12:30 / 26.05.2021
2 533

"Ўзимиздаги ёшлар Дердийокдан яхшироқ, Сергеевни қайтармоқчимиз" - Жаъфар Ирисметов


“Пахтакор”да қандай янгиликлар юз бераётганини энди ҳамма билса керак-а? Яқинда клуб Тошкент шаҳар ҳокимияти тасарруфига ўтди. Бу йилги мавсумда жамоанинг мавқеи бироз пасайганлиги ҳақида мухлислар орасида кўп эшитаётгандик.
Айниқса, ўтган йилги муваффақиятли мавсумдан кейин бош мураббий Шота Арвеладзе ва жамоа етакчиларининг клубни тарк этиши барибир ўз таъсирини кўрсатмасдан қолмади. Уларнинг ўрни тўлиқ тўлдирилмади. Натижада клуб яна қандайдир ўзгаришларга эхтиёжи сезилгандек эди.

“Пахтакор” клуби спорт директори Жаъфар Ирисметов sports.uz учун вақт ажратди. У клуб ва унинг атрофидаги бир қатор долзарб масалаларга ойдинлик киритди.

"Янги раҳбарият билан янги марраларни забт этамиз"
Дастлаб жамоада ҳомий ўзгарганидан бошласак. Юқорида айтганимиздек, энди Тошкент шаҳар ҳокимияти “Пахтакор”га ҳомийлик қилади. Шунинг учун шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев жамоа аъзолари билан учрашди. “Пахтакор” вакилларининг ушбу учрашувдан кайфияти кўтарилди. Ирисметов Ортиқхўжаев билан учрашув ҳақида гапирди.

- Аввало, олдинги раҳбариятимизга ўз миннатдорчилигимизни билдирмоқчиман. Уларнинг бошчилигида “Пахтакор” анча ўсишга эришди. Клубда катта ишлар амалга оширилди. Энди ҳозирги ҳолатга келсак, куни кеча янги раҳбарият футболчиларимиз билан учрашди. Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир ака Ортиқхўжаев билан гаплашдик ва бу учрашувдан жуда хурсанд бўлдик. Яхши гапларни айтди. Олдинги раҳбарият томонидан олиб борилган ишлар уларга маъқул. Яна шу йўналишда ишлаш таклиф қилинди.

Ортиқхўжаев футболчиларга анча далда берди. Моддий томондан камчилик бўлмаслигини ҳам таъкидлаб ўтди. Келажакда янги раҳбарият билан янги чўққиларни забт этамиз. Айниқса, икки йилда Осиё Чемпионлар лигасида муносиб қатнашиш учун барча имконият ва шароитларни яратиб бериши ҳақида гапирди. Жаҳонгир ака бошчилигида “Пахтакор”ни чўққига кўтариш учун ҳаракат қиламиз. Ўз йўналишимизда ишни давом эттирамиз, қолаверса, бу борада янгиликларга ҳам қўл урамиз. Жаҳонгир ака Ортиқхўжаев маҳаллий ўйинчиларимизга эътиборни ошириб, терма жамоаларимиз учун янада кўпроқ иқтидорларни етиштиришимиз муҳимлигини ҳам айтиб ўтди. Бу йил Суперлига ва Кубокда муваффақиятли қатнашиб, келаси мавсумга Чемпионлар лигаси учун янада яхшироқ жамоа шакллантиришни режа қилдик.

"Бош мураббийликка Абдураимов номзоди ҳам кўриб чиқилаётганди"
Бир масала ёдингиздан чиқмаган бўлса керак. Арвеладзе “Пахтакор”дан кетгач, унинг ўрнини ким эгаллаши анча вақтгача сўроқ остида қолди. Натижада Шота Юстиновичнинг ўрни бўш тураверди. Албатта, бир қатор номзодлар тахмин қилинди. Охир-оқибат Питер Хюистрага бош мураббийлик лавозими ишониб топширилди. У Арвеладзенинг ўнг қўл ёрдамчиси эди. Лекин охирги пайтларда яна бир гап чиқди: унга кўра, “Пахтакор”нинг янги раҳбарияти Арвеладзени яна қайтариш ҳақида ўйлаётганини эшитдик.

- Шота Арвеладзе кетган пайтда клубга ким бош мураббий бўлиши масаласида анча муҳокамалар бўлди, - дея ушбу мавзу бўйича гапни давом эттирди, Жаъфар Турсунбоевич. - Аввалига Жасур Абдураимовнинг номзоди кўриб чиқилаётганди. Охир-оқибат Питер Хюистранинг номзодида тўхталди. У Арвеладзе билан бирга ишлагани боис унинг ғояларини яна давом эттириши мақсадида ишонч билдирилди. Осиё Чемпионлар лигасидан кейин энди кўп нарса янги раҳбариятга боғлиқ. Хорижлик мураббийларни маош масаласи ва яна бошқа жиҳатларини кўриб чиқишади. Чунки маошлар катта. Шота Арвеладзега шахсан Жаҳонгир ака Ортиқхўжаевнинг ўзи алоқага чиққан. Лекин Шота Юстинович айрим сабабларга кўра “Пахтакор”га кела олмаслигини билдирган. Бошқаси билан келишиб қўйганми, билмадим, уларнинг ўртасидаги гаплардан тўлиқ хабардор эмасман. Лекин ростдан ҳам Арвеладзега қўнғироқ бўлган.

"Футболчилар фақат футболни ўйлаши керак"
Хюистра ҳам “Пахтакор” бош мураббийлигига шунчаки таклиф қилинмаган. Унга катта ишонч билдирилгани аниқ. Аввало, Осиё Чемпионлар лигасида иложи борича муваффақиятли қатнашиш вазифаси бор эди. Бунинг учун аввало гуруҳдан чиқиш шарт ҳисобланарди. Аммо муваффақиятсизликнинг бир қанча сабаблари борлигини эндиликда барчамиз биламиз. Барибир натижага якунда бош мураббий жавоб беради. Ирисметов клубнинг ОЧЛдаги иштироки ҳақида нима деди?

- Осиё Чемпионлар лигасига келсак, нимага муваффақиятсиз? Йигитлар ёмон ўйнашмади. Гуруҳда қолиб кетишимизнинг кўп сабаблари бор. Молиявий жиҳатдан вазият қийинлашиб қолгани учун кўп футболчиларимизни сақлаб қола олмадик. Жалолиддин Машарипов, Достон Ҳамдамов, Одил Ҳамробеков, Игорь Сергеев ва бошқалар кетди. Ушбу тўртта ўйинчининг кетди дегани бу жамоанинг деярли 40 фоиз футболчиси тарк этганини англатади. Албатта, жамоани кучайтириш мақсадида яхши ўйинчиларни жалб қилдик. Янги футболчиларнинг “Пахтакор”га мослашиш жараёни Чемпионлар лигаси баҳсларига тўғри келиб қолди. Шунинг учун жамоамиз бироз оқсади. Клубга ким ҳомий бўлади, деган масалалар ҳам барибир жамоа аъзоларига халақит қилди.

Футболчи фақат футболни ўйлаши керак. Аммо назаримда, йигитлар барибир 20-30 фоиз молиявий жиҳатлар ҳақида ўйлашган. Шу сабабдан футболга бутун эътиборини қаратиши жойида бўлмаган. Кўп гап-сўзлар бўлди. Аммо ёзган одамлар жамоани ичидан яхши билмайди. Ёзганда асослаб бериши керак. У нега кетди, буниси нима учун келди...булар жамоа ичидаги гаплар. Четдан ёзаётганда сал ўйлаб гапириш керак. “Пахтакор”ни ОЧЛда яхши қатнаша олмаслигига кўп сабаблар бор. Бундан буёғига барқарорлик бўлса, яхши футбол кўрсатамиз, деб умид қиламан.

"Ҳамробековни ваъдаси бор, барчаси стол атрофида ҳал бўлади"
Яқинда sports.uz сайтида “Шабаб Ал-Аҳли”да тўп сураётган ҳамюртимиз Одил Ҳамробековнинг яна “Пахтакор”га қайтиши мумкинлиги тўғрисида хабар бердик. Бу ҳам ўқувчиларни қизиқтириб қўйгани рост. Ушбу масалага ойдинлик киритиш учун ҳам Жаъфар Ирисметовдан аниқ жавоб беришини сўрадик.

- Одил Ҳамробеков эркин агент мақомида кетган. Унинг трансферига тўхталсам, молиявий муаммоларимиз борлиги сабабли футболчи билан ўзаро келишган ҳолда уни қўйиб юборганмиз. Ўзи ҳам кетиш истагини билдирган. Аммо уни яна жамоамизга қайтиб шартномани кўриб чиқиш бўйича ваъдаси бор. Ҳамробековни қайтиб келишига ишонч бор. Аммо барчаси стол атрофида ҳал бўлади. Одилни яна жамоамиз билан бирга бўлади, деган умиддамиз.

"Дердийок трансфери ўзини оқламади"
“Пахтакор”да легионер ўйинчи – Эрен Дердийок ҳам алоҳида мавзуга айланиб қолди. Ўтган йили уни катта мақсадлар билан таклиф қилишган. Ўзига яраша номи бор, Европа футболини кўрган ва кучли чемпионатларда тўп сурган. Унинг “Пахтакор”да ўз сўзини айтишини кутдик. Аммо бу ҳали ҳам рўй бергани йўқ. Дердийокнинг ўйини борасида ҳамма ҳам яхши фикрда эмас. Ундан кўп нарса кутилганди. Швейцариялик ҳужумчининг трансфери қанчалик ўзини оқлади? Бу саволга клуб спорт директори жавоб берди.  

- Эрен Дердийок – ҳа, бу ҳаммани қийнаётган масала. Тўғрисини айтсам, бу трансфер ўзини оқламади, дея ҳисоблайман. Ўзимиздаги иқтидорли ёшларни Дердийокдан яхшироқ деб ўйлайман. Тўғри, олдин Эрен яхши футбол ўйнаган, натижалар кўрсатган. Ҳеч кимни танқид қилмоқчи эмасман. Биз кўп ўйинчиларни олганмиз, лекин уларнинг орасида “Пахтакор”га мос тушадигани ёки мос тушмайдигани бор. Балки бу Дердийокнинг жамоаси эмасдир. Бу билан аввалги раҳбарият ва мураббийни танқид қилмаяпман. Оддий қилиб айтганда, бу ҳужумчи жамоамизга мослашиб кета олмади.

"Сергеевни қайтаришга уриниб кўрамиз"
“Пахтакор”нинг ҳозирги ҳолати ва таркибидан келиб чиқиб, биринчи даврадан кейин қандайдир ўзгаришлар рўй беришини тахмин қилса бўлади. Қолаверса, янги раҳбарият ҳам бу борада жамоани қўллаб-қувватлашга тайёр. Ирисметов клуб таркибида қандай ўзгаришлар бўлиши мумкинлиги тўғрисида гапирди.

- Биринчи даврадан кейин рўй бериши мумкин бўлган ўзгаришларга келсак, глобал янгиликлар бўлмайди. Жамоада 20-21 нафар футболчи бор. Ҳеч кимни қўйиб юбориш имконияти ҳам йўқ. Кўп жамоалар футболчиларимизни ўз сафларига жалб қилишмоқчи. Ёшларимизни бошқа клубларга бериб юборишимиз қийин. Мен спорт директориман ва ўз ишим бўйича жавоб берсам, аслида ёшларимизни ўсиши учун бошқа жамоаларга қўйиб юборишимиз лозим. Лекин бошқа томондан қараганда, бош мураббийимизни ҳам тўғри тушунаман. Ўйин ва машғулотлар чоғида қийналиб қолиши мумкин. Ўринбосарларимиздаги футболчилар ҳали анча ёш.

Уларга асосий жамоага ўтиш учун яна бир йил бор. Кимнидир олмасдан туриб, кимнидир ижарага бера олмаймиз. Албатта, биринчи даврадан кейин бир-иккита селекция бўлиши мумкин. Айниқса, яхши ҳужумчига муҳтожмиз. Иложи бўлса, Игорь Сергеевни қайтариш бўйича гаплашмоқчимиз. Уни бошида ўзимизда сақлаб қолиш учун роса ҳаракат қилдик. Игорга раҳмат, у охиригача бошқа жамоалар билан гаплашмасдан бизни кутиб турди. Ўша пайтда молиявий қийинчилик сабабли Сергеев билан шартнома имзолай олмадик. Бу ҳужумчини яна жамоамизга қайтиб ўзимизда тўп суришини жуда хоҳлардик. Ўзбекистон чемпионати ва Кубогида ғолиб чиқиш учун таркибни кучайтирамиз. Ҳозирги жамоамиз ҳам чакки эмас. Бироқ яна бир-иккита яхши ўйинчиларга эхтиёжимиз бор. Келаси йилги Осиё Чемпионлар лигаси учун жиддий кучайишни амалга оширмоқчимиз. Раҳбарият қўллаб-қувватласа ҳаммаси яхши бўлади. ОЧЛда муносиб иштирок этмоқчимиз. Ўзбекистон байроғини баланд кўтарамиз, вазифа ҳам шунга яраша бўлади.

"Машариповни 1,5 миллион АҚШ долларига сотганимиз рост"
Мавсум бошида “Пахтакор”дан Саудия Арабистонининг “Ал-Насср” жамоасига трансфер қилинган Жалолиддин Машарипов масаласи ҳам эътиборимизда бўлиб турибди. Чунки уни саудияликлар сотиб олганига қарамай, БААнинг “Шабаб Ал-Аҳли” жамоасига ижарага берилганди. Бироқ “Ал-Насср” “Пахтакор”га Машарипов бўйича келишилган пулни тўлаганми ёки тўламаганлиги ҳаммани қизиқтираётганди. Бу масалага Ирисметов ойдинлик киритди.

- Жалолиддинни трансферига келсак, уни бир ярим миллион АҚШ долларига сотганимиз рост. “Ал-Насср”да молиявий муаммолар бўлгани учун вақтида пулни тўлаб бера олмадилар. Шунинг эвазига биз ҳам кўп футболчиларимиз билан ҳисоб-китоб ишларини амалга ошира олмадик. Ҳозирги кунга келиб “Ал-Насср” бизга деярли 95 фоиз пулни ўтказиб берди. Аста-секин ўйинчиларимиздан бўлган қарздорликлардан қутуляпмиз.

"Турғунбоевни катта умидлар билан олгандик"
Дарвоқе, Азиз Турғунбоев бўйича ҳам гап-сўзлар авж олди. Яқинда “Навбаҳор” президенти Отабек Саматов каминага берган интервьюсида “Пахтакор” ушбу ўйинчининг трансфер пулини вақтида тўламаганлиги ҳақида айтганди. Шу боис иккинчи томонни эшитиш учун ҳам Жаъфар Ирисметовга Турғунбоев иши бўйича сўраганимизда шундай жавоб берди:

- Турғунбоев масаласида “Навбаҳор” билан ҳам ҳисоб-китоб қиламиз, маблағ бор. Клуб президенти Отабек Саматов билан гаплашяпмиз. Азизни қайтариб олиш масаласи ўртага чиқяпти. Чунки биз ҳали Турғунбоевнинг пулини ўтказиб бермаганмиз. Агар улар билан келишсак, пулни ўтказиб берамиз ёки бўлмаса футболчининг хоҳишига ҳам қараб масалани ойдинлаштириб оламиз. Азиз Турғунбоевни катта умидлар билан олгандик. Ёмон футболчи эмас. Ўзбекистон миқёсида уни кучли вингерлардан бири деб ҳисоблайман. У “Пахтакор”га келганида мураббий ишонч билдирди ва деярли барча учрашувларда майдонга туширди.

Охирги ўйинларда эса майдонга камроқ тушяпти. Бунинг сабабини мураббий билади. Футболчининг кейинги режаси бўйича ўзи билан ҳам, “Навбаҳор” билан ҳам яна гаплашамиз. Масалани ижобий ҳал қилишга ҳаракат қиламиз. Унинг трансфер пулини вақтида тўлаб бермаганимиз асосан ўша молиявий қийинчиликлар билан боғлиқ эди. Шу пайтгача ҳеч кимдан қарздорлигимиз бўлмаган. Лекин ўша пайтга келиб Турғунбоев трансфери бўйича қарз бўлиб қолдик. Вазиятни наманганлик раҳбарларга тушунтиришга ҳаракат қилдик. Ҳаммани ўзига яраша муаммолари бор. Барча бир-бирини тушунади, деган умиддаман. Биз Ўзбекистонда бошқа жамоалар билан майдонда рақиб бўламиз. Аммо майдондан ташқарида ҳаммамиз аҳил ва иноқ бўлишимиз лозим. Билиб турибмиз, “Пахтакор” Осиё Чемпионлар лигасида ўйнаганида жамоамизга нисбатан салбий фикрлар билдирилди.

Ваҳоланки, барчамиз Ўзбекистон учун ҳаракат қиляпмиз. Агар эртага ОЧЛда яхши қатнашиб кўпроқ очко йиғсак, бундан наманганликлар ҳам ёки бошқалар ҳам хурсанд бўлишади. Чунки яна қўшимча ўринлар ажратилади. Айниқса, биз раҳбарлар майдондан ташқарида бир-биримизни тўғри тушунган ҳолда қўллашимиз керак деб ҳисоблайман. Ҳамманинг олий мақсади терма жамоага муносиб футболчиларни етказиш. Ҳамма битта мақсад учун ишлайди. Бундай пайтда биз бирлашишимиз даркор. Аммо майдондан ташқарида ҳам бир-биримизни оёғимиздан чалиб юрсак, унда футболимиз ўсмайди.

"Рашидовнинг маоши у қадар катта эмас"
Кўпчиликни яна бир савол қизиқтиради: “Пахтакор”да энг кўп маошни ким оляпти? Масалан, Сардор Рашидов Қатарда ўзига яраша сумма эвазига тўп сурган ва унинг нархи салмоқли. Кўпчилик уни арзон нархга келмаслини айтишмоқда.
- Сардор Рашидов билан ўзаро келишган ҳолда ойлик маошини меъёрида қилиб берганмиз. Унинг маоши жуда катта эмас. Рашидовни яна Чемпионлар лигасида ва терма жамоада тўп суриш нияти бор эди. Тўғриси, ойлик маош масаласи ҳамма учун қизиқ. Бу Европа эмас, Ўзбекистон. Лекин ростини айтсам, бизда энг катта маошни Дердийок олади. Менимча, буни ҳамма билади. Баъзилар “Пахтакор” мазза қилди, клубдагилар миллионер бўлиб кетди, қабилида ёзишяпти. Лекин ҳаммаси қилган меҳнатига яраша деб ўйлайман. Меҳнат қилган инсон учун албатта иш ҳақи тўлаш керак. Ҳар бир одамни оиласи бор. Ҳеч кимга “Пахтакор”ни ҳурмат қилишинг ва бу ерда текинга ишлагин деб айта олмаймиз-ку. Шунинг учун ҳар бири ўз меҳнатига яраша ҳақ олиши керак. Охирги пайтларда танқидлар кўпайиб кетди.

"Собирхўжаев четдан яхши таклиф бўлганида ҳам "Пахтакор"га ёрдам беришни хоҳлади"
Яна бир гап: “Пахтакор” таркибида иқтидорли йигитлар талайгина ва уларга четдан ҳам қулай таклифлар бўлаётгани ҳақида эшитиб турибмиз. Ирисметов ушбу масалага ҳам ойдинлик киритди.
- Ҳозирги кунга келиб “Пахтакор” футболчиларига таклифлар бор, йўқ эмас. Биласиз, раҳбарият ўзгарган. Олдимизга жиддий вазифалар қўйиляпти. Хорижга кетадиган ўйинчиларимиз билан яна бир марта ўтириб гаплашамиз ва уларни олиб қолишга ҳаракат қиламиз. Хориж билан рақобатлашишимиз қийин. Албатта, бу ерда тўламасак эртага кетади-да.

Масалан, Машариповни “Пахтакор”да қандай қилиб ушлаб қолиш мумкин эди? Шартномаси тугашига бир йил қолаётганди ва бизга уни сотиб юбориш қулайроқ эди. Ҳа, ўйин томонлама қарасак, Машариповдек футболчи топиш қийин. Четдан олиб келганимизда ҳам бизда бундай савияда ўйнайдими-йўқми, билмаймиз. Клубнинг молиявий имкониятидан келиб чиқиб трансфер ишлари қилинади. Ҳозирги кунда биз мисол учун футболчига юз миллион сўм таклиф қиляпмиз, бошқа Осиё клублари эса унга 400-500 миллион берамиз дейишяпти. Энди қаранг, бундай пайтда улар билан қандай рақобатлашиш мумкин? Ўйинчини қандай қилиб сақлаб қоламиз?

Бизни танқид қилаётганларни тушунмайман. Аввал бир гапни гапиришдан олдин яхшилаб ўйлаш керак. Ҳар бир футболчининг майдондаги умри қисқа. Ўзим ҳам футбол ўйнаганимда Ўзбекистон учун текинга ҳам, пул тўламаса ҳам ўйнайверардим. Аммо ҳаммамизни ҳам бола-чақамиз бор. Мен ҳам легионер бўлиб, четда тўп сурганман. Эртага футболни тугатгач, нима қилсин? Биз футболдан кейин ҳам шу соҳада қолдик. Лекин фаолиятини якунлагач, футболда ишламаётганлар қанча? Уларнинг кўпларини ҳозир қандай ҳолатдалигини биламан.

Кимдир унга сен ўз пайтида “Нефтчи” ёки “Насаф”да патриот бўлгансан деб нимадир беряптими? Керак бўлса, уларга терма жамоамиз ўйини учун битта чипта ҳам бера олмаймиз. Терма жамоада меҳнати синган собиқ футболчиларга оддий чипта бериш ҳам муаммога айланади. “Насаф” ёки бошқа клубдан чиққан футболчи нима учун доим ўша жамоада ўйнаши керак?! Агар унга Қатар ёки бошқа чемпионатдан зўр таклиф тушса, қолавермайди-ку. Ҳамма ҳам яхши яшагиси келади, болаларининг келажагини ўйлайди. Патриот фақат бир томонлама бўлмайди, аввало яхши шароит яратиб қўйиш керак.

Битта жамоада узоқ вақт ўйнаган футболчини эртага ҳеч ким холидан хабар олмайди. Биз ҳам кўп ўйинчиларни бу йил сақлаб қолдик ҳам. Мисол учун Сардор Собирхўжаев хориждан яхши таклиф тушганида ҳам “Пахтакор”га ёрдам беришга рози бўлган. Бундай футболчиларимиз кўп. Йигитларимизга раҳмат, қийин пайтда ҳам қолиб ўйнашди. Тўрт ой маблағ бўлмади, қийналдик. Ўшанда ҳам футболчилар кетмадилар. Мана шу патриот ҳисобланади. Таклифлар эса доим бўлади, ахир яхши ўйнаётган ўйинчига ҳамиша чақирувлар мавжуд. Аммо ҳозирдан бир нима дея олмайман. Иложи борича “Пахтакор”даги футболчиларни сақлаб қолмоқчимиз.

Шуҳратбек Жўраев


arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » "Ўзимиздаги ёшлар Дердийокдан яхшироқ, Сергеевни қайтармоқчимиз" - Жаъфар Ирисметов