06:30 / 31.07.2020
1 005

Ирисметов Ўруновни танқид қилганларга кескин жавоб қайтарди!

Ирисметов Ўруновни танқид қилганларга кескин жавоб қайтарди!
Ўз даврида “Спартак”да тўп сурган Жаъфар Ирисметов журналистлар билан бўлган суҳбатда Россия Премьер-лигасида ишончли ўйин намойиш этган Остон Ўрунов ҳақида ўз фикрларини билдирди. Шунингдек, яқин ўтмишнинг энг зўр тўп урарларидан бири Москванинг номдор жамоаси Остон Ўруновни олмоқчи бўлаётганини танқид қилган экспертларга ҳам кескин жавоб қайтарди.

- Остон Ўруновни қайси позициясида кўрмоқдасиз?
- Асосан таянч зонасида. Олтинчи рақамдагилар ўйнайдиган жойда. Саккизинчи рақамни вазифасини ҳам бажариши мумкин. Лекин ҳужумчи ортида ўйнашга қийналади. Чунки пас бериш унинг услуби эмас. У кўпроқ рақиб ҳужумини бузадиган ва ўз жамоаси ҳужумини бошлайдиган футболчи.

- Қанотни ёпа оладими?
- Уни ҳам эплайди. Остон – универсал, лекин менинг фикримча қанотда унинг имкониятлари бироз чекланиб қолади.

- У “Спартак”да ўйнаб кета олмадими?
- Яқинда Остон заиф легионер дейишганини ўқиб қолдим. Ҳозир “Спартак”да ким кучли экан? Мен ўйнаган вақтимда мен билан буюк футболчилар рақобатлашган, улар Россияда энг зўрлари эди. Остон билан Тил ва Крал рақобатлашади. Улар буюк футболчиларми? “Спартак” мана шу футболчилар билан еттинчи ўринни эгаллади-ку.

- Остоннинг характери қанақа?
- У ўжар. Қайсарлиги бор. Нимани хоҳласа, эришмагунча қўймайди. Балки, Россияда улғайиб, ўзгаргандир. Энг муҳими, атрофида яхши одамлар жамланса бўлди.

- Русчани яхши тушунмайди. Бу муаммоми?
- Мен русчани яхши билардим, лекин бу менга ёрдам бермаган. У ёш йигит ва тез ўрганиб олади, деб ўйлайман. Мен собиқ Иттифоқда улғайганман, у эса умуман бошқа давлатда катта бўлди.

- “Спартак” уни кейинчалик 5-10 миллион еврога сота оладими? Нима деб ўйлайсиз?
- Вазият мураккаб. Масалан Шомуродовга эътибор тортиш осонроқ. Осиёда таянч ярим ҳимоячилари етишмайди. Нима бўлганда ҳам, унга жойини топиб бериш мумкин.

Маълумот ўрнида таъкидлаш жоизки, Остон Ўруновнинг трансфери бугун Россия футболида энг кенг муҳокама қилинаётган мавзулардан бўлиб турибди. 19 ёшли футболчимиз ёш бўлишига қарамай, қисқа фурсат ичида “Уфа”нинг етакчисига айлана олди. Унинг креатив ўйин услуби, яккакурашларда устун келиши, жисмоний тайёргарлиги, тезкорлиги ва дриблинги кўплаб мутахассислар томонидан юқори баҳоланмоқда. Бироқ айрим экспертлар Остон Ўрунов 10 та учрашув давомида гол уролмагани ва голли пас бермаганини маълумот қилмоқда.

Умуман олганда, эса Россия футболи грандлари – “Спартак”, ЦСКА, “Локомотив”, “Зенит”, “Краснодар” эса ўз таркибида Остон Ўруновдек футболчини кўришга қарши эмас!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)