11:18 / 22.01.2020
3 013

Ўзбекистон ҳукумати футбол клубларига алоқадор янги қарор қабул қилади

Ўзбекистон ҳукумати футбол клубларига алоқадор янги қарор қабул қилади
Футбол клубларининг ҳуқуқий мақомини белгилаш ва уларга қўлланадиган солиқ ва божхона имтиёзларидан самарали фойдаланиш механизми тўғрисида ҳукумат қарори қабул қилинади.

Муҳокама учун жойлаштирилган ҳужжат лойиҳасига кўра, футбол клубларига солиқлар, божхона ва мажбурий тўловларни бюджетга тўлаш бўйича берилган имтиёзларни расмийлаштириш ва бухгалтерия ҳисобида акс эттириш амалдаги қонун ҳужжатлар талаблари асосида тартибга солинади.

Футбол клубларининг мақоми
Футбол клублари Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқ белгиланган тартибда ҳар қандай ташкилий-ҳуқуқий шаклда тузилиб, давлат рўйхатидан ўтказилади.

Футбол клублари юридик шахс сифатида Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонун ҳужжатлари ҳамда ўз таъсис ҳужжатларига асосан фаолиятини Республиканинг барча ҳудудларида ташкил этиш ва юритиш ҳуқуқига эга.

Футбол клублари Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқ зарур мутахассисларни, шу жумладан чет эллик мутахассисларни ишга жалб қилишга ва ходимлар меҳнатига хақ тўлаш шакллари, тизими, миқдори ва турини, шунингдек бошқа даромад турларини ихтиёрий белгилашга ҳақлидир.

Ҳар қандай футбол клуби ўз фаолиятини ҳаваскор ёки профессионал даражада олиб бориши мумкин.

Футбол клублари таъсисчилари (иштирокчилари) Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонун ҳужжатлари ҳамда ўз таъсис ҳужжатларида назарда тутилган тартибда:
  • футбол клубининг ишларини бошқаришда ҳамда фойдани тақсимлашда иштирок этиш, футбол клуби тугатилган тақдирда, кредиторлар билан ҳисоб-китоб қилинганидан кейин қолган мол-мулкнинг бир қисмини ёки унинг қийматини олиш ва бошқа ҳуқуқларга эга бўлади;
  • футбол клубига тегишли миқдорда, усулларда ва муддатларда ҳисса қўшиш, футбол клуби фаолиятини доимий равишда қўллаб-қувватлаш, футбол клуби фаолияти тўғрисидаги сир тутилган ахборотни ошкор қилмаслик мажбуриятини олади.

Ҳар қандай футбол клуби профессионал футбол клуби мақомини олиши учун ЎФАнинг ижроия қўмитаси томонидан тасдиқланган “ЎФА ва ЎзПФЛнинг профессионал даражадаги мусобақаларида иштирок этувчи футбол клубларни лицензиялаш ва профессионал футбол клуби мақомини белгилаш бўйича регламент талабларига жавоб бериши шарт. Халқаро мусобақаларда қатнашиш учун эса футбол клублари ОФК лицензиялаш талабларини бажариши шарт.

Мазкур талабларга жавоб бермайдиган ҳамда ЎФА ва ЎзПФЛдаги профессионал мусобақаларда қатнашмайдиган футбол клуби ҳаваскор футбол клуби ҳисобланади ва имтиёзлар уларга нисбатан қўлланилмайди.

ЎФА ва ЎзПФЛ тасарруфида ўтказиладиган профессионал мусобақаларда иштирок этувчи профессионал футбол клубларини аниқлаб олиш мақсадида ҳар йили 1 май кунидан 30 сентябрь кунигача (30 сентябрь ҳам киради) регламентга мувофиқ тегишли ҳужжатларни ЎзПФЛнинг футбол клубларини лицензиялаш бўлими орқали ЎФАнинг Лицензиялаш ва профессионал футбол клуби мақомини белгилаш қўмитасига топширади.

Қўмита тақдим этилган ҳужжатларни кўриб чиқиб, профессионал футбол клуби мақомини бериш ёки рад этиш тўғрисида қарор қабул қилади.

Қўмита томонидан футбол клубларига профессионал футбол клуби мақомини бериш тўғрисидаги қарор қабул қилингандан кейин қўмита раиси профессионал футбол клуби мақомини бериш тўғрисидаги гувоҳномани имзолайди. Мувофиқ шаклдаги бир йил муддатга амал қиладиган профессионал футбол клуби мақомини бериш тўғрисидаги гувоҳнома берилади.

Қўмита томонидан футбол клублари мақомини белгилаш тўғрисидаги қарорлар ва келгуси йил профессионал футбол клублари рўйхати ЎФАнинг расмий веб-сайтида ҳар йили 30 ноябргача эълон қилинади.

Футбол клубларига нисбатан қуйидаги ҳолларда уларнинг профессионал футбол клуби мақомидан маҳрум қилиниши тўғрисидаги қарор қабул қилиниши мумкин:
- имтиёзлардан мақсадсиз фойдаланганда – суднинг қарорига биноан;
- футбол клуби тугатилганда;
- қўйилган инвестициялар (пул маблағлари ва бошқа мол-мулк) жиноий фаолиятдан олинган даромадлар легаллаштирилиши билан боғлиқ жиноят содир этилиши натижасида олинганлиги ҳолати ваколатли органлар томонидан аниқланиши ва тасдиқланиши – суднинг қарорига биноан;
- гувоҳнома олиш учун шарт этиб қўйилган талаблардан бирига амал қилинмаса ёки амал қилиниши тўхтатилса – қўмита қарорига биноан;
- гувоҳнома эгаси регламентда кўрсатилган мажбуриятлардан бирини бажаришдан бош тортса – қўмита қарорига биноан.

Профессионал футбол клуби мақомидан маҳрум этиш берилган ҳуқуқлар бекор қилинишига сабаб бўлади.

Футбол клубларининг ҳуқуқий мақомини белгилаш жараёни
Футбол клубларининг ҳуқуқий мақомини белгилаш бўйича ҳужжатларни қабул қилиш қўмита томонидан икки босқичда амалга оширилади.

Биринчи босқичда профессионал футбол клуби мақомини олиш истагини билдирган футбол клубига қуйидаги лицензиялаш талабларига жавоб берадиган мезонлар қўйилади:
- футбол клубининг амалдаги қонунчиликда белгиланган тартибда рўйхатдан ўтганлиги;
- энг камида уч йил давомида ЎФА ёки ЎзПФЛдаги футбол мусобақаларида иштирок этганлиги;
- ўқув-машғулот базаси ва стадионининг мавжудлиги (эгалик қилиш ёки шартнома асосида);
- тегишли ҳужжатларга эга мутахассисларнинг фаолият юритаётганлиги.

Иккинчи босқичда қуйидаги мезонлар асосида футбол клубларидан қуйидаги ҳужжатлар қабул қилинади:
- спорт мезонлари;
- футбол клублари инфратузилмаси;
- ходимларга фаолиятига қўйиладиган маъмурий мезонлар;
- ҳуқуқий мезонлар;
- молиявий мезонлар.

Футбол клублари қуйидаги ҳужжатларни қўмитага тақдим қилади:
- ўқув-машғулот базаси ва стадионининг эгалик ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжат ёки тегишли шартнома нусхаси;
- штат жадвали нусхаси;
- клубда фаолият юритаётган футбол тренерларининг тренерлик лицензиялари нусхаси;
- устав ва гувоҳнома нусхаси.

Қўмита биринчи босқичда қўйилган талабларга жавоб берган футбол клубларидан регламентда кўрсатилган ҳужжатларни иккинчи босқичда белгиланган муддатларда қабул қилади.
Қўмита кўрсатилган муддатда профессионал футбол клуби мақомини бериш ёки рад этиш тўғрисида қарорлар қабул қилади.

Футбол клубларининг ҳуқуқий мақомини белгилаш юзасидан берилган мурожаатларни кўриб чиқиш
Қўмита томонидан чиқарилган қарор юзасидан футбол клублари қарор эълон қилинган кундан бошлаб ўн кун ичида ЎФА апелляция комиссиясига ариза бериши мумкин.

Апелляция комиссияси беш кишидан иборат таркибда ЎФА ижроия қўмитаси қарори билан ташкил этилади.
Апелляция комиссиясининг иш тартиби апелляция комиссиясини ташкил этиш тўғрисидаги ЎФА ижроия қўмитаси қарорида белгиланади.

Ариза рўйхатга олинган кундан бошлаб 15 кун муддатда кўриб чиқилади.
Ариза берган футбол клуби апелляция комиссияси томонидан аризаси кўриб чиқилиши жараёнида иштирок этиши мумкин.

Апелляция комиссияси қўмита қарорини ўзгартиришсиз қолдириши ёки уни бекор қилиб, унга тегишли ўзгартириш киритиш ҳақида қарор чиқаради.
Апелляция комиссияси қарори нусхаси мурожаат этувчи футбол клубига ва қўмитага апелляция комиссияси қарори чиққан кундан эътиборан беш иш куни ичида тақдим этилади.

ЎФА Апелляция қўмитасининг аризани кўриб чиқиш натижалари бўйича қабул қилган қарори юзасидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда судга мурожаат қилиниши мумкин.

Имтиёзлар ва преференцияларни қўллаш
Божхона тўловлари бўйича имтиёзлар олиб кирилаётган товарларни муомалага чиқариш (импорт) божхона режимига ўтказиш божхона расмийлаштируви пайтида тақдим этилади.

Имтиёз қўллаш учун кўрсатилган профессионал футбол клублари ҳисобот даври якунлари бўйича йиллик солиқ ҳисоботи билан бирга давлат солиқ хизмати органларига шаклга мувофиқ имтиёзлар берилиши муносабати билан бўшаган маблағлар тўғрисидаги маълумотнома ҳисоб-китобни тақдим этади.

Солиқ ва божхона имтиёзларининг тўғри қўлланиши устидан назорат Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ хизмати ва Давлат божхона хизмати органлари томонидан амалга оширилади.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Ўзбекистон ҳукумати футбол клубларига алоқадор янги қарор қабул қилади