08:10 / 28.12.2019
3 655

Жасур Жалолиддинов: Индзаги менга кўп гапирди, аммо унинг сўзларини яхши тушуна олмадим

Жасур Жалолиддинов: Индзаги менга кўп гапирди, аммо унинг сўзларини яхши тушуна олмадим
Иқтидорли футболчи Жасур Жалолиддинов Ўзбекистоннинг 2019 йилдаги энг яхши ёш футболчиси деб эътироф этилди. Очиғи, у бундай номга ҳар томонлама муносиб эди. Ўзи эса яқинда Италиянинг «В» серияси иштирокчиси «Беневенто» клубининг йиғинларида қатнашиб келди.

Таниқли футболчи бўлган ва ҳозирда бош мураббийлик қилаётган Филиппо Индзагининг эътиборини тортгани учун ҳам Жалолиддиновнинг ҳаракатларини шахсан ўз кўзи билан кўриш мақсадида машғулотларига таклиф қилишганди. Шунга мувофиқ ҳамюртимиз у ерда бир неча кун мобайнида ўзини кўрсатишга ҳаракат қилди. Шу сабабли Жасур билан суҳбатда бўлдик. Дастлаб йилнинг энг яхши ёш футболчиси бўлгани билан табрикладик.

- Жасур сизни Ўзбекистоннинг энг яхши ёш футболчиси деган номга сазовор бўлганингиз билан табриклайман. Мавсум давомида сиз ҳақингизда кўплаб ижобий фикрлар айтилди. Шундай экан, якунда мана шундай совринга эга чиқишингизни кутганмидингиз?
- Тўғриси, буни кутмагандим. Лекин, яширмайман, шундай бўлишига умид қилгандим ва хоҳлагандим. Ўтган йили ҳам номзодлар орасига кирганимда совринни қўлга киритишни жуда истагандим. Мана, бу йил шунга эришдим. Бу борада менга клубдаги акаларим, мураббийларим катта ёрдам беришди. Агар бошқа жамоада ўйнаганимда бу совринни юта олармидим ё йўқми, очиғи билмадим.

- Якунига етаётган 2019 йилдан қанчалик даражада қониқдим деб айта оласиз?
- Ҳаммаси яхши бўлди. Олдимга қўйилган вазифалар бажарилди деб ўйлайман, жамоам томонидан ҳам, ўзим томонимдан ҳам.

- Энди Италия сафари ҳақида сўрамоқчиман. «Беневенто» клубининг йиғинларида қатнашиб келдингиз. У ерда сизни қандай қарши олишди, умуман сизда улар қанақа таассурот қолдиришди?
- Мени яхши кутиб олишди. Дастлаб мени ҳамма нарса билан таништириб чиқишди. Стадион, база, ходимлар, умуман ҳаммаси билан. Шундан кейин жамоанинг машғулотларида қатнашишни бошладим. Адашмасам, машғулотларимизни видеога ҳам олишди. Тушунишим бўйича улар мен ҳақимдаги қарорларини энди маълум қилишади. Ҳозир эса уларда чемпионат баҳслари давом этяпти. Яқинда биринчи давра тугайди. Шундан сўнг қандай қарорга келишганини етказишади. Таассуротларим яхши. Барибир бу Европанинг топ-бешликдаги чемпионати эканлиги кўриниб турибди. Таққослаб бўлмайдиган даражада уларда футбол кучли десам ҳам бўлади.

- Айтинг-чи, уларнинг машғулотидаги асосий эътибор нимага қаратилар экан? Уларга мослашишингиз сиз учун мураккаб кечмадими?
- Машғулотлар ҳақида гапирадиган бўлсам, очиғи уларнинг асосий эътибори жисмоний томонга қаратилади. Гарчи футболчилари техника томондан у қадар кучли бўлишмаса-да, лекин жисмоний тарафдан бу борада улар анча устун. Шунинг учун уларнинг ўйинчилари бу борада барқарор ўйнай олишади. «Беневенто»нинг ёшлар жамоасидаги машғулотларига ҳам бордим. У ерда ҳам асосан жисмоний томонга эътибор қаратилар экан. Албатта, бу жамоага киришиб кетишим қийин бўлмади.
Менга фойда бўлган томони шундаки, бу у ердаги барча ўйинчиларнинг профессионаллиги билан боғлиқ. Чунки клубдаги биринчи машғулотимдан сўнг ўзимни гўёки «Беневенто»да бир-икки ойдан бери шуғулланиб юрган ўйинчидек ҳис қилдим. Чунки футболчилари билан ҳам яхши киришиб кетдим. Мени жамоа аъзосидек қабул қилишди ва ҳамма билан бўлгани каби илиқ муносабатда бўлишди. Шу боис бу борада машғулотларда қийин бўлмади.

- Жамоа бош мураббийи Филиппо Индзаги билан мулоқотингиз қандай кечди? Унинг машғулотлари жиддий эканми? Умуман, мураббий сифатида сизда қандай таассурот уйғотди?
- Кўриниб турибдики, мураббий машғулотларда эҳтиросларга жуда берилиб кетади. Кучли мутахассис. Ўзи таниқли футболчи бўлгани учун ҳам ҳамма нарсани яхши тушунади. Тўғрисини айтсам, тил масаласида катта муаммо бўлди десам ҳам бўлаверади. Уларда шундай эканки, мураббий футболчиларга айтадиган гапларини айтар экан, аммо кўрсатмаларини тушунасизми-йўқми, бу сизнинг муаммоингиз экан. Очиғи, Индзаги менга кўп гапларни гапирди-ю, аммо унинг нималар деганини тушуна олмадим. Мен итальянчани билмаслигим боис унинг сўзларини билмай қолдим. Чунки таржимон майдонда бўлмасди, шунга ўша пайтларда менга қийинроқ бўлди.

- Сизга сафарингиз давомида алоҳида таржимон бириктирилганмиди?
- Таржимон бор эди, мен билан бирга юрди. Аммо уларнинг машғулот жараёнлари ниҳоятда ёпиқ тарзда ўтказилар экан. Ҳаттоки, ўйиндан бир кун олдин мени ҳам машғулотларга қўйишмади. Чунки барча эътибор ўйинга қаратилган. Шундай пайтда ёшлар жамоасига бориб машғулотларда қатнашиб турдим. Таржимон майдон атрофига қўйилмаганлиги сабабли ҳам Индзагининг гапларини умуман тушуна олмадим. Агар ҳаммаси ҳал бўлса, итальянчани ўрганиш ниятим бор.

- У ердан кетаётганингизда сизга нималар дейишди?
- Техник томондан яхши фикр билдиришди. Аммо жисмоний тарафдан анча орқада эканлигимни ҳам таъкидлашди. Лекин Италияга бормасимдан олдин ҳам жисмоний томондан улардан орқада эканлигимни билардим. Тўғриси, ҳозир бирор нима дея олмайман. Лекин қўлимдан келган ҳамма нарсани қилдим. Менимча, улар ҳамма нарсани ҳисобга олиб, кейин якуний қарорини айтишса керак. Бу борада «Бунёдкор» билан ҳам гаплашишса ажаб эмас.

Шуҳратбек Жўраев

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Жасур Жалолиддинов: Индзаги менга кўп гапирди, аммо унинг сўзларини яхши тушуна олмадим