14:50 / 28.05.2020
2 855

Ўзбекистон мезбонлигидаги Осиё чемпионати-U19 ўтказилиш тартиби аниқ бўлди

Ўзбекистон мезбонлигидаги Осиё чемпионати-U19 ўтказилиш тартиби аниқ бўлди
2020 йил октябрда Ўзбекистонда ўтказилиши режалаштирилган Осиё чемпионати-U19 мусобақасининг қуръа ташлаш ва ўйинлар ўтказилиш тартиби аниқ бўлди.

Иштирокчилар
Ўзбекистон мезбонлик қиладиган мусобақада 16та жамоа иштирок этади. Иштирокчи жамоаларнинг барчаси аниқ бўлган. Биринчи иштирокчи мусобақа мезбони Ўзбекистон бўлганди. 11та жамоа саралаш гуруҳларида ғолиб бўлиб финал босқичига йўл олган - Ироқ, Қатар, Тожикистон, Эрон, Баҳрайн, Саудия Арабистони, Малайзия, Австралия, Жанубий Корея, Япония ва Индонезия. Саралаш гуруҳларида энг яхши натижа кўрсатган иккинчи ўрин соҳиблари (Лаос, Вьетнам, Яман ва Камбоджа) ҳам финал босқичида қатнашади.

Рейтинг
Гуруҳ босқичига қуръа ташлашда жамоалар рейтингга қараб саватчаларга ажратилади. Ўзбекистон мезбон сифатида биринчи поғонада қайд этилади ва автоматик тарзда «А» гуруҳининг биринчи жамоасига айланади. Жамоалар рейтинги қуйидагича:

1. Ўзбекистон
2. Саудия Арабистони
3. Жанубий Корея
4. Қатар
5. Япония
6. Тожикистон
7. Австралия
8. Индонезия
9. Малайзия
10. Ироқ
11. Вьетнам
12. Камбоджа
13. Эрон
14. Яман
15. Баҳрайн
16. Лаос.

Демак жамоалар қуйидаги тартибда саватчаларга ажратилган:

1-саватчада Ўзбекистон, Саудия Арабистони, Жанубий Корея, Қатар;
2-саватчада Япония, Тожикистон, Австралия, Индонезия;
3-саватчада Малайзия, Ироқ, Вьетнам, Камбоджа;
4-саватчада Эрон, Яман, Баҳрайн, Лаос.

Жамоалар саватчаларга мос равишда жойлаштирилади. Яъни, биринчи саватчадаги жамоалар гуруҳдаги биринчи жамоа бўлишса, тўртинчи саватчадаги жамоалар гуруҳда тўртинчи жамоа бўлишади.

Мусобақа тартиби
Осиё чемпионати-U19 баҳсларида қатнашувчи 16 жамоа 4 гуруҳга 4тадан бўлинган ҳолда иштирокларини бошлайди. Гуруҳларда ўйинлар бир даврадан иборат бўлади, яъни жамоалар ўзаро бир мартадан ўйнашади. Гуруҳларда биринчи ва иккинчи ўринни қўлга киритган жамоалар плей-оффга йўлланма олади. Мусобақада учинчи ва тўртинчи ўрин учун ўйинлар ўтказилмайди.

Ярим финалга йўлланма олган барча 4 жамоа 2021 йил Индонезияда ўтказиладиган ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионатида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритади. Агар Индонезия Ўзбекистондаги мусобақанинг ярим финалига чиқса, кичик мундиалга йўл оладиган 4-жамоа номини аниқлаш учун чорак финалда енгилган 4 жамоа иштирокида плей-офф ўйинлари ўтказилади. Чорак финалда енгилган 4 жамоа иккита жуфтликка ажратилиб ўйин ўтказади. Ғолиблар битта ўйиндан иборат якуний плей-офф баҳсида қатнашиб, жаҳон чемпионатига бериладиган 5-йўлланма соҳибини аниқлашади (Индонезия билан 5та).

Қуръа тартиби
Қуръа ташлаш маросими режага кўра май ойида Тошкентда ўтказилиши керак эди. Аммо карантин сабаб режалар ўзгарди. Tribuna.uz ’га маълум бўлишича, қуръа ташлаш маросими 18 июнь куни Куала-Лумпурда ўтказилади. Қуръа жараёни 4-саватчадан бошланади.

4-саватча: Бу саватчадан олинган биринчи шар «А» гуруҳидаги тўртинчи ўринга («A4») жойлаштирилади. Иккинчи бўлиб олинган жамоа «В» гуруҳидаги иккинчи ўринга («B4») жойлаштирилади. Шу тартибда навбатдаги шар «C4» ва охирги бўлиб олинган шар «D4» ўрнидан жой олади.

3-саватча: Бу саватчадан олинган шарлар «А3», «В3», «C3» ва «D3» ўринларига жойлашади.

2-саватча: Бу саватчадан олинган шарлар «А2», «В2», «C2» ва «D2» ўринларига жойлашади.

1-саватча: Бу саватчага ҳамма шарлардан ажралиб туриши учун бошқача рангдаги шарга солинган Ўзбекистон биринчи бўлиб саватдан олинади ва «А» гуруҳидаги биринчи ўринга («А1») жойлаштирилади. Навбатдаги шарлар эса «В1», «C1» ва «D1» ўринларига жойлашади.

Мусобақа қачон ва қаерда ўтказилади?
Ўзбекистонга мезбонлик берилганда мусобақа 18-31 октябрь кунлари ўтказилиши режалаштирилганди. Ҳозир коронавирус пандемияси қачон тугаши маълум бўлмаган бир вақтда мусобақа қайси муддатда ўтказилиши ҳам аниқ эмас. Ўйинлар Ўзбекистоннинг қайси шаҳарларида ўтиши ОФК текширувчилари ташрифидан сўнг аниқ бўлиши керак эди, лекин йўллар ёпилгани сабаб март ойига белгиланган текширувчилар ташрифи қолдирилган.

Tribuna.uz ’га маълум бўлишича, дастлаб ўйинлар мамлакатдаги 4та стадионда ўтказилиши режалаштирилган. Булар Тошкент шаҳридаги «Бунёдкор» ва «Локомотив», Олмалиқ шаҳридаги «ОКМК» ва Наманган шаҳридаги «Навбаҳор» стадионлари.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Ўзбекистон мезбонлигидаги Осиё чемпионати-U19 ўтказилиш тартиби аниқ бўлди