Четда тўп сураётган ўзбекистонлик легионерлар сони яқин вақтлар ичида яна биттага кўпайиши мумкин. Гап шундаки, иқтидорли футболчи Нодир Мавлонов айни пайтда Бруней мамлакатида бўлиб турибди. У Бруней Суперлигасининг чемпион жамоаси – ДПММ сафига қўшилди.
25 ёшли ўйинчини мухлислар биладилар. У чемпионатимизда охирги марта ўтган йили “Андижон” сафида кўриниш берганди. Мавлоновни бунга қадар “Андижон”дан ташқари “Бунёдкор” ҳамда “Навбаҳор”да ҳам фаолият олиб борганини биламиз. Нодирнинг Брунейга қандай бориб қолгани ва яна бошқа саволлар юзасидан sports.uz мухбири Мавлонов билан боғланди.
- Айни пайтда Бруней мамлакатида бўлиб турибсиз. Яширмаймиз, сизни у ерга кетишингизни мутлақо кутмагандик. Бундай чорлов сизга қачон бўлди ва буни қандай қабул қилдингиз?
- Менга ўтган йилнинг ноябрь ойидан бери таклиф билан чиқишаётганди. Декабрь ойида уйландим. Шунинг учун уларга январь ойида боришим ҳақида айтдим. Кейин у ерда январь ойида карантин бошланиб қолди. Covid сабабли анча вақтга чўзилиб кетди. Мен ҳам уларни кутиб Ўзбекистондаги клубларга бормадим. Чунки Брунейга келишимни билардим. Кейинчалик улар менга чипта, таклифнома, виза – ҳаммасини юборишди ва шу тариқа бу ерга келдим.
- Бруней футболи ва чемпионати биз учун жумбоқ. У ерда футбол даражаси қандай?
- Тўғриси, ДПММ жамоасига қўшилганимга энди бир неча кун бўлди. Машғулотларда билдимки, уларнинг лигаси унчалик кучли эмас. Лекин шароитлари ўзимизникига қараганда бир неча баробар яхшироқ. Бруней лигаси ўсиш учун ҳаракат қиляпти. Шу боис легионерларни олиб келяпти. Билганим шу. Клубга қўшилганимга ҳали кўп вақт бўлмагани сабабли тўлиқ маълумотларга эга эмасман.
- Шароитлари бизникига қараганда яхшироқ эканига тўхталдингиз. Айнан қайси жиҳатлар бўйича бундай фикр билдиряпсиз?
- Шароитлар деганда ҳамма нарсани назарда тутдим. Биринчи навбатда база, иккинчидан, витаминизация. Учинчидан, стадионлар. Футболчиларнинг ойлик маошлари ҳам чакки эмас. Қизиқдиму, аммо унчалик берилиб сўрамадим. Ҳамма нарса футбол учун, шу боис шароитлари анча яхши экан.
- Брунейга келишдан аввал клубингиз билан ҳаммасини ҳал қилиб олганмисиз ёки аввал кўрикдан ўтиб, кейин шартнома тузиладими?
- Буларни ўзининг қонун-қоидаси бор экан. Қўпол қилиб айтганда, Роналду келса ҳам дарҳол шартномани жўнатишмас экан. Клуб Бруней қиролининг жамоаси экан. Янги легионерларни чақиради ва аввалига 14 кунлик кўрик ташкил қилинади. Бунинг ичига тиббий кўрик, ўзларининг қандайдир тестлари бор экан ва энг кераклиги қирол сизни ўз кўзи билан кўрмоқчи. Бу ерга келгач, карантинда бўлдим ва энди боя айтганимдек, машғулотларга қўшилдим. Қирол билан ҳам кўришдик. Энди 4 ёки 5 кун тиббий кўрикдан ўтаман. Худо хоҳласа, ҳаммаси яхши бўлса шартнома имзолаймиз.
- Ўзингиз айтганингиздек, у ердаги лиганинг савияси пастроқ. Ўзингизда ҳам жамоадаги кўрикдан ортиқча муаммосиз ўтишингизга ишончингиз комилми?
- Буларни легионер бўйича лимити бор: битта Осиёдан ва қолган учтаси бошқа қитъадан. Клуб Англия, Бразилия ва Беларусдан легионер олиб бўлган. Бош мураббий ҳам Англиядан. Осиёдан тўртта ўйинчи келганмиз. Мендан ташқари, Корея, Австралия ва Фаластиндан ўйинчи бор. Тўрттамиздан биттамизни клубда олиб қолишади. Лекин жамоа менга юқорида айтганимдек, барча қоғозларни юборган, чиптани ҳам ўзлари олиб беришган. Қолган легионерлар фақат кўрик учун келганлар. Мен ўйнайдиган ўрта чизиққа албатта ўйинчи керак, улар учун. Қолганлар бошқа позицияларда тўп суради. Савия бўйича Брунейнинг маҳаллий футболчилари у қадар зўр эмас. Улар асосан легионерлар ҳисобига таркибини кучайтирадилар.
- Ўзимизнинг чемпионатда қолишингизга нима халақит қилди? Умуман айтганда, легионер сифатида тўп суришингиз яхши, аммо ҳеч ким кутмаганда Брунейга йўл олдингиз...
- Четда тўп суришимни роса хоҳлардим. Менга Индонезия билан Бруней лигасидан чиқишди. Иккаласини текшириб кўрдим, менга Бруней лигаси маъқул келди. Аммо Индонезия жамоаси менга тайёр шартнома жўнатмоқчи эди. Ҳа, Ўзбекистондан ҳам таклиф бўлди. Аммо бир-иккита масала бўйича келиша олмадик.
- Нима учун Индонезияликларнинг тайёр шартномасини қабул қилмадингиз? Брунейни танлашингиз катта таваккалчиликми ёки улар сизга кўпроқ таклиф қилишдими?
- Кўпроқ ҳам таклиф қилдилар. Бундан ташқари, мени англиялик мураббийнинг ўзи чақирди. Энг катта сабаб – шаҳар менга маъқул келди, жуда чиройли. Чемпионатдаги легионерлар ҳам яхши экан.
- Янги мамлакат ва шаҳарга қандай кўникяпсиз?
- Бу мусулмон давлат. Менга энг кўп ёққан тарафи ҳам шу бўлди. Одамлари самимий. Худди бизга ўхшашади. Бруней пойтахти - Бандар-Сари-Бегаван шаҳридаман. Ўзи бу катта давлат эмас. Мени улар жуда зўр кутиб олдилар. Барча шароитлари аъло даражада.
- Агар барчаси кўнгилдагидек бўлса, фаолиятингизни Брунейда ўтказасиз. Футболчи сифатида мақсадингиз бўлса керак. Аммо савия бўйича улардан нимадир ўрганасиз, деб айтиш қийин. Шундай экан, асосий мақсадингиз қандай?
- Албатта, ўсиш, ҳамма ўйинчининг нияти шундай. Мен ўтган йилнинг ноябрь ойида “Андижон”дан кетганман, шартномам муддати тугамасдан олдин. Уйланганимдан сўнг, икки ойча шуғулланмадим, оилавий юмушларим бўйича. Унгача Бруней клубининг таклифини кутаётгандим. Бу қирол клуби бўлгани учун фақат чемпионлик мақсади қўйилади. Сингапур лигасида ҳам чемпион бўлган. Брунейнинг фақат чемпион жамоаси ҳисобланади. Шунинг учун четдан маҳоратли ўйинчиларни олиб келишган. Мураббийлар штаби ҳам Англиядан. Бу йил Малайзия лигасида ҳам иштирок этмоқчи эди. Буларда бошқа чемпионатга қўшилишга қандайдир йўли бор шекилли. Аммо пандемия сабабли клуб ҳеч қаерга чиқа олмади.
Шуҳратбек Жўраев
“Замин” янгиликларини “Facebook”да кузатиб борингCtrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Шавкат Мирзиёев: “Фаластинлик болалар ва аёлларни беғараз даволашга тайёрмиз”
Блинкен Исроилдан учта муаммони ҳал этишни талаб қилди
НАТО бош котиби Украинанинг фронтдаги аҳволи ёмонлашганини тан олди
Эрдўғон Туркия Исроил билан алоқаларини узганини маълум қилди
Боррел ЕИнинг Исроил билан мулоқотини тўхтатишни таклиф қилди
Рақобат қўмитаси биржада Аи-80 бензини бошланғич нархига чеклов ўрнатди
Чет эл валюталарининг ўзбек сўмига нисбатан янги қийматлари эълон қилинди
Сирдарёда ЙТҲ содир этган ҳайдовчидан пул олган ЙПХ ходими қамалди