05:41 / 08.07.2020
1 855

Яхшибоевнинг трансфер нархи кескин ошди

Яхшибоевнинг трансфер нархи кескин ошди
Бутун жаҳон футболчиларининг трансфер суммасини белгилайдиган Германиянинг Transfermarkt ресурси Беларусь чемпионати олий лигаси вакилларининг янги трансфер нархларини эълон қилди.

Пандемия шароитида жаҳон футболида асосан футболчиларнинг нархларида тушиш тенденцияси кузатилган бўлса-да, айрим чарм тўп усталарининг баҳоси ўйинига қараб кўтарилганини кўриш мумкин. Хусусан, Беларусь чемпионати вакиллари орасида 25 нафар ўйинчининг нархи ошган.

“Энергетик-БГУ” футболчиси Жасур Яхшибоевнинг трансфер суммаси икки карра ошди. Трансфер ҳуқуқи “Пахтакор”га тегишли бўлган Жасур Беларусь чемпионатига ижара асосида кўчиб ўтганида унинг нархи 300 минг еврога баҳоланган эди.

Ярим йил давомида легионер сифатида маҳоратини намойиш этиб келаётган ҳамюртимизни трансфер қилмоқчи бўлган клублар бундан буёғига “Пахтакор” билан камида 600 минг евро таклиф қилган ҳолда савдолашиши керак бўлади.

Жасур Яхшибоев янги рейтингга кўра, “Энергетик-БГУ”нинг энг қимматбаҳо футболчисига айланди. Албатта, унинг ўйини ҳам шунга яраша бўлмоқда. Беларусь чемпионати бошланганидан буён мусобақанинг энг кучли футболчилари рейтингида биринчи ўриндан тушгани йўқ.

Бундан ташқари, Жасур Яхшибоев 14 та учрашувда 9 та гол уриб, тўпурарлар баҳcида ҳам етакчилик қилмоқда. Айни пайтда ўзбекистонлик легионер бошқа клублардан таклиф ола бошлади.

“Энергетик-БГУ”даги яна бир футболчимиз Шаҳбоз Умаров ҳам янги чемпионатга мослашиб олди. 21 ёшли футболчимиз узоқ масофадан берилаётган кучли зарбалари билан мухлису мутахассислар эътиборини қозонмоқда. Айниқса, унинг чемпионат пешқадами БАТЭ дарвозасига 35 метрдан урган голи анча шов-шув бўлди.

Transfermarkt сайти эълон қилган рўйхатда Шаҳбоз Умаровнинг трансфер нархи ўзгаришсиз қолгани кўрсатилган. АГМКдан ижарага олинган Умаровнинг трансфери 150 минг еврони ташкил қилади. У жорий чемпионатда 16 та учрашувда қатнашиб, иккита гол урган.

Манба: Sports.uz
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)