08:38 / 03.02.2021
1 855

Суд Алексей Навальнийга 3,5 йиллик қамоқ жазосини тайинлади

Суд Алексей Навальнийга 3,5 йиллик қамоқ жазосини тайинлади
Фото: Москва шаҳар суди матбуот хизмати
Москвадаги Симонов туман суди Жазони ижро этиш федерал хизматининг даъвосини қаноатлантирди ва сиёсатчи Алексей Навальнийга «Ив Роше» иши юзасидан 3,5 йиллик қамоқ жазосини тайинлади. Бу ҳақда Meduza хабар берди.

Навальнийнинг аввал уй қамоғида тахминан 10 ой бўлгани инобатга олинган ва энди у уч ярим йилни умумий тартибдаги колонияда ўтказади.
Ҳукм қонуний кучга киргунига қадар Навальний қамоқда ушлаб турилади. Сиёсатчининг ҳимоячилари қарор юзасидан шикоят қилишга тайёрлигини билдирган.

Сайёр мажлис давомида Жазони ижро этиш федерал хизмати вакили Навальнийнинг шартли равишда жазони ижро этиш вақтида 50 марта қоидабузарлик содир этгани, жумладан, идорада рўйхатдан ўтмагани, жазони ижро этишдан бош тортганини билдирган. Прокуратура ҳам хизмат қайд этган ҳолатларни тасдиқлаган. Сиёсатчининг адвокатлари хизмат даъвосини рад этишни таклиф қилган.

Москва шаҳар судида ўтган мажлис вақтида суд биносига келган 300 дан зиёд одам ҳибсга олинган.

АҚШ тезкорлик билан ҳеч қандай шартларсиз сиёсатчи Алексей Навальнийни озодликка чиқаришни талаб қилмоқда. Бу ҳақда мамлакат давлат котиби Энтони Блинкен баёнот билан чиқиш қилган.

«Биз Россия ҳукуматидан яна бир марта тезкорлик билан ҳеч қандай шартларсиз жаноб Навальнийни озодликка чиқаришни сўраймиз. Нафақат у, балки асоссиз равишда ҳибсга олинган бошқа фуқароларнинг ҳам ҳуқуқлари поймол бўлмаслиги керак ва улар сўз эркинлиги, тинчлик йўли билан йиғилишлар ташкил қилишга ҳақли», – деган Блинкен.

Шунингдек, Буюк Британия ташқи ишлар вазири Доминик Рааб ҳам Навальнийни зудлик билан озод қилиш ҳақида баёнот берган.

Алексей Навальний 2020 йил августдан бери Германияда эди. У Томск—Москва самолётида ўзини ёмон ҳис қилгани сабабли даволаниш учун олиб кетилган. Таҳлиллар натижасига кўра, Навальний «Новичок» гуруҳидаги модда билан заҳарлангани маълум бўлди. Декабрь ойида Bellingcat ва The Insider сиёсатчини Федерал хавфсизлик хизматининг саккиз нафар ходимидан иборат махсус гуруҳ заҳарлагани таъкидланган текширув натижаларини эълон қилди.

Навальний 17 январь куни кечқурун Берлиндан Москвага қайтиб келди. Шереметьево аэропортида сиёсатчи «Ив Роше» иши доирасида ҳибсга олинди ва Химки шаҳридаги полиция бўлимига олиб кетилди. Химки шаҳар суди Алексей Навальнийни 15 февралга қадар қамоққа олиш бўйича ҳукм чиқарган.

28 январь куни Москва вилоят суди Алексей Навальнийнинг адвокатлари томонидан сиёсатчининг Москвадаги «Матросская тишина» номли тергов изоляторидан озод қилинишини талаб қилган апелляция шикоятини рад этган. Учрашув давомида Навальний тергов изоляторидан видеоалоқа орқали нутқ сўзлаган.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Суд Алексей Навальнийга 3,5 йиллик қамоқ жазосини тайинлади