07:25 / 09.04.2021
2 544

Фирдавс Норсафаровнинг қарори тўғрими ёки нотўғрими? Дадаси холис фикр билдирди

Фирдавс Норсафаровнинг қарори тўғрими ёки нотўғрими? Дадаси холис фикр билдирди
Муҳокама учун мавзу қидирадиганларга “Навбаҳор” – “Пахтакор” ўйини ва ундаги ҳакамлик айни муддао бўлди. Аслида Намангандаги учрашувда бош ҳакам Фирдавс Норсафаров ёмон ишлагани йўқ. Фақат учрашув охирида VAR орқали белгиланган пенальти якунда ўйин тақдирини ҳал қилди. Табиийки, бу “Навбаҳор” жамоаси ва унинг мухлисларига мутлақо ёқмади, жиддий тарзда эътирозлар билдирилди.

Ҳалигача Фирдавс Норсафаровнинг ўйин охирида белгилаган пенальтиси муҳокамаларга сабаб бўляпти. Бу борада турли хил фикрлар билдираётган мутахассисларни учратиш мумкин. Биз ушбу ҳолат бўйича ўша ҳакамга янада яқинроқ инсон билан Намангандаги ўйин бўйича гаплашиб, муносабатини билишга қизиқдик. Бунинг учун энг яхши вариант шубҳасиз унинг дадаси – Баҳром Норсафаров эди.

Бугунги кунда Ўзбекистон аёллар терма жамоаси бош мураббийи сифатида ишлаб келаётган мутахассис ҳеч қачон ҳакамлик билан шуғулланаётган ўғлининг фаолиятини эътибордан четда қолдирмаслиги аниқ. Аслида Фирдавс ҳакамликни танлашига дадаси сабабчи. Чунки Баҳром Норсафаров аёллар футболида ишлашдан аввал узоқ йиллар мобайнида ҳакамлик қилиб келган. Sports.uz мухбири Фирдавс Норсафаровнинг “Навбаҳор” – “Пахтакор” учрашувидаги ҳакамлиги юзасидан дадаси Баҳром Норсафаров билан боғланди.

- Ўйин ҳақида нима дея оламан? Фирдавс ўша пенальти белгиланишидан олдин VAR орқали вазиятни анча кўрди. Мен ҳам ўша ҳолатни икки марта кўриб чиқдим. Қарор қабул қиладиган бош ҳакам. Пенальтига сабаб бўлган вазиятни телевизорда ҳамма кўрди. Футболчи томонидан рақиб ўйинчисининг товонига “контакт” бўлган. Агар ўша вазиятни ҳакам кўриб туриб пенальти бермаса-чи? Футболда ҳамма нарса бўлиши мумкин. Ҳар қандай ҳолатда ҳам профессионал ёндашиш керак. Ўзим ҳам 15 йил давомида профессионал ҳакамлик қилганман. Аммо ўшанда VAR йўқ эди.

Кечаги учрашувда шундай бўлдики, ҳакам VAR орқали эпизодни такроран 10 марта кўриб кейин аниқ қарор чиқаряпти. Ҳакам ўз билимига таяниб қарор қабул қилди. Аввалига Фирдавс ўша вазиятда ўйинни давом эттирди. VARдаги ҳакамлар эса унга жарима майдони ичидаги ҳолат бўйича кўриб чиқишни тавсия қилишди. Бу жиддий жараён эди. Шунинг учун ҳакам томонидан таваккалига қарор чиқарилгани йўқ.

Нима учун VARни олиб келдик? Мана шундай баҳсли вазиятларга аниқлик киритиш учун. Доим инсон фактори деган тушунча бўлади. Ҳакам вазиятни кўрмай қолди, VAR эса кўрсатиб берди. Ҳакамликдан кетганимга анча бўлгани учун қарорлар ҳам ўзгариб кетган. Мен пенальти белгиланган вазиятни тўғри ёки нотўғри деб айта олмайман. Ўғлимнинг ёнини олиб гапирмаяпман. Кўрдингиз, ҳакам аввалига пенальти бермади.

VARдаги ҳакамлар такроран кўргач, Фирдавсга маълум қилишди. Ўша экрандаги эпизодни ҳамма кўрди. Вазият мураккаблиги учун бир кўришдаёқ қарор чиқариш қийин эди. Ўзбошимчалик билан қарор қабул қилинмади. Фирдавс рейтингини кўтариш учун ўйинни одилона бошқаришга ҳаракат қилди. У пенальти белгилашга ишонч ҳосил қилгач, шу қарорга келди. Мен ҳакамнинг ишига аралашмайман, - дея фикр билдирди, Фирдавснинг дадаси.

Шунингдек, бундай юқори босим остидаги ўйинга янада тажрибалироқ ҳакам тайинланса бўлмасмиди, қабилидаги саволлар ҳам учраб турибди. Баҳром Норсафаровнинг жавоби эса қуйидагича бўлди.

- Ҳа, ўғлим ёш ҳакам. Аммо унинг савияси қандайлигини ПФЛ билади. Ҳакамлар қўмитаси рефериларнинг тайёргарлиги ва жисмоний ҳолати қанақалигини яхши билади. У яна бошқа қийин ўйинларда ҳам ҳакамлик қилган. “Навбаҳор” – “Пахтакор” ўйинида Фирдавснинг ўзини тутиши, футболчилар билан гаплашиши мени қониқтирди. Ҳар бир қоидабузарликка эътибор қаратиб, бир неча бор сариқ карточкалар кўрсатди. Эсанкираб қолгани йўқ. VAR нотўғри қарорлар чиқариш учун ўйлаб топилмаган-ку!

Хўп, бугунги қарор “Навбаҳор”нинг зарарига ишлагандир, аммо эртага VAR орқали унинг фойдасига қарор қабул қилиниши мумкин. Умуман олганда, ўйинни ёмон бошқармади. Учрашувга 5 дақиқа қўшгач, унинг ичидаги тўхталишлар учун ҳаммаси бўлиб ўйин яна 8 дақиқа давом этди. Балки қаердадир хатолари бўлгандир, ахир мен ўйиннинг ҳар бир вазиятини микроскоп орқали кузатганим йўқ. Ўйинни ва ҳакамликни муҳокама қиладиган мутахассислар бор.

Лекин бундай юқори босим остида ҳакамлик қилиш ҳам осон эмас. Бунинг устига VAR орқали эпизодни қайта-қайта кўриб, мезбонлар дарвозаси томон пенальти белгилаш учун ҳам катта журъат керак. Кичик Норсафаров барча масъулиятни ўз зиммасига олиб ўйин тақдирини белгилаб берувчи қарорни қабул қилди. Бундай оғир учрашувдан кейин Фирдавс Норсафаровга ҳам осон тутиб бўлмасди. Дадаси ўша ўйиндан кейинги ҳолат ва унинг ҳакамликка кириб келиши ҳақида ҳам гапирди.

- Биласизми, ўйиндан кейин Фирдавс билан гаплашганим йўқ. Биз ҳам ҳамма қатори ўйинни томоша қилдик. Ҳозир бирор нима десам, ўғлига ён босяпти деб ўйлашлари мумкин. Лекин сизга бетараф инсон сифатида фикримни айтдим. Ўйинлардан кейиноқ Фирдавсга қўнғироқ қилмайман, унинг характерини биламан. Доим уйга келгач, хотиржам гаплашишимиз мумкин. Ҳа, кечаги беллашувдан кейин ўғлим аяси билан гаплашганида ҳаммаси яхши деб айтган.

Унинг ҳакамликка кириб келиши хусусида тўхталадиган бўлсам, “Машъал”даги академия илк бор очилганида Фирдавсни олиб борганман, у футболчи бўлишни истаганди. У ерда қўли синди ва олти ой ўйнамади. Кейин “Насаф” академияси ишга тушди. Сўнг ўғлимни ўша ерга ўтказдик. Лекин яна жароҳати безовта қилаверди. Оилавий маслаҳатлашиб уни бошқа соҳага беришни ўйладик. Ўзи эса футболни жуда яхши кўрарди.

Мен ҳакам сифатида вилоят иккинчи лига ва ўринбосарлар ўйинларида ҳам ишлардим ва Фирдавсни ўзим билан бирга олиб борардим. Бир куни ўринбосарлар баҳсига ҳакам келмай қолди. Шунда ўғлимга байроқчани бердим ва ўрнига ҳакамлик қилди. Кейинчалик ёнимга келиб дада, ўзимни ҳакам сифатида ҳис қиляпман деди. Вилоят иккинчи лига мусобақасида ҳакамлик қилишни бошлади.

Шундай қилиб, ҳакамликка ўқиди. Мана, энди профессионал ҳакам бўлиб етишди. Ўзим ҳам унга ҳакамликни энди бошлаганида йўл-йўриқлар кўрсатардим. Ҳакам ҳам албатта ўйинга тайёргарлик кўради. Айниқса, футболчиларни ҳам обдон ўрганиши зарур, чунки айёр ўйинчилар ҳам учрайди. Ўғлим биринчи лигага ўтган пайтида мен олий лигада ҳакамликнинг охирги йилини тугатаётгандим, - деди Баҳром Норсафаров.

Шуҳратбек Жўраев

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Фирдавс Норсафаровнинг қарори тўғрими ёки нотўғрими? Дадаси холис фикр билдирди