Ўзбекистон миллий терма жамоасининг янги бош мураббийи этиб тайинланиши кутилаётган Сречко Катанец ҳақида кўпчилик ўз муносабатини билдиряпти.
Ўз вақтида бош жамоамиз шарафини ҳимоя қилган ва бугунги кунда “Пахтакор” клубида спорт директори сифатида фаолият олиб бораётган Жаъфар Ирисметов ҳам Sports.uz мухбири билан суҳбатда Катанец бўйича ўз фикрларини билдирди.
- Сречко Катанец борасида қандай фикрдасиз? Биз бу орқали тўғри танловни амалга ошира олдикми?
- Катанец бўйича кўп ҳам маълумотга эга эмасман. Адашмасам, бир ярим йил олдин сафарга борганимда Ироқ терма жамоасини бошқаришини билгандим. Ироқ терма жамоасини кейинги босқичга олиб чиққани ва гуруҳида биринчи ўринни эгаллагани эсимда эди, жамоаси яхши ўйин кўрсатган. Лекин шахсан бу мураббийни яқиндан билмайман. Сречкони танлаган инсонлар у ҳақда кўпроқ биладилар деб ўйлайман. Катанец бизнинг футболга тўғри келадими-йўқми? Масалан, Эктор Куперни олиб келганимизда хато қилганимизни билганмиз. Чунки у мураббий футболимизга тўғри келмасди. Мураббийни танлашда ўзбек футболига мос келишига ҳам эътибор қаратиш керак. Негаки, бизни жамоамиз кўпроқ ҳужумкор футбол хоҳлайди. Купер эса қарши ҳужумда ўйнарди. Катанец терма жамоамизда қандай ишлашини вақт кўрсатади.
- Кўпчиликнинг фикрига қараганда, Купер билан Катанецнинг ўйин услуби бир-биридан катта фарқ қилмаса керак. Сречко Тошкентга келган илк кунидаёқ интервью бериб, футболда натижа муҳим экани ҳақида айтганди. У ҳам аввало ўйинни ҳимоядан бошласа керак. Бу борада Купер билан Катанец бир хил эмасми?
- Менимча, бир хил эмас. Сречко Катанец қарши ҳужум деган бўлиши мумкин. Купер ҳаддан ортиқ ҳимоядан ўйнарди. Катанец Ироқ терма жамоасини бошқарганида унинг ўйинини кўрганман ва у қадар ҳимоявий футбол эмасди. Шунинг учун янги мураббий чуқур ҳимояга асосланган ўйинни ташкиллаштирмаса керак, деб ўйлайман. Айниқса, бизнинг футболчиларимиздан келиб чиққан ҳолда ҳимоявий ўйин ўйнамайди.
- Билишимизча, ЎФА раҳбариятида бош мураббий лавозими учун кенгайтирилган рўйхат бўлган. Масалан, Кейрушга ҳам алоқага чиқишгани маълум бўлди. Ўзингиз терма жамоамизда қайси мутахассисни кутгандингиз?
- Мен эшитганлар орасида ҳар хил номзодлар бўлди. Ўйлашимча, Шота Арвеладзенинг номзоди яхшироқмиди, яна билмадим. У билан бирга ишлаганим учун яқиндан билардим. Арвеладзе ўзбек футболи ва менталитетимиздан яхши хабардор. Номзодлар орасида Арвеладзе ҳам бор эди. Катанец танланди, энди бирор нима дейиш қийин. Кейинги беш йилда шу мураббий билан ишлаймиз. Менимча, энди ушбу мутахассис ҳақида ўйлашимиз керак. Кимнидир муносиб ёки муносиб эмасди, деб айтиш қийин.
- Бош мураббий танлангани билан ҳаммаси фақат унинг ўзигагина боғлиқ эмас. Тангани орқа томони ҳам бор. Терма жамоа ва футболимизга бўлган эътиборни янада яхшилаш, камчиликларни бартараф этиш каби масалалар ҳам асосий ўринга чиқади. Терма жамоамиздаги асосий камчиликлар қандай ва Катанецга яхши бўлиши учун нималарни ўзгартириш лозим?
- Фақат камчиликлар ҳақида гапирадиган бўлсак, жуда кўп. Катанец билан “Пахтакор” – “Турон” ўйинида учрашиб, гаплашдик. У майдонларимизнинг ҳолатидан жуда ҳам хафа. Менимча, кўриб шокда бўлди. Майдонлар сифати яхши эмас деди. Шароитни яхшилашимиз ва чемпионатимизни кучайтиришимиз лозим. Суперлига қанчалик кучли бўлса, терма жамоага шунча фойдаси бўлади. Яхши савиядаги ўйинчиларимиз кўп. Арвеладзе кетганидан кейин майдонлар яхши ҳолатда эмас. Майдонда футболчилар ўйнайди. Агар унинг сифати яхши бўлмаса, ҳеч нима қизиқ бўлмай қолади. Футбол ўйнаш ўрнига майдон билан курашиш бўлади. Жаҳон чемпионатига чиқишни хоҳласак, барча камчиликларни бартараф этишимиз керак. Айбни фақатгина футболчиларга ағдариш ҳам нотўғри. Шароитларга ҳам қараш керак.
- Арвеладзенинг терма жамоага келишини кутганмидингиз?
- Бирор нарса дейишим қийин. Чунки мен қандай ҳолат бўлганини билмайман. Ҳозирги вазиятга келиб у ҳеч қайси жамоани қабул қилиб олгани йўқ. Ўйлашимча, Шота Арвеладзе бемалол терма жамоани қабул қилган бўларди. Олдинги йилларда ўзи билан терма жамоа ҳақида гаплашганимда агар ишонч билдиришса, бош жамоани бошқаришга тайёрлигини билдирганди. У ёғи нима бўлганини билмайман.
- Терма жамоамизга четдан ҳам, ўзимиздан ҳам мураббийни қўйяпмиз, бироқ нимадир етишмаяпти. Масалан, Куперга барибир охиригача имкон тақдим этилмади. Кейин Абрамов. У билан нима бўлганини энди ҳамма билади. Фикрингизча, хорижлик мутахассисни терма жамоамизда ишлашининг ижобий ва салбий томонлари қандай?
- Ҳар қандай ҳолатда ҳам терма жамоа мураббийи клубга боғлиқ бўлмаслиги керак. Қайсидир клуб устози терма жамоа бош мураббийи этиб тайинланса, барибир ўз жамоасидаги ўйинчиларга кўпроқ таянади, ҳатто у клубидан кетган тақдирда ҳам. Шу боис терма жамоада бетараф мутахассис бўлгани ҳам яхши. Хорижлик мураббий палончи ёки пистончи футболчини олибди, деган гап-сўзлардан қутулади. У вазиятга реал кўз билан қарайди ва шунга асосан ўйинчиларни танлайди. Албатта, четдан келган мутахассис менталитетимизни ўрганиши керак бўлади. Футболчиларимизнинг характери қанақа, имкониятлари...шуларни ўрганиш учун ҳам вақт кетади. Биз буни ўзимизда ҳам хорижлик мураббийлар билан ишлаш орқали биляпмиз. Куперга кам вақт берилди деб айтиляпти-ку. Балки ростдан унга кам вақт берилгандир.
Вадим Абрамовни иккинчи марта бош мураббийликка қўйишди. Кимгадир ишонч билдирилдими, унга ишониш керак. Шубҳаланиш яхши эмас. Катанецга ишонч билдирилдими, энди барчамиз унга ишонишимиз, ёрдам беришимиз керак. Масалан, “Пахтакор” клуби барча ёшдаги терма жамоаларимизга ёрдам бериб келади. Катанецга ҳам ёрдамлашамиз. Терма жамоамиз ютса, жаҳон чемпионатига чиқса ҳаммамизга яхши-ку! Раҳбарият томонидан футболни ривожлантириш учун анча ишлар қилиняпти. Лекин мавжуд камчиликларни ҳам бартараф қилиш лозим. Четдан Моуриньо ёки Гвардиолани олиб келганимизда ҳам натижа бўлмаслиги мумкин. Чунки ҳал қилинмаган бошқа муаммолар ҳам бор. Четдан мутахассис келгани, бўлди, биз мундиалга чиқдик, дегани эмас.
Шуҳратбек Жўраев
“Замин” янгиликларини “Youtube”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Иммунитетни кўтариш учун 6 та энг яхши витамин
НАТО собиқ қўмондони: “Путин Украинанинг тахминан 20 фоизини қўлга киритади”
Фронтдаги вазият: Россия ҳарбийлари Курск областида қарши ҳужумга тайёрланмоқда
Украина ҚК бош қўмондони: “Фронтдаги вазият мураккаб ва кескинлашиши мумкин”
Трамп Путинга қўнғироқ қилиб, Украинадаги урушни муҳокама қилди
Россия Курск вилоятидаги ҳудудларини қайтариб олишга 50 минг ҳарбий тўплади
АҚШ Исроилга пули тўланган бульдозерларни бермади
Трампнинг ўғли Зеленский яқин орада «нафақадан» маҳрум бўлишини ёзди