17:34 / 06.12.2020
4 211

“Рубин” чорлаётган Ўрунов Газизов ва Тедеско ўртасида талаш бўляпти

“Рубин” чорлаётган Ўрунов Газизов ва Тедеско ўртасида талаш бўляпти
Ёзда анчагина шов-шув бўлган Остон Ўрунов қишки трансферлар даврида ҳам футбол жамоатчилигининг диққат марказида бўладиган кўринади. Бугун ўзбек футболчиси ўйини орқали бўлмаса ҳам, атрофидаги интригалар билан Россия футболининг энг машҳур вакилига айланиб қолгани ҳеч кимга сир эмас.

“Пахтакор”да тарбияланиб, “Навбаҳор”да ўйинчи сифатида шаклланган ва “Локомотив”дан “Уфа”га йўл олган Ўрунов Россияга келганидан буён ҳаммани ўзига қаратмоқда. Дастлаб, уфаликлар таркибидаги ажойиб ўйинлар билан эътибор қозонган футболчимизнинг ёзда энг кўп мухлисга эга жамоага кўчиб ўтгани ҳам роса муҳокама қилинди.

Остон дарров “Спартак”нинг етакчи ўйинчисига айлана олмагани туфайли жуда катта босим остида қолди. Ўзбек футболчисининг 19 ёш экани, ҳали келажаги олдиндалигига ҳеч ким эътибор қаратишни истамаяпти.

Ёш футболчидан “Спартак”дек қудратли жамоани ўз ортидан эргаштиришни талаб қилиш қайси мантиққа тўғри келади?

Ҳамон Ўрунов бўйича икки хил қараш сақланиб турибди. Бир гуруҳ мутахассислар ва мухлислар ўзбек футболчисига “Спартак”да “нон” йўқлигини айтмоқда. Бошқалари эса, унга имкон бериш кераклигини ва яқин келажакда ўзини кўрсатишини, ҳали ҳеч ким “Спартак”га келиши билан бирданига юлдуз даражасида ўйнай олмаганини таъкидламоқда.

Остонни “Спартак”га олиб келган бош директор Шамиль Газизовнинг клубдан кетиши ҳақидаги хабарлар футболчимиз фаолиятига таъсир қила бошлагани бор гап. Энг аввало, Газизов Москва клубида ваколатлари олинганидан кейин ўзининг ноёб топилмасини бу жамоада қолдириб кетмайди. Бу мутахассис “Рубин”дан таклиф бўлганини тасдиқлади ва ушбу трансфер амалга ошишини истайди.

Аввалига янги спорт директор Дмитрий Поповдан Ўруновга бошқа жамоа топишни сўрагани айтилган бош мураббий Доменико Тедеско энди ўзбек футболчисига ишонч билдиришини таъкидламоқда. “Спартак”нинг “Тамбов”га қарши ўтказилган ўйинидан кейин германиялик мутахассис Остон бўйича ўз фикрларини билдирди.

- Ўрунов “Спартак” ўйинчиси. У шу ерда ўйнаб, ўсишга эришиши мумкин. Нима бўлганда ҳам, унинг тақдирини “Спартак” раҳбарияти ҳал қилади. Остон чемпион “Зенит”га қарши бошланғич таркибда майдонга тушганди. Бу менинг унга ишончим борлигидан далолат беради.

Кейин икки марта жароҳат олди. Ўруновнинг жароҳатлари ўзини кўрсатишига халақит қилди. Ҳозир у машғулотларда тўлиқ куч билан ишлаяпти. Биз унга ишонамиз. Остон ўз меҳнати билан асосий таркибдан жой олиши керак. “Спартак”да буни уддалаш қийин эканини ҳамма билади. Мен футболчига атиги бир марта имкон берадиган мураббий эмасман. Ўруновнинг салоҳиятига ишонаман
, - деди Тедеско.

Ўз навбатида, “Рубин” бош директори Рустем Сайманов ўзбек футболчиси клубнинг асосий нишони эканини тасдиқлаб, Остонга бошланғич таркибдан жой берилишини кафолатламоқда.

- “Рубин” ҳақиқатан Ўрунов бўйича “Спартак”га таклиф юборганини тасдиқлайман. Биз бу ўйинчига жиддий қизиқяпмиз. “Уфа”да ўйнаб юрган вақтида – “Спартак”га ўтишидан олдин ҳам таклиф бергандик. Ҳозир Остон “Спартак”да мунтазам ўйнаётгани йўқ. Биз унга таклиф бердикми, демак, Ўрунов “Рубин”га керакли ўйинчи.

Бу футболчи 19 ёшда ва унга ўйин амалиёти зарур. Ўрунов ҳозирнинг ўзида “Рубин”да асосий таркибда ўйнаётган бўларди. Бизга ўтса, ўйин вақти кафолатланади
, - деди Рустем Сайманов.

Журналистлар Ўрунов атрофидаги гап-сўзларга ойдинлик киритиш мақсадида “Спартак” клуби раҳбари Леонид Федунга ҳам мурожаат қилди. Клуб акционери бу масала ечими тез орада ҳал бўлишини таъкидлаб, саволга очиқ жавоб бермади.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » “Рубин” чорлаётган Ўрунов Газизов ва Тедеско ўртасида талаш бўляпти