17:06 / 13.03.2021
2 726

"Бундай гаплардан кейин узоққа бормайди, мен "реал"чиман!": Суперлигада навбатдаги истеъфо кимники бўлади?

"Бундай гаплардан кейин узоққа бормайди, мен "реал"чиман!": Суперлигада навбатдаги истеъфо кимники бўлади?
Футбол жамоавий ўйин. Лекин унда доим мураббийлар алоҳида ўрин тутади. Ҳатто, шундай ўйинлар бўладики, унда икки жамоанинг мураббийлари ўртасида тактик юришлар бўйича ҳам жанг кечади. Ахир натижага жавобгар бош мураббий деб бежизга айтилмайди-ку.

Мана, Суперлигадаги истеъфо ҳам юз берди. Нўъмон Ҳасанов “Навбаҳор” бош мураббийлигидан бўшатилди. Бунга сабаб илк турда ўз майдонида ютқазиб қўйгани билан боғлиқ эди. Тўғриси, Нўъмон Нурматовичнинг клубда узоқ ишлаши борасида барибир шубҳалар йўқ эмасди. Аммо бу даражада тез истеъфога чиқарилиши қайсидир маънода кутилмаган ҳолат бўлди. Бироқ кўриниб турибдики, очилиш маросимидаги учрашувда йўқотилган уч очко учун раҳбарият уни кечирмади.

Аслида ушбу мақола Ҳасанов истеъфога чиқарилмасидан олдин ёзилаётганди. Чунки ўтган йилги ҳолат ёдимизга тушганди. Унга кўра, чемпионатнинг дастлабки турларидан кейин аста-секин клубларда мураббийларнинг истеъфолари юз бера бошлаганди. Бундай ҳолат “Сурхон” ва “Қизилқум” билан содир бўлган. Кейин эса учинчи турдан кейин Александр Хомяков “Андижон”дан кетганини расман эълон қилганди. Шуларни таҳлил қилган ҳолда мавсум бошлангач, илк истеъфо кимники бўлади, деган мазмунда ёзилаётган мақола эди. Бироқ Нўъмон Ҳасановга илк турдан кейиноқ чиқиш эшиклари кўрсатилиши эвазига мазкур мақолани ҳам бироз ўзгартиришга тўғри келди.

“Навбаҳор” доим диққат-марказимизда бўлиб келган. У ердаги турли ўзгаришлар, ҳодиса ва воқеалар бунга сабаб. Ўз олдига чемпионлик вазифаси қўйилганини баралла айтган вилоят ҳокими учун ҳам биринчи учрашувда минглаб наманганлик мухлислар қаршисида жамоасининг мағлуб бўлганини кўриш оғир ботди. Балки унга яна бироз имкон бериш керак эди, деган фикрлар ҳам бўлиши табиий. Лекин илк ўйиндан кейиноқ ишончни йўқотиши мураббий учун жуда қимматга тушди.

Устига-устак Ҳасанов мавсум бошланишидан олдин ўтказилган тақдимот маросимида “Навбаҳор”нинг бу йил “Барселона” бўлади, деган гапи ҳам мана энди ортиқча бўлгани кўриниб қолди. Бундай вазиятда мураббий хиссиётларга берилиб кетмаслиги керак. Чунки олдинда нима кутиб турганини ҳеч биримиз билмаймиз. Буни Ҳасанов мисолида кўрдик. Янада қизиғи, Нўъмон Ҳасанов ўша гапини айтгач, дарҳол вилоят ҳокими унга ўша вазиятнинг ўзидаёқ жавоб қайтарган: “Азиз мухлислар, бундай гаплардан кейин узоққа бормайди, мен “реал”чиман!” Албатта, бу ҳазиломуз тарзда айтилган гап эди, аммо фаришталар омийн деган шекилли, мана Ҳасанов чиндан ҳам узоққа бормади. Шунинг учун доим тилга эҳтиёт бўлиш керак.

Кеча сайтимиз орқали “Навбаҳор” футболчиси Даврон Ҳошимовнинг илк ўйиндаги мағлубият борасида билдирган фикрларини ҳам эътиборингизга ҳавола қилгандик. Жамоа ва унинг ички муҳитига бой берилган ўйин оғир зарба бўлганини айтди. Эндиликда Виктор Жалилов бош мураббийликка тайинланди. У ҳақда ортиқча гапириш шарт эмас. Қандай мутахассислигини барча билади. Аммо кўриниб турибдики, “Навбаҳор” учун натижа устивор вазифа ҳисобланади. Виктор Романовичнинг зиммасига ҳам Ҳасановга қўйилган талаблар юклатилган бўлса ажаб эмас. Лекин олдинда “Локомотив”га қарши жиддий ўйин кутяпти. Ҳеч ким ғалабани рақибига қўшқўллаб топшириб қўймайди. Шу боис футболда ғалаба кафолатланмаган. Агар наманганликлар яна омадсизликка учраса, Жалиловга Ҳасановнинг куни тушмасмикин? Бизнингча, бу масала бўйича иккала томон барчасини обдон гаплашиб олишган деб ўйлаймиз.

Барибир “Навбаҳор”да бош мураббийнинг ўзгаргани жамоа ўйинига ва режаларига таъсир кўрсатиши табиий. Лекин мураббий масаласида вазиятни чуқурроқ таҳлил қиладиган бўлсак, балки бундай вазият бўлишига жамоа раҳбарияти ҳам қайсидир маънода сабабчидек. Ёдингизда бўлса, қишда клубда бош мураббий масаласи кўндаланг турганди. Ўшанда бу лавозимга бир қатор мутахассисларнинг номзодларини кўриб чиқишган. Самвел Бабаян ҳам улардан бири эди. Яна хориждан ҳам вариантлари йўқ эмасди.

Албатта, бошқалар билан музокаралар қандай кечганини билмаймиз, балки кимдир рози бўлмагандир, бошқаси билан келиша олмагандир. Бабаян эса наманганликларнинг таклифини нима учун қабул қилмагани юзасидан sports.uz сайтига батафсил гапириб берганди. Якунда яна Нўъмон Ҳасановга ишонч билдирилган. Мана, нима бўлганини кўриб турибсиз. Шунинг учун “Навбаҳор”дек натижа талаб қилинадиган жамоада ишлаш мураббийлар учун осон эмас. Ортиқча кутилмайди. Чунки бу ерда мухлислар ҳам жамоанинг чемпионлигини соғинган. Мақсад олийми, демак шунга яраша таркиб ва мураббийлар жамланиши мақсадга мувофиқ. Қолганини вақт кўрсатади.

Яна ўтган йилгидаги каби бу сафар ҳам мураббийларнинг истеъфоси анча барвақт бошланди. Аслида-ку, мавсум бошланмасидан аввал бу ҳолатга гувоҳ бўлганимизни унутмаслик керак. “Машъал”нинг испаниялик устози Серхио Маринангели январь ойида бош мураббий этиб тайинланди ва қишки йиғин чоғидаёқ оилавий сабаб туфайли клубни тарк этишга мажбур бўлди. Александр Хомяков эса “Машъал” устози сифатида тайинланди.

Шунингдек, “Бухоро”да ҳам мураббий билан боғлиқ турли гап-сўзлар тарқалди. Сал қолса, Даврон Файзиев ҳам клубдан кетишига бир баҳя қолгандек, гўё. Навбатдаги истеъфо кимники, деган саволга жавобни вақт кўрсатади. Албатта, барча мураббийларнинг бундай ҳолатга тушиб қолишини истамасдик. Бироқ футболда ғалаба билан мағлубият ёнма-ён экан, демак, натижага жавобгар бўлган мураббийларга бу борада осон тутиб бўлмайди. Раҳбарлар ва мухлислар эса жамоасидан фақат ғалабани кутишади. Айниқса, бу йилги Суперлигамизда натижа қачон келаркин, дея кўп кутиб қолмоқчи эмаслар, шекилли. Мураббийлар хушёр бўлинг, навбатдаги истеъфога сизники бўлиб қолмасин?!

Шуҳратбек Жўраев

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » "Бундай гаплардан кейин узоққа бормайди, мен "реал"чиман!": Суперлигада навбатдаги истеъфо кимники бўлади?