Маълумки, “Металлург” клубида бош мураббий ўзгарди. Андрей Шипилов биринчи турдан кейин истеъфога чиқди ва ўрнида Жасур Абдураимов иш бошлади. Андрей Сергеевичнинг “Металлург”дан кетиши кутилмаганда юз берди дейиш мумкин. Sports.uz мухбири Шипиловга бир қатор саволлар билан мурожаат қилди.
- Андрей Сергеевич, клуб раҳбарияти кетишингизга “Сурхон”даги мағлубиятнинг таъсири йўқлигини, балки оилавий шароит туфайли хайрлашганингизни айтишди. Буни тасдиқлай оласизми?
- Менинг истеъфом биринчи турдаги мағлубият ёки оилавий шароит туфайли амалга ошгани йўқ. Бундай ҳолатлар умуман ишдан кетишимга таъсир кўрсатгани йўқ.
Қанақасига бирор-бир хафагарчилик ёки кимдандир ўпкалаш бўлсин?! Ахир мен клубда салкам уч йил ишладим. Асосийси, жамоадагилар менинг ишимни кўрдилар ва баҳоладилар. Бизнинг футбол хўжалигимизни тушунмайдиган инсонларгина мана шундай қабилдаги гап-сўзларни тарқатишлари мумкин холос.
- 2017 йилнинг декабрь ойидан “Металлург”ни бошқариб келдингиз. Бирданига клубсиз қолганингизни хазм қилиш сизга қийин кечмаяптими?
- Бизнинг футбол “ошхонамиз” ўзига хослиги билан ажралиб туради. Кимдир енгил-елпи ишлари ва эришган бир қанча ютуқлари билан бошқаларнинг кўзларини шамғалаб қилишмоқчи бўлишади. Ҳар кимнинг ўз йўли бор. Тўғри, биз клубда уч йил ишладик. Бу албатта унчалик узоқ бўлмаган қисқа даврдир. Жамоа эмас, балки клуб зўр бўлиши учун мен бу даврни етарли, деб ҳисоблай олмайман. Футбол “ошхонаси” жуда кенг. Бу нафақат жамоадан, балки инфратузилма, футбол академияси, яна бошқа бир қанча жиҳатлардан иборатдир.
Жумладан, майдонлар, ўринбосарлар жамоасини мисол сифатида келтириш мумкин. Футбол хўжалигини юритиш учун турли соҳа одамларини жалб этиш керак бўлади. Масалан, руҳшуносларни. Шунингдек, бир қанча тоифалардаги шифокорлар тикланиш жараёнини ўташда жамоага катта ёрдам беришлари мумкин. Бир-икки ёки уч йил ичида уларнинг ҳаммасини йўлга қўйиш амримаҳол. Бекобод шаҳри ҳам унчалик катта эмас. Аҳолиси 150 минг кишини ташкил этувчи бу мўъжазгина шаҳарда кенг кўламдаги ишларни олиб бориш ўзига яраша машаққатни талаб этмасдан қолмайди. Албатта, “Металлург”нинг бош ҳомийси комбинат ҳисобланади. Айтишим керакки, иш жараёнида ижобий ҳолатлар ҳам етарлича учраган. Буни яширишдан маъни йўқ.
- “Металлург”да қолишингизга нима тўсқинлик қилди?
- Хафсаламни пир қилдими? Бу бугунги ёки кечаги савол эмас. Шунчаки, футболга бу ўйиннинг моҳиятини теран тушунмайдиган одамлар ҳам кириб келаркан. Ҳар бир киши ўз иши билан шуғуллангани маъқул. Бу ҳаммага бирдек тааллуқли. Хусусан, раҳбариятга ҳам. Раҳбарият ўз ишини яхши бажармоғи керак. Клуб тепасига келиб олиб, сафсата сотиб юриш бу фақат ўзини алдаш билан баробар. Бу энди кечаги кун ва уни эслаш қизиқарли эмас. Мени айнан шу жиҳат кўпроқ хафсаламни пир қилган. Баъзида шундай ишлар ҳам учрарканки, улар футбол тўпини гандбол тўпидан ажрата олишмайди.
- Бекободдаги мураббийлик фаолиятингиз давомида ишингизга аралашувлар бўлмаганми?
- Қишда одатий режага кўра тайёргарлик ишларини олиб бордик. Биз Туркия сафарига чиқдик. Қайтганимдан кейин эса шундай қилиш керак эди, бундай қилиш керак эди, деган гапни айтувчи одамлар кўпайиб кетди. Бошқа нима қилиш керак эди, қаерга бориш керак эди?
- Кейинги режалар қандай, таклифлар кутяпсизми?
- Кейинги режаларми, ҳозир шунчаки ўтириб футбол томоша қиляпман. Уйда оилавий ишлар билан машғул бўляпман. Кичик ўғлим билан шуғулланяпман. Футболдан ташқари ўзим қизиққан ҳолда бажарадиган ишим ҳам йўқ эмас. Мен Тошкентдек ажойиб, мафтункор шаҳарда яшайман. Бу ерда кўнгилдагидек дам олишинг учун борадиган манзил-масканлар жуда кўп. Айни чоғда ҳаётдан ҳузур олган ҳолда яшаяпман. Фақат футболдан эмас.
- Сизга шу вақтга қадар хориждан ҳам таклифлар бўлдими? Умуман, четда ишлашга тайёрман дея оласизми?
- Ҳозир менга келиб тушган таклифлар ҳақида гапириш қизиқарли эмас. Ҳа, таклифлар бўлган. Аммо буларни жиддий кўринишдаги таклифлар дейишим амримаҳол. Яъни, менга бош мураббий эмас, балки унинг ёрдамчиси сифатида ишлашни таклиф қилганлар кўп бўлган. Мен буни яшириб ўтирмайман. Ҳозирча менда мураббийлик фаолиятимни давом эттириш учун аниқ бир муайян таклиф йўқ. Бундан қайғуга тушмайман ҳам. Бунга эътибор қаратишни истамайман.
- Жасур Абдураимов билан “Металлург” бу йил нимага эришиши мумкин деб ўйлайсиз?
- Клубга қандай тилак билдирган бўлардим? Бундан кейин ҳам гуллаб-яшнашини истайман. Энди жамоада қолганлар буни ривожлантириш ва гуллаб-яшнаши учун астойдил ишласинлар, биз буни бир четда туриб томоша қилайлик. Оғирлик келган гапларни айтиб соатлаб лаққиллаш мумкин. Энг асосийси, шу гапларнинг ҳеч бўлмаса ярми амалда ҳам ўз ифодасини топсин. Бу “Металлург” учун энг биринчи навбатдаги масаладир. Клуб натижа кўрсатсин. Ҳар қандай ҳолатда ҳам жамоадагиларга фақат энг яхши тилакларимни билдириб қоламан.
Шуҳратбек Жўраев
«Замин» янгиликларини «Вконтакти»да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Рақобат қўмитаси биржада Аи-80 бензини бошланғич нархига чеклов ўрнатди
Блинкен Исроилдан учта муаммони ҳал этишни талаб қилди
НАТО бош котиби Украинанинг фронтдаги аҳволи ёмонлашганини тан олди
Ҳар қандай катта ёшдаги киши етук эмас
Шавкат Мирзиёев: “Фаластинлик болалар ва аёлларни беғараз даволашга тайёрмиз”
Боррел ЕИнинг Исроил билан мулоқотини тўхтатишни таклиф қилди
Эрдўғон Туркия Исроил билан алоқаларини узганини маълум қилди
Рууд ван Нистелрой ва яна уч мураббий “Манчестер Юнайтед”ни тарк этди