09:53 / 24.01.2021
1 740

“Женоа” мухлислари Шомуродовдан ўзбекча хет-трик талаб қилмоқда!

“Женоа” мухлислари Шомуродовдан ўзбекча хет-трик талаб қилмоқда!
Давиде Баллардини бошчилигида ва Элдор Шомуродов етакчилигида ҳужумкор ўйин намойиш эта бошлаган “Женоа”нинг ашаддий мухлислари навбатдаги баҳс олдидан ўз фикр-мулоҳазаларини билдирмоқда.

Айниқса, жамоа ўйинидаги ижобий ўзгаришлар натижасида умиди ошиб бораётган генуялик ишқибозлар Шомуродовдан кўпроқ гол кутаётганини яширмаяпти. Хусусан, улар А Сериянинг 19-туридан ўрин олган учрашувда Элдордан “Кальяри” дарвозасига кўпроқ гол уришни талаб қиляпти.

Анъанага кўра, “Женоа” мухлисларининг навбатдаги баҳс олдидан Элдор Шомуродов ҳақидаги фикрларини эътиборингизга ҳавола қиламиз.

Giuseppe Marzano:
Маттиа Дестросиз жамоага қийин бўляпти. Элдор Шомуродов ва Жанлука Скамакка кейинги пайтда гол урмаяпти. Энди қария Горан Пандевга ишонамизми?

Edoardo Cupello:
Ҳужум чизиғида жиддий муаммо бор. Дестро жароҳат олди, Пандев энди сафга қайтди. Скамакка футбол ўйнашни унутиб қўйди. Умидимиз фақат Шомуродовдан.

Antonio Acri:
“Кальяри” бу мавсум расво ўйнаяпти. Биз бу жамоани яксон қилишимиз керак. Учрашувда Элдор Шомуродовдан А Сериядаги биринчи ўзбекча дубли, ҳатто хет-трик кутамиз.

Monica Mariotti:
Пандев навбатдаги баҳсгача жисмоний ҳолатини тиклаб олишига умид қиламан. Менга Элдор Шомуродов ва Горан Пандев тандеми жуда қизиқарли туюляпти.

Franca Casareto:
Клубимиз янги ҳужумчилар олиш масаласини кўриб чиқиши керак. Аксарият ҳужумчиларимиз жароҳатга мойил. Бунақада “Кальяри” билан Шомуродовнинг бир ўзи ўйнайди, шекилли.

Andrea Roncoli:
Шомуродов яна гол уришни бошлаши керак. Бўлмаса, у захирага олиниб, Дестро ва Пандев майдонга тушади.

Santino Squatriti: (Andrea Roncoli фикрига жавоб)
Пандев қариб қолди, Дестро эса жароҳатга мойил, жуда нозик. Биз тезроқ янги ҳужумчи олишимиз шарт ёки ҳаммасини Шомуродовнинг бир ўзи уддалашига умид қилишимиз керак бўлади.

18-турдан кейин 15 очко билан 16-ўринга кўтарилиб олган “Женоа” навбатдаги учрашувни 24 январь куни ўз майдонида “Кальяри”га қарши ўтказади. Бу учрашув А Серияда қолиш учун курашаётган икки жамоанинг ўзаро рақобати бўлади. Чунки меҳмонлар генуяликлардан бир очко кам жамғариб, мусобақа жадвалида бир поғона пастда жойлашган.

Генуялик мухлислар сингари бўлажак баҳсда Элдор Шомуродовдан гол кутамиз!

“Женоа” – “Кальяри” учрашуви Тошкент вақти билан 19:00 да бошланади.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)