, 1 КО) ҳам ўрин олди. Дўсматов ўтган ойда дебют жангида иштирок этиб ғалаба қозонгани эвазига WBC томонидан 34-ўринга муносиб кўрилди.

Супер енгил (-63,5 кг) вазн тоифасида рингга чиқаётган Шаҳрам Ғиёсов (9-0, 7 КО) эса яна бир поғона юқорилаб 21-ўринда қайд қилинган бўлса, супер ярим ўрта (-69,85 кг) вазн тоифасида рингга чиқаётган Исроил Мадримов (4-0, 4 КО) ўтган ойдагидан бир поғона юқорилаб 33-ўриндан жой олган.

Супер енгил (-63,5 кг) вазн тоифасининг яна бир вакили Шоҳжаҳон Эргашев (17-0, 15 КО) эса бу ойда иккита ўрин пастлаб, 30-поғонани банд этиб турибди. Мазкур вазннинг яна бир вакили WBC Asia чемпионлик камари соҳиби Анвар Туропов эса (5-1, 4 КО) бир поғона пастлаб 40-ўринда қайд қилинган.

Шунингдек, янгиланган рейтингда ўта оғир (+90,7 кг) вазн тоифаси вакили Баҳодир Жалолов (6-0, 6 КО) 39-ўринни сақлаб қолган.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » WBC янгиланган рейтингида 8 нафар ўзбекистонлик боксчи жой олди