08:21 / 10.08.2020
1 149

Жалолиддинов “Локо” фанатлари билан учрашди (фото)

Жалолиддинов “Локо” фанатлари билан учрашди (фото)
Москванинг “Локомотив” жамоаси янги мавсум олдидан мухлислари билан учрашув ўтказди. Учрашувда бош мураббий Марко Николич, мураббийлар штаби вакиллари, футболчилар ва улар қаторида таркибга янги қўшилган легионерлар, хусусан ҳамюртимиз Жасур Жалолиддинов ҳам иштирок этди. Жасур тадбир давомида мухлислар саволларига ҳам жавоб берди.

- Мен “Локомотив”нинг ажойиб мухлислари борлигини яхши биламан. Мен уларни хурсанд қилиш учун бор имкониятимни ишга соламан.

- Алексей Миранчукнинг ўйини ёқишини айтган эдинг. У машғулотда ҳафсалангни пир қилмадими?
- Йўқ, мен ундай деб ўйламайман. Мен ҳали кўп нарсаларни ўрганишим керак. Алексей Миранчукнинг голли вазиятни якунлаш ҳолати жуда хотиржам. Айниқса, бу ЦСКАга қарши учрашувда пенальтини аниқ амалга оширганида яққол намоён бўлди. Бу катта фойда берадиган жиҳат.

Жасур Жалолиддинов катта футболдаги дебютини 2018 йилнинг 2 августида Ўзбекистон Супер лигасида “Бунёдкор”нинг “Қўқон-1912” жамоасига қарши учрашувида дебютини ўтказган. Жасур миллий чемпионатимизда дебютини нишонлаган энг ёш футболчи ҳисобланади. 2019 йилнинг 6 апрель куни “Навбаҳор” жамоасига қарши ўйинда биринчи голини киритган. Ўзбекистон чемпионатида жами 29 та учрашув ўтказиб, учта гол уришга муваффақ бўлган.

Жасур Буюк Британиянинг дунёга машҳур The Guardian газетаси томонидан 2002 йилда туғилган футболчилар ўртасида “Жаҳон футболининг энг иқтидорли 60 нафар футболчиси” рўйхатига киритилган.

2020 йилнинг 29 июль куни 18 ёшли Жасур “Бунёдкор”дан 1 миллион евро атрофидаги маблағ эвазига “Локомотив” таркибига қўшилди ва москваликлар билан беш йиллик шартнома имзолади. У янги клубида 23-рақамда тўп суради. Премьер-лига футбол экспертлари Жасур Жалолиддинов ҳақида фикр юритганда уни машҳур ҳужумчи Лионель Мессига қиёслашмоқда.

Россия премьер-лигасининг биринчи турида “Локомотив” футболчилари сафарда “Рубин” жамоаси меҳмони бўлади. Учрашув 11 август куни Тошкент вақти билан 22:00 да бошланади.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)