08:40 / 02.07.2021
4 758

«Купер ҳимоя қилган футболчилар унга ортдан пичоқ уришди» — Санъат Шарипов Абрамовни ким чақиргани, Равшан Эрматов ва ўзбек футболидаги муаммолар ҳақида


Tribuna.uz сайти Ўзбекистон футбол ассоциацияси собиқ ходими, халқаро спорт ҳуқуқшуноси ва футбол агенти Санъат Шарипов билан жонли мулоқот ўтказди. ЎФА собиқ ходими суҳбат давомида Ўзбекистон миллий жамоасининг муваффақиятсизлиги сабаблари, Эктор Куперни миллий жамоадан кимлар кетказгани, Вадим Абрамовнинг хатолари, ЎФА вице-президенти Равшан Эрматов ва бошқалар ҳақида фикрларини билдириб, бунгача айтилмаган гапларни очиқлади. Kun.uz интервьюнинг асосий қисмларини келтиради.
Фаластиндан учралган мағлубият режалаштирилганмиди?
Санъат Шариповнинг фикрича, 2019 йилда миллий жамоа ўйинчилари аргентиналик бош мураббий Эктор Куперни кетказиш учун Фаластинга атайин ютқазиб беришган.
- Умид Аҳмаджонов бошқарувидаги раҳбарият Эктор Куперга жамоани ёшартириш, авлодлар алмашинувини амалга ошириш, қария футболчилардан воз кечишни таклиф қилган. Аммо мураббий тажрибали футболчилар унга кераклигини, уларсиз ўйин қура олмаслигини айтган ва бунга рози бўлмаган. Афсуски, якунда айнан ўша футболчилар Фаластинга (0:2) қарши ўйинда Купернинг ортидан пичоқ уришди.

Фаластин билан баҳсда ютқазиш олдиндан режалаштирилганди. Ҳатто шундай гапларни эшитганманки, жамоа Фаластинга учиб кетишидан аввал Абрамовга тайёр бўлиб туриши, тез орада Купер ўрнини эгаллаши ҳақида айтилган.

Футболни тушунадиган мухлислар Фаластин урган голларни яхшилаб кўриб чиқишса, менинг фикримга қўшилишади. Туҳмат — ёмон нарса. Лекин қанчалик инкор этилмасин, атайлаб ютқазиб берилгани борасидаги фикрим ўзгармайди. Купернинг ёнини оляпти, деб ўйлашмасин. Мен унинг Ўзбекистонга келишини ОАВдан ўқиганман ва ундан 3 ой олдин ишдан кетганман.
Купернинг услуби тўғри келмади, унинг ғоялари эскирган дейишди. Лекин нега ўрнига ундан-да кучлироқ мутахассис олиб келинмади?

«Жасур Жалолиддинов – Абрамов ва Белоус қурбони бўлди». Ёш футболчиларимизнинг алданиб қолаётгани ҳақида
Ўзбекистонлик футбол агенти Жасур Жалолиддиновнинг Россия клубида ўйнаб кета олмагани ҳақида ҳам гапирди.
- Жасур Жалолиддиновнинг трансфер ишидан хабарим бор. У Вадим Абрамов ва Юрий Белоуснинг қурбонига айланди. Футбол агенти ва мураббий ёш болани тангага алмаштиришди, деса бўлади. Улар ёш боланинг ортидан мўмайгина даромад топишди, аммо унинг тақдири, ўйнай олиши ҳақида ўйлашмади. Россияда ўз ҳолига ташлаб қўйишди. Шу воқеаларни кўриб, кўнглим оғрийди. Ёш боланинг ортидан бунча пул ишлаш ва бунақа ҳолатда ташлаб қўйиш – энг паст иш. Афсуски, оддий одамларимизни мана шундай чув туширишмоқда. Белоус қўл остида Москвада ишлаганман. Шу боис унинг қандай айёр одам эканлиги менга маълум.

«Машғулот ўтказишга майдони, яшашга базаси йўқ «етим» миллий жамоа билан ЖЧга чиқишни ўйлаяпмиз»
ЎФА собиқ ходими Ўзбекистон миллий жамоаси жаҳон чемпионатига чиқишга лойиқ эмаслиги ҳақида гапирди.
- Клубларимизни хусусийлаштириш? Ҳозирги вазиятда бунинг имкони йўқ. Бўлса ҳам, мажбурий йўл билан амалга оширилади. Ҳомийлар йўқ. Чунки Ўзбекистон чемпионати қизиқмас. Клубларга пул тикиб, фойда олиш қийин.

Ҳомийларни қизиқтириш учун футболимиз қизиқ ва сифатли бўлиши, келишилган ўйинлар бўлмаслиги, лўттибоз ҳакамларни йўқотиш керак. «Яна бир марта хато қилсанг, жазолайман» деб кечиравермаслик керак. Бир-икки ҳакам ва мураббийларни четлатдик, тўғри. Лекин 5 йилга четлатилган мураббий 2 йил ўтмай қайтиб келяпти. Қонунларимиз ишламагандан кейин қандай қилиб клубларни хусусийлаштириш ҳақида гапириш мумкин?

Келишилган ўйинлар, ҳокимларнинг футболга аралашуви, нотўғри пул сарфланиши билан қаергача бора оламиз? Кўрдик-ку, ҳатто «Пахтакор» шунча ресурс билан ОЧЛ чоракфиналига бора олди, холос. Абрамов қанча пул сарфлади, Суперлигани тўхтатиб хоҳлаган жойида йиғинлар ўтказди. Ҳеч қайси мамлакатда чемпионатни ойлаб тўхтатиб, миллий жамоа йиғинлар ўтказганини билмайман. Сафарларга шунча харажат қилгандан, 1-2та майдон ёки миллий жамоага база қурса бўларди-ку. Машғулот ўтказишга майдони йўқ, яшашга жойи йўқ «етим» миллий жамоа билан жаҳон чемпионатига чиқишни ўйлаяпмиз.

«Номга қараб лавозим берамиз. Бошқа бирор давлатда ишлаб турган ҳакамни раҳбарликка тайинлашганини эшитмаганман»
Ўзбекистон футбол ассоциацияси собиқ ходими жаҳон чемпионатига чиқа олмаганимиздан сўнг ЎФА раҳбарияти истеъфо бермаганидан ҳайронлигини айтди.
- Абрамов билан жаҳон чемпионатига чиқа олмаганимиз янгилик эмас. Лекин аламлиси, ҳеч қачон бу босқичда қолиб кетмагандик. 2 йил ичида натижа қайд этилмади, жаҳон чемпионатига чиқа олмадик. Якунда ЎФА конгрессидан сўнг фақат Абрамов ва Ҳайдаров ишдан кетишди. Нега Эрматов ва унинг гуруҳи истеъфо бермади?

Равшан Эрматов — яхши ҳакам. Бу борада кўплаб ютуқларга эришган. Аммо ҳеч қайси давлатда ҳакамни бирданига раҳбар қилиб қўйишганини эшитмаганман ва кўрмаганман. Нимага қараб бундай қарор чиқаришади, ҳайронман.

Футболга алоқадор одамлар ишлаши керак, деб айтишади. Лекин умрида китоб ўқимаган собиқ футболчиларга қандай қилиб лавозим бериш мумкин? Бизда фаолиятини якунлаган юлдуз ўйинчиларни ёшлар жамоаси ёки миллий жамоага мураббий этиб тайинлашади. Ҳеч қайси давлатда бунчалик тез кўтарилиб бўлмайди. Номга қараб лавозим берадиган бўлиб қолганмиз. Хорижда ҳатто жаҳон чемпиони бўлган футболчиларга ҳам «Кел, федерацияда ишлайсан. Кел, миллий жамоани бошқарасан», деган таклиф билан чиқишмайди.

«Куперни кеткизишга мажбур қилишди». Купер ўрнига Абрамовни чақириш режаси ким ва қачон тузилган?
Санъат Шарипов Ўзбекистон миллий жамоаси етакчиларининг Эктор Купер билан муносабати ҳақида ҳам фикрларини билдирди.
- Купернинг кеткизилгани ҳақида узоқ ўйладим. Айтайлик, ўзимизни қайсидир футболчилар унинг бошқарувида эркин юра олмагани учун ҳам Куперни кеткизишга мажбур қилишди. Чунки ўзимизни етакчи бўлган қария ўйинчиларимиз Купер даврида эркин, бемалол бўла олмади. Сабаби бошқа мураббийлар бўлганида уларга эркинлик берарди-да! Масалан, йиғинлар пайти хоҳласа барча қатори меҳмонхонада ётарди, хоҳласа уйига қайтарди, истаса нонуштага чиқар, истамаса тушмасди. Купер учун эса авторитет деган нарса йўқ эди. Ким бўлишингдан қатъи назар энг аввало интизом – режага амал қилиш эди. Овқат ейсанми-емайсанми жамоа билан бирга ошхонага тушасан.

Кейин эса шунақа воқеалар бўлдики, кимлигини айтмайман, «мен уйга кетсам майлими, ўртоғимнинг туғилган куни бор эди...» дейишарди. Охир-оқибат Купер айтдики, «бу футболчиларнинг хаёли миллий жамоада эмас-ку, уларга нега бунақа эркинлик бериб қўйилган? Уларга пул бераётган бўлсанглар, мамлакат миллий жамоаси шаънини ҳимоя қилаётган бўлса, нега бундай муносабат?» дерди.
Шу боис Купернинг қаттиққўллиги етакчи футболчиларимизга ёқмади ва бундан тезроқ қутулиш илинжида сценарий Фаластин билан ўйиндаги «ўйин»ларга ва бошқа воқеаларга уланиб кетди.

Азиз Ҳайдаровни Купер томонидан 2019 йилги Осиё кубогига борадиган таркибга олинмагани ҳам, ЎФАда ўзгаришлар бўлиб кетгач Ҳайдаровни федерацияда иш бошлаб, миллий жамоа бошқарувида Купер ўрнига ўзи яхши кўрган, ҳурмат қилган Абрамовни олиб келиш режаси тузилиши ўша пайтлардан бошланган, деган фикрдан узоқ эмасман.

«Кападзе ва Бердиев? Миллий жамоани янги даражага кўтара оладиган маҳаллий мураббийларимиз йўқ»
ЎФА собиқ ходими Ўзбекистонда миллий жамоани янги даражага кўтара оладиган мураббийлар йўқлиги ҳақида гапирди.
- Кўпчилик мухлислар Темур Кападзе ва Рўзиқул Бердиевнинг Ўзбекистон чемпионатидаги натижасидан келиб чиқиб, уларни миллий жамоани бошқаришга муносиб дейишади. Аммо ўзимизда Ўзбекистон миллий жамоасини янги даражага олиб чиқа оладиган маҳаллий мураббийлар йўқ. Тўғри, Бердиев яхши мураббий, аммо негадир «Насаф» натижалари фақат шу мутахассис билан боғланади. Нега? Ахир, «Насаф»да бутун бошли система бир хил ишлайди. У ерда академия директори бор, ёш ўйинчилар худди инкубатордан чиққандек ўсиб келяпти. Нима бу ишларнинг ҳаммасини Рўзиқул Бердиев қиляптими?

У «Насаф» тизимига мос келадиган мураббий. Мураббий зўрлигини исботлаш учун марҳамат, бошқа клубга ўтиб ишлаб кўрсин. Бошқа шароитларда ишласин. Биз кўрайлик, ўшандан кейин ҳақиқатан ҳам бу одам кучли мутахассис экан деб миллий жамоани ишониш мумкин. Бердиев яхши мутахассис, бунга гап бўлиши мумкин эмас, аммо «Насаф»да фақат у эмас, бутун тизим яхши ишлайди. Айтайлик, унинг ўрнига Улуғбек Бақоевни ҳам ўша клубга чақирсангиз қўлидаги масаллиқдан фойдаланиб, деярли шунақа ўйин кўрсатиб беришини бемалол айта оламан. Чунки Қаршида тизим ишлаяпти.

Худди шу гапни Темур Кападзе ҳақида айта оламан. У ҳам бошқа клубларга ўтиб, турли шароитларда ишлаб кўрсин. Салоҳиятини тўлиқ кўрсатишсин, бирор жойга бориб мураббийлик малакасини оширишсин. Улар кимдан ўрганади? Телевизор қаршисида ўтириб, тактика ўрганиш иш эмас. Европага бориб, тўлиқ амалиёт ўташ керак, мураббийлар билан суҳбатлашиш лозим.

Мавзудан ташқари бўлса-да айтай, ЎФАдаги фаолиятим давомида маркетинг бўйича клублар мутахассисларини иш ўрганиш, малака ошириш учун Японияга олиб бордик. Ҳаммаси қорин қўйган ёши катта одамлар. Хориждаги стадионларга бирор нарсани ўрганиш эмас, саёҳат, расмга тушиш учун бориб келишди. Ўша бориб келганлардан ҳозиргача бирортасининг футболга фойдаси теккани йўқ. Бориб келгач, худди «пахта плани бажарилди» дегандек хабар берилди. Ҳаммаси хўжакўрсинга бўлгандек эди. Шунақа ишлар учун ҳам футболимиз ривожланмайди, - дейди Санъат Шарипов.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » «Купер ҳимоя қилган футболчилар унга ортдан пичоқ уришди» — Санъат Шарипов Абрамовни ким чақиргани, Равшан Эрматов ва ўзбек футболидаги муаммолар ҳақида