Беларусь чемпионати олий лигасида “Шахтёр” жамоаси шарафини ҳимоя қилаётган Жасур Яхшибоевнинг ўйинида пасайиш юзага келгани ва гол уриш бўйича барқарорлик етишмаётгани ҳақида ёзган эдик.
Шу билан бирга чемпионлик учун курашда муҳим палла бошлангани, етакчи футболчилар айнан шунақа пайтда жамоадошларини ўз ортидан эргаштириб, ғалабаларда ҳал қилувчи кучга айланиши лозимлигини инобатга олиб, Яхшибоевнинг чемпионатнинг охирги турларида ўзиини кўрсатишига умид боғлагандик.
Амалда ҳам айнан шундай бўлиб чиқди. “Шахтёр” 25-турнинг қолдирилган учрашувида Бобруйск шаҳрида чемпионат аутсайдерларидан бири “Белшина” меҳмони бўлди. Бу учрашувдаги ғалаба солигорскликларни яна чемпионлик учун курашга қайтариши билан ўта аҳамиятли эди. Чунки бу ўйиндаги уч очко Яхшибоев жамоасини чемпионат пешқадами БАТЭга максимал даражада яқинлаштирарди.
Олий лигадаги жойини сақлаб қолиш учун курашаётган “Белшина” ҳам осонликча таслим бўлгиси келмади. Ўзидан кучли бўлган “Шахтёр”га жиддий қаршилик кўрсатган мезбонлар иккинчи бўлимда Жасур Яхшибоевнинг маҳоратига тан беришга мажбур бўлди. Жасур жарима нуқтасидан супер зарба йўллаб, ҳисобни очди.
Орадан икки дақиқа ўтар-ўтмас, “Белшина” ҳимоячилари ва дарвозабонини ожиз қолдирган ўзбекистонлик футболчи иккинчи голини нишонлади. Жасур ўйин охиригача ўзининг легионер сифатидаги биринчи хет-тригини қайд этди. Бир сўз билан айтганда, тарихий натижа. Яна иккита гол Юлиус Сзоке ва Юрий Кендиш ҳисобига ёзилди. Мезбонларнинг ягона жавоб тўпини Денис Левицкий киритди.
Сафардаги муҳим беллашувни 5:1 ҳисобида ўз фойдасига ҳал қилган “Шахтёр” очколари сонини 52 тага етказиб, иккинчи ўриндаги мавқеини мустаҳкамлади. Энг юқори поғонадан жой олган БАТЭ ҳисобида 53 очко бор.
Олий лиганинг 28-турида “Шахтёр” ўз майдонида БАТЭни қабул қилади. Бу шубҳасиз, чемпионатнинг марказий учрашуви бўлади. Чемпионлик масаласи айнан мана шу тўқнашувда ҳал этилиши кутилмоқда. Чунки қолган икки турда етакчилар кучсиз жамоалар билан куч синашади ва бундай кескин вазиятда уларнинг очко йўқотиши даргумон. Хусусан, “Шахтёр” ўртамиёна клублар – “Рух” ва “Минск” футболчиларига қарши майдонга чиқади. БАТЭ эса аутсайдер “Белшина” ва олтинчи ўриндаги “Динамо-Минск” билан ўйнайди.
Биз учун қувонарлиси, “Белшина” дарвозасини уч маротаба аниқ нишонга олган Жасурбек Яхшибоев яна тўпурарлар пойгасида ғолибликка даъвогарга айланди. Бу ўйингача БАТЭ вакили Максим Скавишдан тўртта тўп фарқи билан ортда қолган ҳамюртмиз асосий рақобатчисига етиб олишига битта гол қолди. Ҳозирча Скавишда 17 та, Жасурда эса 16 та гол бор.
Демак, Беларусь чемпионатида БАТЭ ва “Шахтёр” олтин медаль учун курашни давом эттирадиган бўлди. Жасур Яхшибоев ва Максим Скавиш эса, тўпурарлар пойгасида ғолиблик учун ўзаро рақобатлашади.
Шунингдек, Жасур Яхшибоев Беларусь чемпионатининг энг яхши футболчилари рейтингида ҳам дастлабки турлардан бери биринчи поғонани ҳеч кимга бермай келмоқда.
Буёғига БАТЭ ва “Шахтёр” олдида учтадан ўйин қолди. Шунингдек, бу баҳслар Жасур Яхшибоев ва Максим Скавиш учун ҳам жуда муҳим. Кураш охиригача давом этади. Чемпионат ғолиби олтин медаллардан ташқари, келаси мавсумда Европа Чемпионлар лигасида иштирок этиш ҳуқуқини берувчи йўлланма билан ҳам тақдирланади. “Замин” янгиликларини “Facebook”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Самарқандда ҳайдовчидан пора сўраган ЙПХ ходимлари ишдан бўшатилди
“Кальяри” Шомуродов бўйича бир қарорга келди
АҚШда МХА собиқ ходими Россия фойдасига жосуслик қилгани учун 21 йилга қамалди
Филиппинда қуриб қолган сув тўғони остида 300 йиллик шаҳар қолдиқлари топилди
Тошкент вилоятида 17 та ноқонуний майнер давлатга 16 миллиард сўм зарар етказди
Ўзбекистон Бибихоним масжидини реконструкция қилаётган Қатарга миннатдорлик билдирди
Binance асосчиси тўрт ойлик қамоқ жазосига ҳукм қилинди
АҚШда оғир-босиқлиги билан машҳур бўлган аллигатор ўғирлаб кетилди (фото)