19:27 / 22.08.2021
3 365

ЎФА эътибор қаратиши керак бўлган муҳим жиҳат ва бу борада Хайрулла Ҳамидов ва Алишер Никимбаевнинг нима дейди?

ЎФА эътибор қаратиши керак бўлган муҳим жиҳат ва бу борада Хайрулла Ҳамидов ва Алишер Никимбаевнинг нима дейди?
Бир неча кун аввал ЎФA Ўзбекистон миллий терма жамоасига янги бош мураббий тайинлаш бўйича бир қарорга келгани борасида хабар берди. Унга кўра словениялик мураббий Сречко Катанец номзоди маъқул кўрилган.

Томонлар оғзаки келишувга эришган. Сречко Катанец музокараларнинг якуний босқичини ўтказиш учун юртимизга ташриф буюрди. Энди у ЎФА вакиллари билан келишиб олиши керак бўлади. Ҳозирги кунда у футболимиз ва унга яратилган шароитларни ўрганмоқда...

Шу ўринда бир жиҳатга эътибор берилиши лозим. Эктор Купер терма жамоа устозига айланган пайт унинг штабида ўзбекистонлик мутахассис йўқ эди. Нега ундай бўлгани бизга қоронғу. Балки Купер мураббийлар штабига бошқа одамни аралаштиргиси келмагандир ёки бизникилар бу ҳақда таклиф билан чиқмаган. Нима бўлганда ҳам бу бизнинг зараримизга ишлади. Нима учун? Чунки чет эллик мураббийда қай даражада бўлмасин тажриба бор. Қайсидир жиҳатини ўзлаштиришимиз мумкин. Бу биз учун мактаб вазифасини ўтаб беради. Бироқ Купер пайтида ушбу ишни қилмадик, тайёр тажрибани қўлдан чиқардик.

ЎФА вакиллари Сречко Катанеч билан келишувга эришса, айнан шу жиҳатга эътибор бериши даркор. Чунки маҳаллий мураббий чет эллик мутахассисдан ўрганадиганлари бўлади. Мисол учун, Рўзиқул Бердиев пайтида “Насаф”ни бошқарган Анатолий Демьяненкога ёрдамчи бўлган, Миржалол Қосимов “Бунёдкор”ни “гуллаган” пайти Луис Фелипе Сколарига ёрдамчи бўлган. Якундачи? Якунда улар ҳозирги кунда энг тажрибали ва кучли мураббийлардан ҳисобланади.

Кимни мураббийлар штабига қўйган маъқул?
Юртимизда фаолият юритаётган ёш мутахассислар бор. Бироқ уларнинг ҳаммасида ҳам даража қониқарли эмас. Тимур Кападзе ва Улуғбек Бақоев бошқалардан ажралиб турибди. Шунинг учун иккисидан бирини миллий жамоа мураббийлар штабига киритган ўринли.

Нега айнан улар? Боиси, Кападзе “Олимпик” жамоасини қўлга олган. У шу жамоани Олимпиада сари етаклаши кўзда тутилган. Юқорида айтганларимиз Кападзе учун айни муддао бўлади. Сабаби шу пайтгача Олимпиадага чиқишни уддалай олмаганмиз. Катанецнинг ёнида юриб, билимларини ошириш имкони мавжуд. Орттирган тажрибасини “Олимпик” жамоасида қўллаши мумкин.

Улуғбек Бақоев истеъдодли мураббийлардан бири. Унинг мураббийлик фаолияти кўпчиликни ўзига қаратмоқда. Шунинг учун Бақоев номзоди ҳам чакки эмас.

Бу борада мутахассислар фикри қандай?
Қатар футболида фаолият юритаётган Алишер Никимбаев хорижлик мураббий келганда унинг штабида, албатта, маҳаллий мутахассис бўлиши кераклигига эътибор қаратди.
- Чет эллик мураббий юртимизга келса, унинг талаблари ва фаолиятини ўрганиши лозим. Ким келса ҳам. Чунки ўша мураббийнинг ишини ичидан билиш муҳим.

Кимни қўшиш керак? Менимча, Тимур Кападзени мураббийлар штабига киритган маъқул. У Олимпия жамоасини бошқармоқда ва шу сабабдан Кападзе миллий терма жамоа мураббийлар штабида бўлиши керак, деб ўйлайман. Икки терма жамоа битта услубда ўйнаши кераклигини инобатга олиб, шундай йўл тутган яхши.

Шунингдек, Улуғбек Бақоевни ҳам бу ўринга тавсия қилган бўлардим. Унинг фаолиятига эътибор қаратсак, Бақоев доим муаммолари бор клубларда ишламоқда, яъни етакчи жамоаларда эмас. Унинг ишини каттароқ клубда кўрмоқчиман. Агар Тошкент жамоаларида ишласа, ўзининг бошқа томонларини ҳам намойиш этар. Шу боис Бақоев хорижлик мураббийлар штабига кириш учун номзодлардан бири бўлиши шарт
, - деди Никимбаев.

SPORTS.uz сайтининг ютубдаги саҳифасида ташкил этилган кўрсатувда таниқли шарҳловчи Хайрулла Ҳамидов ҳам бу борада ўз фикрларини баён этди.
- Равшан Ҳайдаров бу ўрин учун яхши номзод. Чунки у йиллар давомида шундай лавозимда ишлаган. Маҳаллий мураббийларда ҳам, ўзидан кейин чиққан мутахассислар пайтида ҳам ёрдамчиси бўлиб фаолият юритган.

Равшан Ҳайдаров ёрдамчилик қилган кезлари бу ишни қилишда оғринмаган. Бу характер билан боғлиқ. Ҳайдаров бош мураббийликни кўп ўйламагани эътибори билан тўғрироқ, адекватроқ маслаҳат бера олади. Бошқаларда сал қизғанишроқ бўлиши мумкин, бизни ўрнимизга келди деб. Булар Равшан Ҳайдаровда бўлмаслиги аниқ
, - деди Хайрулла Ҳамидов.

Бекзод ИСАЕВ

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » ЎФА эътибор қаратиши керак бўлган муҳим жиҳат ва бу борада Хайрулла Ҳамидов ва Алишер Никимбаевнинг нима дейди?