09:38 / 04.04.2021
2 598

Тўпурар легионерни терма жамоага чақирсак бўлмайдими?

Тўпурар легионерни терма жамоага чақирсак бўлмайдими?
Беларусь олий лигаси ўзбекистонлик легионерлар учун омадли чемпионат бўлиб қолди. Ўтган йили “Энергетик-БГУ”даги ўйинлари билан мухлису мутахассислар эътиборига тушган Жасур Яхшибоев ва Шаҳбоз Умаров фаолиятида жиддий ўзгаришлар юз берди. Аввал ҳатто юртимизда кўпчиликка нотаниш бўлган бу футболчилар Европанинг кучли чемпионатларига ўтишга интилмоқда.

Хусусан, ўтган йилнинг ярмида Солигорскнинг “Шахтёр” жамоаси таклифини қабул қилган Жасур Яхшибоев Беларусь чемпиони бўлди ва янги йилдан Польшанинг энг қудратли клуби “Легия”га қўшилди.

“Энергетик-БГУ”нинг етакчиси ҳисобланган Шаҳбоз Умаров мавсумни Беларусь чемпионлиги учун курашаётган БАТЭда бошлади. Борисовликлар ўзбек легионерини жамоа етакчиси ролида кўришни мақсад қилган.

Тан олиш керак, Шаҳбознинг бу жамоадаги ўйини очилиб боряпти. Легионеримиз биринчи турдаёқ, БАТЭнинг мавсумдаги илк голини киритди. Унинг аниқ зарбаси биринчи турнинг энг зўр голи, деб тан олинди.

Олий лиганинг учинчи турида Шаҳбоз яна ўйин қаҳрамони бўлди. “Гомель” жамоасига қарши ушбу баҳсда борисовликларнинг биринчи бўлимдаги ўйини ўхшамади. Олдинига гол ўтказиб юборган мезбонлар, танаффусга яқин жавоб тўпини киритди. БАТЭ бош мураббийи Виталий Жуковский иккинчи бўлим бошидан майдонга Шаҳбоз Умаровни туширди.

Орадан етти дақиқа ўтиб, легионеримиз 60 сония ичида иккита супергол урди. Биринчи аниқ зарбаси жуда чиройли чиқди. Бир ҳимоячини чалғита олган Умаров жарима майдончасига кирмай, узоқ масофадан аниқ зарба йўллади. Иккинчи вазиятда ҳимоячиларни ортда қолдириб, ўткир бурчакдан дарвоза тўрини ишғол қилди.

Ушбу баҳсда 3:2 ҳисобида ғалаба қозонган БАТЭ очколари сонини еттитага етказиб, мусобақа пешқадами “Шахтёр”ни таъқиб қилмоқда.

Беларуснинг амалдаги чемпиони ҳам ўзбекистонлик мухлислар учун бегона эмас. Бу жамоа таркибида Жасур Яхшибоев ўрнига таклиф этилган Шаҳзод Убайдуллаев тўп тепмоқда. Солигоскликлар олий лигада кетма-кет учта учрашувни ўз фойдасига ҳал қилган ягона жамоа сифатида мусобақа жадвалида биринчи ўринни эгаллаб турибди.

Биз учун қувонарли яна бир жиҳат шундан иборатки, чемпионатда рақиблар дарвозасини уч марта аниқ нишонга олган Шаҳбоз Умаров тўпурарлар пойгасида етакчилик қилаётган ҳужумчилар қаторида қайд этилган. Ўтган йили Жасур Яхшибоев кўп гол уриш бўйича иккинчи ўринни эгаллаган эди.

Шаҳбоз Умаров ҳам кўплаб истеъдодли футболчилар каби “Пахтакор” тарбияланувчиси ҳисобланади. Бироқ, катта футболдаги фаолиятини АГМК клубида бошлаган. Олмалиқликлар таркибида аввалига ёшлар, кейин катталар ўртасидаги учрашувларда бир неча бор майдонга тушган ҳужумкор футболчи 2020 йилнинг февралида “Энергетик-БГУ”га ўтган эди. У минсклик “талабалар” сафида олий лиганинг барча учрашувларида майдонга тушган ягона футболчи бўлди. Шаҳбоз 30 та учрашувда тўртта гол уриб, учта голли пас оширди. Мана энди, БАТЭда янги қирраларини очмоқда.

Шу ўринда бир мулоҳаза. Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийи Вадим Абрамов балки Шаҳбоз Умаровни ҳам бир синаб кўриши керакдир. Тўғри, бу футболчи Суперлигамизда ўзини кўрсата олмаган, лекин легионер сифатида яхши ўйнаяпти. Шаҳбоз ҳар икки қанотда, ҳужумчи ортида ва ҳужумда ўйнай олади. Бундан ташқари, жарима зарбаларини ҳам маромига етказиб бажармоқда.

Азиз мухлислар, Сиз нима дейсиз, Шаҳбоз Умаров терма жамоамизга керакми?

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Тўпурар легионерни терма жамоага чақирсак бўлмайдими?