20:53 / 09.03.2020
2 342

Фазлиддин Ғоибназаров ва Теренс Кроуфорд спарринг жанги қандай бўлганди?

Фазлиддин Ғоибназаров ва Теренс Кроуфорд спарринг жанги қандай бўлганди?
Рио Олимпиадаси чемпиони Фазлиддин Ғоибназаровнинг мураббийи Аброр Турсунпўлатов барча бокс мухлисларига яхши таниш. Уни нафақат юртимизда балки, МДҲ мамлакатлари ва океан ортида ҳам яхши билишади.

У Фазлиддин билан бир қаторда россиялик машҳур Сергей Ковалёвга ҳам мураббийлик қилганлигидан хабарингиз бор. Бир сўз билан айтганда яхши мутахассис. Биз ушбу мураббий билан фаолиятига оид батафсил суҳбат қурдик. Қуйида мазкур интервьюни эътиборингизга ҳавола этамиз.

- Аброр ака сизни мураббий сифатида мухлислар яхши билишади. Лекин боксчилик фаолиятингиз борасида эса маълумотлар бироз камроқ. Келинг бу борадаги хотираларингиз билан ўртоқлашсангиз?
- Бокс оламига 8 ёшимдан кириб келганман. 1995 йил Чирчиқдаги спорт мактабида машғулотларни давом эттиргандим. Биринчи мураббийим раҳматли Руслан Владимирович Сай эди. Степан Степанович, Иляс Раҳимжоновлар ҳам устозим бўлган.

Кейинчалик Сирдарёда Юрий Сергеевич Емельянов ва Лочин Қўчқоров қўл остида шуғуллана бошладим. Бироз вақт ўтгач Лочин ака билан Наманганга кетганман ва у ерда фаолиятимни давом эттиргандим.

Тўғрисини айтганда бокснинг ростмана сир-асрорларини Лочин акадан ўргандим. Чунки ушбу инсоннинг бу борада ўзига хос мактаби бор эди. Боксчи сифатида у қадар муваффақиятга эриша олмаганман. Сабаби, рақобат кучли бўлган.

Қолаверса, қайсидир маънода эътибор камроқ бўлганми, 2000 йил ёшлар ўртасида Ўзбекистон чемпионатида иккинчи ўринни эгалладим. Бир нечта халқаро турнирларда ғалаба қозонишга ҳам муваффақ бўлганман.

- Мураббийлик фаолиятингиз қачондан бошланган ва бунга қандай омил туртки бўлганди?
- Бу борадаги фаолиятимни жуда эрта бошлаганман. Ўша вақтда Наманганда ўқирдим. 2000 йил эди. Лочин акани қўлида кўплаб ёш боксчилар шуғулланар ва унга ёрдам керак бўлган. Шунинг учун мени ва Баҳодир Нуриддиновни мураббийликка ўтишимизни айтганди. Шундан сўнг 14:00 дан 16:00 га қадар, ёш болаларга машғулот ўтиб, кейин ўзимиз икки соат шуғулланардик.

Ҳозир мураббий сифатида шуни тушундимки, қайсидир маънода кучли боксчи бўла олмаганимга мураббийликни эрта бошлаганим ҳам сабаб бўлган. Ваҳоланки, мураббийим чақмоқ каби тезлигим борлигини айтарди. Лекин ризқ-насиба, ҳар ким ҳам яхши боксчи бўлавермайди. Ўшанда Лочин ака сен яхши мураббий бўла оласан. Фаолиятини давом эттир деганди.

- Бу борада камол топишингизда яна қайси мураббийлардан кўпроқ маслаҳатлар олгансиз?
- Аввало, юқорида таъкидлаб ўтганимдек ўзимнинг устозим Лочин Қўчқоров, Ўзбекистон терма жамоаси бош мураббийи Марат Қурбонов ҳамда Владимир Шинни алоҳида таъкидлаб ўтган бўлардим.

- Ҳаваскор ва профессионал йўналишдаги мураббий деган тушунчага қандай изоҳ берасиз?
- Аслида, унчалик фарқи йўқ. Лекин ҳаваскордан бирданига профессионалга ўтсангиз бироз қийинчилик юзага келиши бор гап. Лекин боксчилик фаолиятини бошидан ўтказган ва назария борасида ҳам яхши билимга эга мутахассислар бу қийнчиликни осонгина енгиб ўтади. Шахсан ўзимда ҳам АҚШга борганда шундай ҳолат юзага келган. Бу борада менга Анатолий Ломаченко ўзига хос маслаҳатлар берганди.

- Фазлиддин Ғоибназаровнинг муваффақиятларида сизнинг ўрнингиз беқиёс... У билан неча ёшидан бошлаб ишлай бошлагансиз?
- 2003 йил Намангандаги олийгоҳни битириб, ўзимнинг шаҳрим Бекободга қайтганимдан сўнг иккита залда мураббийлик қила бошладим. Учта гуруҳга устозлик қилардим. Ўшанда Файзи ёш бола эди ва у ҳам машғулотларга келарди.

Бир ой ишлаш давомида бундаги иқтидорни кўра олдим. Лочин ака Қўчқоров қўл остида мен, Нодир Ғуломов, Баҳодир Нуриддинов ва Тўлашбой Дониёровлар бирга машғулот ўтаганмиз. Фазлиддинни ҳаракатлари Тўлашбойга ўхшаб кетарди. Уни чақириб ҳозир бокс қўлқопи керакмаслигини айтиб, алоҳида машғулотлар тавсия қилдим. Кейин Лочин акага телефон қилиб, кичик Тўлашбой Дониёровни тайёрлаётганимни айтдим.

Орадан бироз вақт ўтгач Наманганга олиб бориб, у ерда спарринг жангларда иштирок этдик. Ҳаракатлари барчага ёқди. Унинг чапақайлиги, умуман олганда талант бор эди.
Фазлиддинни муваффақиятларидаги энг катта хизматим уни ўз вақтида пайқай олганлигимда бўлса керак. Чунки қанчадан-қанча иқтидорлар эътиборсизликдан ёки мураббийлик фаолияти тўғри йўлга қўйилмаганлиги учун боксдан совиб кетишади. Ваҳоланки, улар орасида жаҳон, Олимпиада чемпиони бўлиш салоҳиятига эга бўлганлари ҳам топилиши мумкин.

- Файзи Бухорода адашмасам Нодир Ғуломовни қўл остида ҳам машғулотлар олиб борган эди. Бу нима билан боғлиқ бўлган?
- Биласизми, ўша вақт мураббийликни тарк этишимга тўғри келиб қолган. Маош жуда оз эди. Бир ўғилман. Уйдагиларга ёрдам бериш керак. Оила қурдим ва фарзандли бўлдим. Ҳаражатлар кўпайди. Шу боис савдо билан шуғулланишга қарор қилганман. Қолаверса, халқаро тоифадаги ҳакам эдим. Кўплаб мусобақаларда ишлаш жараёнида, Фазлиддинга эътибор камайиб кетиши мумкин эди. Шунинг учун уни Нодир Ғуломовни олдига олиб борганман. Боиси, юқорида таъкидлаб ўтганимдек, у билан битта бокс мактабидан чиққанмиз. Иккимиз ҳам Лочин Қўчқоровни тарбиясини олганмиз. Болани мен бошлаган йўлдан давом этиши учун Лочин акага ёки Нодир Ғуломовга олиб боришим керак эди. Устознинг қўл остида жуда кўп шогирдлари борлиги туфайли Бухорога Нодир Ғуломовни олдига бориб, унга топширганман.

У ерда ушбу мураббий ва Олим Муҳаммедов қўл остида машғулотларни давом эттирган. Уларнинг устозлигида ҳам жуда кўп муваффақиятларга эриша олди.

- Сергей Ковалёв билан ҳамкорлик қандай бошланганди?
- АҚШ да Фазлиддин Ғойибназаров ҳамда Бахром Муртазалиев билан ишлаётганимда залимизга Сергей келди ва машғулотларда иштирок этди. Ўша вақт Андре Уорддан иккинчи бор мағлубиятга учраган вақти эди. Кейин бироз бирга ишлайлик деб сўради. Унга лапа ушладим. Машғулотдан сўнг, кечки овқатга таклиф қилди. У менга ўзининг биринчи мураббийи Новиковни эслатиб юборганини айтди ва бирга ишлашни таклиф қилди. Майли қўлимдан келганча ёрдам бераман дедим. Лекин профессионал тажрибам у қадар юқори эмаслигини, унга катта ваъдалар бера олмаслигимни айтдим. У эса иккимиз бирга ўсишимизни таъкидлади. Шу билан ҳамкорлик бошланиб кетди.

- Гонорар масаласи қандай келишилди?
- Пул масаласида оғиз очганда, мен бу иккинчи даражалик эканлигини, устоз-шогирдлик муносабати аҳамиятли эканлигини тушунтирдим. Иш бошланмасдан пул ҳақида келишув қилсак, бу бизнес бўлиб қолишини айтдим. Ваҳоланки, бунинг ўзи бизнес саналади. Қанча берсанг шунга рози бўламан дедим.

- Бошланиши ёмон эмасди?
- Биринчи жангга тайёргарлик бошланиб кетди. Ўша вақт Андре Уорд WBO чемпионлик камарини вакант қолдирганди. Ушбу титул учун Вячеслав Шабранискийга қарши жангга тайёргарлик кўрдик ва ғалаба қозониб, чемпионликни қўлга кирита олдик. Унинг иштирокидаги учинчи жангда бизда бироз камчилик бўлди.

- Элейдер Альваресдан учралган мағлубият назарда тутилмоқдами?
- Ҳа, албатта.

- Қандай камчилик бўлган. Балки буни ўзига яраша сабаби бордир?
- У мазкур жанг аввалида, бир қизни калтаклаган экан. Шунинг учун уни ҳар куни терговга чақиришган. Бутун диққат-эътибори ўша билан бўлиб қолган. Буни биздан яширган. Спарринг жангларда 4-5 раундда чарчаб қолаверган. Демоқиманки, шу туфайли унда руҳий тушкунлик юзага келганди. Мағлубиятга қайсидир маънода ушбу омил ҳам сабаб бўлган.

- Мазкур мағлубият ҳамкорликни тўхтатилишига сабаб бўлганми?
- Йўқ. Фақат мағлубият туфайли демаган бўлардим. Ундаги вазиятдан келиб чиқиб, жароҳати сабаб унга фаолиятини якунлашни маслаҳат бераман деган гапларим матбуотда чиқиб кетди. Шу билан орамизга совуқчилик тушди деб ҳам айта олмайман. У билан муносабатимиз ҳали ҳам яхши, ҳозирга қадар гаплашиб турамиз. Шунчаки ўшандан кейин ишни тўхтатдик.

- Теренс Кроуфорд ва Фазлиддин ўртасидаги спарринг қандай бўлганди. Файзи Феликс Диасга қарши жангида унга ёрдам берган экан?
- Қайсидир маънода “Top Rank” нинг жиддий қизиқиши ҳам айнан ушбу спарринг натижасида юзага келган. Биз АҚШда биринчи жангни ютдик. Иккинчиси Кроуфорд-Диас жангини андеркардида бўлиши керак эди. Фазлиддинни услуби, чапақайлиги Диасга ўхшаб кетиши туфайли, бизга Кроуфордга ёрдам берасизлар деди. Биз бу таклифни қабул қилиб, у машғулотлар ўтаётган жойга бордик.

Яхши кутиб олишди. Денгиз сатхидан анча баланд бўлган Колорадонинг тоғли ҳудудида ушбу машғулотлар жараёни бўлиб ўтди. Юқори босим ва иқлим туфайли томоғимиздан хеч нарса ўтмасди. Фақат сув ичардик. Шуни инобатга олмаса, барчаси ажойиб кўриниш олди.

Спарринг беш раунд 4 дақиқадан давом этди. 30 сония дам эди. Бу биз учун янгилик эди. 1-3 раундларда Фазлиддин Кроуфордни алдаб қўяверди. Чунки ўша вақт Фазлиддин яхши формада, яқиндагина жанг ўтказган эди. 4-раундда Теренс жигарга кучли зарба йўллади.

Лекин Фазлиддин йиқилмади. Жангни давом эттирди. 5 раундда эса буни акси бўлди. Файзи уни жигарига яхшигина зарбасини ўтказди. Қисқаси жуда ажойиб ва кучли спарринг бўлди. Шуни айта оламанки, бу спаррингда Фазлиддин уни ютиб қўйди. Ўша ерда “Top Rank”нинг матбуот хизмати бор эди.

АҚШда бу соҳа қандай эканлигини яхши биласиз. Тезда Фазлиддин Кроуфордга қарши жуда кучли жанг ўтказди деган гап-сўзлар тарқалди. Иккинчи спаррингга энди ушбу промоутерлик компаниясининг вице-президенти, менежерлари, Боб Арумдан бошқа барча мутасаддилари ташриф буюрди. Бу сафаргисида ҳам яхши жанг бўлди. Бироқ аввалгисидан кўра, Теренс эхтиёткорроқ бўлиб ҳаракат қилди. Чунки уни олдида муҳим тўқнашув бор, жароҳатлар унга қимматга тушиши турган гап эди.

Ўша ердаги барча, ушбу спаррингдан кейин менга шогирдинг бўлажак жаҳон чемпиони, ишлашда давом этинглар деган гапларни айтди.

- Яхши фикр билдирганлар орасида “Top Rank” мутасаддилари ҳам бор эдими?
- Албатта. Боб Арумнинг ўзи ҳам менежеримиз Эгис Климасга телефон қилиб, Файзи ҳақида илиқ гап-сўзларни айтган.

- Россиялик яна бир боксчи Бахром Муртазалиев билан ҳамкорлик нима бўлди?
- АҚШдалигимиз вақтида унинг ўзи олдимга келган. У ерга борганига беш-олти ой бўлган бўлсада, мураббийлар томонидан унга жиддий эътибор қаратилмаган. Бахромга мени машғулот жараёнларим ёққанлигини ва бирга ишлашни таклиф қилди. Буни қабул қилдим ва у билан ҳам ишлай бошладим. Қўл остимга келгунига қадар 6 та жангни ютганди. Мен билан 10 бора рингга кўтарилиб, барчасида ғалаба қозонди.

Демоқчиманки, фаолиятидаги кўплаб жангларини мени мураббийлигим остида ўтказган. У яқиндагина элминатор жангида ғалаба қозонди ва чемпионлик учун расмий даъвогарга айланди. Мен виза туфайли АҚШга боришим кечикиб кетганидан сўнг янги мураббий топиб, у билан ишламоқда. Агар, визамиз ҳал бўлса, янги мураббийи билан биргаликда у билан ишлашда давом этамиз. Яъни у билан ҳали ҳам ҳамкорлик давом этмоқда.

- Виза масаласида олдинга силжиш борми?
- Январь ойида элчихонага боргандик. Дастлаб Фазлиддин кирганди. Унга ҳам бермаганди. Бир ҳафтадан кейин чақириб, бу масаласи ҳал бўлганлигини айтишди. Менга ҳам ўзимиз алоқага чиқамиз деган эди. Лекин бундан ҳозирча дарак йўқ.

Ўшани ҳисобига биз Алматидаги бокс оқшомида рингга кўтарилишни лозим топдик. Чунки Файзини АҚШдаги жанги июннинг охири июлнинг бошларига қўйилганди. Бунга анча вақт бор. Узоқ муддат жангсиз юриш ҳам яхши эмас. Шу сабабли ўзим улардан Алматидаги жанг кечасида иштирок этишимизни илтимос қилдим.

- “Top Rank” билан ҳамкорликни давом эттириш тўғри қарор деб ўйлайсизми. Албатта, бу ғайритабиийроқ савол бўлиши мумкин. Чунки бу компания жаҳоннинг энг грандларидан бири...Лекин тангани иккинчи томони ҳам бор. Яъни, Боб Арумда шунчалик ТОП боксчилар кўпки, асосий эътиборини уларга қаратиб, қолганлар бироз четда қолиб кетади.

- Тўғри, улар АҚШлик ва мексикалик боксчиларга кўпроқ эътибор қаратади. Уларга кучли эканлигингизни исботлашингиз керак. Буни Василий Ломаченко мисолида кўришингиз мумкин. “Бир ёмонни бир яхшиси бор”, дейишадику. Бу компания билан ҳар ким ҳам шартнома имзолай олмайди. Мана бир нечта жанг ўтказдик. Чемпионлик жангларига ҳам яқин қолмоқдамиз. Умуман олганда ҳамкорликни давом эттирамиз.

- Фазлиддинни навбатдаги рақиби Дарраг Фолини ўрганиш жараёнлари қандай кечмоқда?
- Бу рақибни ҳам кўриб чиқдим. Чапақай, яхши боксчи. Лекин мен биринчи навбатда Фазлиддинни юқори формага чиқаришга эътибор қаратаман. Чунки у яхши формасини тиклай олса, ҳар қандай рақибни мағлуб эта олади.

- Профессионал бокс оламида анчагина танилиб қолдингиз. Балки бошқа таниқли боксчилардан ҳам ҳамкорлик учун таклифлар бўлгандир?
- Албатта. АҚШда Сергей Ковалёв билан ишлаётган вақтимда Максим Дадашев Бадди Макгиртга боришдан аввал менга роса илтимос қилганди. Биласиз, бу боксчи ёруғ оламни тарк этди. Ўшанда қўл остимда Сергей, Бахром, Фазлиддин борлигини, унга эътиборим камроқ бўлишини тушунтирганман. Яна чехиялик бола келган. Молдовалик Пётр Апостол таклиф билан чиқиб, бир ойча қўл остимда шуғулланган. У ҳам 5 та жанг ўтказиб, мағлубиятсиз одимлаяпти. Шунчаки уларга вақтим етмаслигини айтганман.

-Суҳбат учун ташаккур. Келгуси фаолиятингизга омад тилаймиз!
- Катта раҳмат.

Аҳмадбек Эшматов

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Фазлиддин Ғоибназаров ва Теренс Кроуфорд спарринг жанги қандай бўлганди?