20:20 / 20.12.2019
2 956

Арвеладзе Барселона, Бердиев Туркия, Абрамов Москвада. Мураббийлар таътилда нима билан банд?

Арвеладзе Барселона, Бердиев Туркия, Абрамов Москвада. Мураббийлар таътилда нима билан банд?
Ўзбекистонда 2019 йилги футбол мавсуми ниҳоясига етгач, барча клублар таътилга чиқишди. Суперлига клубларининг аксарият мураббийлари ҳам қишки танаффусни хорижда ўтказишмоқда. Tribuna.uz сайти барча клублардан маълумот тўплаб, мавсум тугагач, мураббийларнинг таътилни қаерда ва қандай ўтказаётгани билан қизиқди.

Шота Арвеладзе Барселонада
Ўзбекистоннинг амалдаги чемпиони ва кубоги соҳиби Тошкентнинг «Пахтакор» клуби бош мураббийи Шота Арвеладзе таътилни Европада ўтказмоқда. Грузиялик мутахассис ва унинг ўғли чоршанба куни Каталониядаги «Камп Ноу» стадионида ўтган «Барселона» - «Реал» (0:0) ўйинини ўйингоҳнинг ўзидан томоша қилишди. Испанияда таътилда бўлган Арвеладзе “инстаграм”даги саҳифасида «Эль-Класико»дан расм жойлаган. Хорижлик мураббий янги йил байрамидан кейин Тошкентга қайтиши режалаштирилган.

Бабаян Хитойда, Фёдоров Москвадан келди
Якунланган мавсумда Суперлигада 2-ўринни эгаллаган «Локомотив» клуби чемпионат тугаганидан сўнг бош мураббий Самвел Бабаян билан хайрлашди. Миллий жамоамиз собиқ бош мураббийи Хитойнинг «Чаньчунь Ятай» клубида иш бошлаганлигини эълон қилди. Янги мураббий сифатида «Локомотив»га яна қайтарилган Андрей Фёдоров эса 20 декабрь куни Москвадан Тошкентга қайтди. «Темирйўлчилар» устози январдаги ОЧЛ саралаш баҳсларига тайёргарликни бошлади.

Вадим Абрамов Москвада
Ўзбекистон миллий жамоаси ҳамда «Бунёдкор» клуби бош мураббийи Вадим Абрамов ҳам қишки таътилни хорижда ўтказмоқда. 57 ёшли мураббий оғир мавсумдан кейин Россия пойтахти Москвада соғлиғини тиклаш билан банд. «Бунёдкор» клуби январь ойидан ОЧЛ саралаш баҳсларига киришиши боис, клуб янги мавсумга тайёргарликни бошлаб юборган. Вадим Карленович 20 декабрдан кейин Тошкентга қайтади.

Бақоев Қозоғистон ва Таиландга бориб келди
2019 йилги мавсум кашфиётига айланган «Сўғдиёна» клуби чемпионат охирига қадар ОЧЛ йўлланмаси учун кураш олиб борди, аммо якунда йўлланма «Бунёдкор»га насиб этди. Шунга қарамай, Улуғбек Бақоев бошқарувига ўтиб, бутунлай бошқа жамоага айланган Жиззах клубининг совринли ўринлар учун курашиши таҳсинга сазовор натижадир. Танаффус пайтда Тошкентда ташкил этилган «Про» лицензияси учун ўқув-семинарида иштирок этган Бақоев, лицензия мажбурияти доирасидаги хориждаги малака оширишни Қозоғистонда ўтади. Муваффақиятли мавсумдан кейин эса Улуғбек Бақоев Таиландда бўлиб, бир ҳафта давомида ҳордиқ чиқариб қайтди.

Андрей Шипилов Санкт-Петербургда
«Металлург» клуби учун ҳам мавсумни муваффақиятли ўтди, дейиш мумкин. Бекободликлар 16 йил давомида кучли бешликка яқинлаша олмагандилар, сўнгги икки мавсумдан буён эса Андрей Шипилов қўл остида кетма-кет 5-ўриндан жой олишмоқда. Россия фуқаролигига эга мутахассис айни дамда Санкт-Петербургдаги уйида қишки таътилни ўтказмоқда. «Маъданчилар» январь ойи бошидан янги мавсум тараддудини бошлашади.

Владимир Андреев Термизда
Мавсум дебютанти саналмиш Термизнинг «Сурхон» клуби узоқ йиллик танаффусдан кейин Суперлигага қайтиб, 6-ўриндан жой олди. Клуб бош мураббийи Владимир Андреев қишки танаффусни Термизда, оиласи даврасида ўтказмоқда. Жамоа январь ойидан тайёргарликни бошлайди.

Рўзиқул Бердиев Истанбулда бўлди
Қаршининг «Насаф» клуби мавсумни ўзи учун муносиб бўлмаган 7-ўринда якунлади. Аммо жамоанинг бу йилги имконияти, қолаверса, Рўзиқул Бердиевнинг жорий мавсумда ҳам асосий эътиборни маҳаллий ёш кадрларга қаратганини инобат оладиган бўлсак, жамоанинг бу натижаси танқидга муносиб эмас. Ўз устида ишлашни тўхтатмаётган Рўзиқул Бердиев Тошкентда ташкил этилган «Про» лицензияси учун ўқув-семинарида иштирок этгач, иккинчи босқичдаги малака оширишни қишки таътилда Туркияда ўтаб қайтди. Истанбулнинг «Касимпашша» клубида амалиёт ўтаган Бердиев жамоанинг 8 декабрь кунги «Бешикташ» клубига қарши учрашувини ҳам стадиондан кузатди. Дарвоқе, Туркиядаги сафар давомида «Пахтакор» мураббийи Жасур Абдураимов ва спорт директори Жаъфар Ирисметов ҳам Рўзиқул Саъдуллаевич билан бирга малака ошириб қайтишди.

Миржалол Қосимов Тошкентда сайлов билан банд
Миржалол Қосимов бошчилигида йил бошида ОЧЛ саралашида иштирок этган ОКМК клубининг мавсум якунида Суперлигада 8-ўринни эгаллаши, ўзбек футболи афсонаси саналмиш мураббийнинг фаолиятидаги энг ёмон натижадир. Миржалол Қўшоқович мавсумдан кейин кўпчилик мураббийлар қатори хорижга чиққани йўқ, аксинча, кутилмаганда сиёсат билан ҳам шуғулланишни истаган кўринади. Миржалол Қосимов 22 декабрь кунги сайловларга тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати - Ўзбекистон либерал-демократик партиясидан Тошкент шаҳар кенгаши депутатлигига номзод этиб кўрсатилган. Мураббий футболдан ташқари вақтини сайловдаги фаоллик билан ўтказмоқда.

Андрей Канчельскис Москвада
Ҳозирги имкониятидан келиб чиқилса, «Навбаҳор» ушбу мавсумда кутилганидан паст натижа – 9-ўринни эгаллади. Декабрь ойидан жамоа таътилга чиққач, янги мавсум учун клуб бош мураббийи масаласи очиқ турганди. Клуб раҳбарияти Андрей Канчельскис билан тузилган шартномада истеъфо учун бадал тўлови катта маблағни ташкил этишини инобатга олиб, янги мавсумда ҳам россиялик мутахассисни лавозимида қолдирди. Канчельскис айни дамда Россияда қишки таътилни ўтказмоқда. Мураббий янги йил байрамидан кейин Ўзбекистонга қайтади.

Александр Хомяков Россияда
Мавсум дебютанти «Андижон»ни иккинчи давра олдидан қабул қилиб олган россиялик мутахассис Александр Хомяков ўз олдига қўйилган вазифа – жамоани лигада олиб қолишни уддалади. Қишки танаффусни мураббий ўз ватанида ўтказмоқда. Янги мавсум тайёргарлиги январь ойидан бошланади.

Бахтиёр Ашурматов Тошкентда
Қўқон футболи тарбияланувчиси бўлган Бахтиёр Ашурматов яқинда «Қўқон-1912» клуби бош мураббийи этиб тайинланди. 43 ёшли мутахассис сентябрь ойида «Сурхон» клубини тарк этгач, уч ой давомида дам олишга улгурди. Шу боис мураббий Тошкентда ҳозирдан янги клубининг янги мавсум режаларини тузиш билан банд.

Ҳамид Актамов Туркияга бўлиб қайтди
Навоийнинг «Қизилқум» клуби учун 2019 йилги мавсум осон кечмади. Клубдаги муаммолар боис, жамоа барқарорликка эриша олмади. Бош мураббий Ҳамид Актамов жамоасининг Суперлигадаги ўрнини қийинчилик билан сақлаб қолгач, «Про» лицензияси учун амалиётни Туркияда ўтаб қайтди.

Муҳсин Муҳаммадиев Тожикистонга бориб келди
«Бухоро» клубини Суперлигада зўрға олиб қолишга эришган тожикистонлик мутахассис Муҳсин Муҳаммадиев ватанида дам олиб қайтгач, 17 декабрь куни ЎФА 1-вице-президенти Равшан Эрматовнинг Бухородаги ташрифи давомида у билан учрашган. Клуб раҳбарияти иштирокида ўтган учрашувда вилоятда футболни ривожлантириш масалалари атрофлича ўрганилган.

Тачмурод Агамуродов Туркманистонда
Мавсумнинг сўнгги турига қадар «Динамо»ни Суперлигада олиб қолишга уринган Тачмурод Агамуродов, ўз жамоаси билан турнир жадвалида «Бухоро» ва «Қизилқум» сингари 24 очкодан тўплаган бўлса-да, ўзаро ўйинлардаги натижа сабаб аламли тарзда қуйи лигага равона бўлди. Мавсум якунлангач, туркманистонлик мутахассис ўз ватанига жўнаб кетди. Мураббий декабрь ойи якунида Ашхободдан Тошкентга қайтиб келади.

Усмон Ибодов тайёрлади.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Арвеладзе Барселона, Бердиев Туркия, Абрамов Москвада. Мураббийлар таътилда нима билан банд?