“Бунёдкор” клуби “Пахтакор” майдонида йирик ҳисобда тор-мор келтирилганини кўпчилик кўрди. Айтиш керакки, турнинг қизиқарли ўйинларидан бири бўлди. Аммо учрашувда 5:0 ҳисоби қайд этилишини ҳеч ким кутмаган бўлса керак.
“Бунёдкор”нинг биринчи рақамли посбонига айланган Абдумавлон Абдужалилов учун эса бу жуда ёқимсиз кеча бўлди. Боиси “Бунёдкор” дарвозасини қўриқлаётган посбон сифатида унга бўлган ишонч юқори эди. Тўғри, ушбу мағлубиятдан сўнг Абдужалиловнинг иқтидорига шубҳа билан қараш яхши эмас. Аслида бундай мағлубиятлар ҳар бир посбоннинг фаолиятида учраб турадиган ҳолатлардан бири. “Бунёдкор” дарвозабони эса Sports.uz учун йирик ҳисобдаги мағлубиятга нима сабаб бўлганини айтди.
- Менимча, ҳисоб бу қадар йириклашиб кетишини ҳеч ким кутмаганди. Ўйиндан сўнг Вадим Карленович айтганидек, “Пахтакор”га қарши ҳимоявий ўйин кўрсатсак ҳам бўларди. Чунки бундай усулни кўп жамоалар қўллашади. Асосий эътиборни ҳимояга қаратиб, имкон бўлганда ҳужумга ўтиб ўйнасак ҳам бўларди. Лекин биз шунчаки футбол ўйнашни танладик.
Назаримда, бу ўйинда “Пахтакор”нинг “класси” муҳим роль ўйнади. Рақиб футболчиларининг вазиятлардан усталик билан фойдалана олгани уларга қўл келди. Биз эса ўз имкониятларимизни голга айлантира олмаган бир пайтда “Пахтакор” деярли барча вазиятларидан гол урди. Шу боис ҳам ҳисоб йирик кўриниш олди. Кўриниб турибдики, “Пахтакор” ўтган ўйиндан тўғри хулоса чиқарган ҳолда тайёргарлик кўрган.
Менинг фикримча, дастлабки дақиқада ўтказиб юборилган гол кўп нарсани ўзгартириб юборди. Ҳамма тушуниб турибдики, ҳозир бошни туширадиган пайт эмас. Аксинча, кейинги ўйинга янада муносиб тайёргарлик кўришимиз керак. Чунки вақтимиз ҳам оз.
Аслида ўтказилган ҳар қандай голда барибир дарвозабоннинг айби бўлади. Абдумавлон эса бешта тўп олиб чиқди. Бу борада у ўзини қанчалик айбдор ҳис қилмоқда? Қуйида шу ҳақида гапирди.
- Тўғри, ҳар бир дарвозабон ўйинга чиққанида дарвозаси дахлсизлигини сақлаб қолишга ҳаракат қилади. Шу маънода айтганда, ҳеч кимни гол ўтказгиси келмайди. Очиғи, ҳали фаолиятим давомида бешта гол ўтказмагандим. Нима десам бўлади? Футболда шунақаси ҳам бўлиб турар экан-да! Ҳамма нарсанинг ижобий томонини ўйлаб, уни яхшилаб таҳлил қилиш керак. Эътибор берган бўлсангиз, голларнинг барчаси жарима майдони ичидан урилди.
Шунингдек, ўтказилган ҳар бир голда дарвозабоннинг қандайдир улуши бўлади. Албатта, бу ўйинни ва ўтказилган голларни жамоамиз билан таҳлил қилиб чиқамиз. Шубҳасиз, бешта гол – бу ниҳоятда кўп. Табиийки, жамоамни қайсидир вазиятларда қутқариб қолишим керак эди. Бундай ҳолатларни ўзим учун алоҳида қайд қилиб қўйдим.
Ҳозирги замонавий футболда яқиндан урилган ёки дарвозабонда қайтариш учун имконият бўлмади, деган гаплар баҳона ўрнида қабул қилинмайди. Нима бўлганда ҳам мен жамоамга ёрдам беришим керак эди. Афсуски, бунинг уддасидан чиқа олмадим. Шунчаки, энди хатоларимиздан тўғри хулоса чиқаришимиз лозим. Бир ўйиндан бешта гол ўтказиб юборишим эса етти ухлаб тушимга ҳам кирмаганди. Бу ўйинни тезроқ унутишимиз керак.
Бу даражадаги ўта йирик мағлубият ҳам аслида “Бунёдкор”га ярашмайди. Хўш, “Қалдирғочлар” бу ўйинни тезроқ унута олишармикин? Барибир бу мағлубият футболчиларга салбий таъсир кўрсатиши табиий. Абдужалилов эса шу ҳақида тўхталди.
- Бундай йирик мағлубият жамоанинг кайфиятига таъсир кўрсатади, албатта. Буни тез унутиб, кейинги ўйинга яхши тайёргарлик кўрмасак, у ҳолда мавжуд вазият ўзимизга зарар бўлишини тушуниб турибмиз.
“Пахтакор”даги футболчилар исталган дарвозабонга жиддий муаммолар туғдира олишларини ҳамма яхши билади. “Бунёдкор” посбони эса бу клубдаги хавфли ўйинчилар хусусида ҳам фикр билдирди.
- Ҳеч кимга сир бўлмаса керак, “Пахтакор”даги Драган Чераннинг савияси ва қандай футболчи эканлиги барчага яхши маълум. “Пахтакор”да энг хавфли футболчи Черанлигини ҳам биз яхши билардик. Унга кўпроқ эътибор қаратишимиз лозимлигини билган бўлсак-да, Черан шу ҳолатда ҳам гол уриш учун имкон топа олди ва жамоасининг ғалабасига катта ҳиссасини қўшди. Умуман айтганда, “Пахтакор”да яхши ўйинчилар кўп. Машарипов, Ҳамдамов... Собирхўжаевни эса алоҳида таъкидлаб ўтган бўлардим. Ёшлигимда Сардор билан бирга ўйнаганман. Футболчи сифатида унинг ўйини менга ёқади. Ностандарт ўйинлари билан ажралиб туради.
Шуҳратбек Жўраев
Манба: Sports.uz “Замин” янгиликларини “Twitter”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
АҚШ Исроилнинг икки вазирига санкция қўлламоқчи
Дональд Трамп 27 ёшли Каролин Левиттни Оқ уй матбуот котиби этиб тайинламоқчи
Ҳар қандай катта ёшдаги киши етук эмас
Пашинян Арманистоннинг Мустақиллик декларацияни энг катта муаммо ва фожиа деб атади
Буйрак саломатлиги учун энг фойдали сабзавот...
АҚШ ҳарбийлари орасида ўз жонига қасд қилиш кўпайди
Боррел ЕИнинг Исроил билан мулоқотини тўхтатишни таклиф қилди
Яхши пишган ва мазали анор танлашга ёрдам берадиган тавсиялар