00:07 / 13.10.2021
2 934

Катанец ҳам "бошлади!" ёхуд Малайзия яхшидикан-а?

Катанец ҳам "бошлади!" ёхуд Малайзия яхшидикан-а?
Ўзбекистон миллий терма жамоасининг Иорданияда ташкил этган ўқув-машғулот йиғини тугади. Режага кўра, у ерда вакилларимиз иккита ўртоқлик учрашувини ўтказди. Дастлаб Малайзия 5:1 ҳисобида тор-мор келтирилди, иккинчи ўйинда мезбон – Иорданияга қарши учрашувда “меҳмоннавозлик” кўрсатиб, рақибнинг учта голига жавоб қайтара олмадик.

Бу Сречко Катанецнинг терма жамоа бош мураббийи сифатида иккинчи йиғини бўлди. Дастлаб Тошкентда машғулотлар ўтказгач, сўнгра сафарда Швеция билан ўйин ўтказилганди. Терма жамоамиз янги мураббийлар штабининг ихтиёрига берилгач, энди турли-туман ўзгаришлар кутишимиз табиий. Айтайлик, таркиб ва ўйин услуби бўйича.

Биласизми, бундан аввал терма жамоамизнинг Швецияга қарши майдонга тушишини эшитганимизда хурсанд бўлганмиз. Чунки ўзимиздан кучли ва Европада ўз ўрнига эга жамоа. Аммо кейинги рақибларимизни эшитганимизда олдингидек хурсанд бўлдик деб айтишга асосимиз йўқ. Нимага? Чунки Малайзия ҳам, Иордания ҳам биздан кучли эмас. Лекин вазият тақозосига кўра, вақти-вақти билан шундай рақибларга қарши ўйнаб туриш ҳам керак экан-да! Малайзияга ҳурматни сақлаган ҳолда айтамизки, бу ўйиндан биз ҳеч нима ютмадик. Таблодаги 5:1 ҳисоби эса ҳеч нимани англатмайди. Чунки ўзимиздан кучсиз бўлган рақибдан нимани ўрганамиз? Қайтанга, муаммоларимиз ва камчиликларимиз кўринмай кетади, бундай ўйинларда.

Иорданияга келсак, ёмон рақиб эмас. Лекин боя айтдик, биздан устун жойи йўқ. Аммо Аммандаги учрашувда мезбонлар бизнинг хатоларимизни яққол кўрсатиб берди. Айниқса, ҳимоядаги заифлигимиз барибир панд берди. Катанец учун бу жиддий муаммога айланган бўлса ажаб эмас. Лекин ўзимиздан кучли бўлмаган рақибга 3:0 ҳисобида ютқазганимиз жуда ёқимсиз бўлди. Тушунамиз, словениялик мураббий яқинда иш бошлади ва у ҳали футболимизни тўлиқ ўзлаштириб олгани йўқ. Ҳали танишиш ва мослашиш жараёнида. Шуни ҳисобга оладиган бўлсак, ҳозирча бу мағлубият учун уни аёвсиз танқид қилмай турамиз. Зеро, терма жамоа янгитдан шакллантирилмоқда. Шунинг учун бундай пайтда ғалабалардан ортиқча қувонмай, мағлубиятлардан ранжимай, сабр қилиб кутиб турамиз.

Танқид қилиш муаммо эмас. Ўйлашимизча, Иорданияга бой берилган йирик ҳисобдаги мағлубиятдан кейин Катанец қандай жамоани бошқараётганини янада яхшироқ тушуниб етди. Айниқса, нозик жойларимиз, қайси позициялар кучсизлиги каби жиҳатлар мураббийлар учун аниқ кўринди. Балки мураббий энди ўйинни тўлиқ ҳимоядан қуришни бошлар, балки бошқа услубни жорий қилар, ҳар қалай Катанецни осон бўлмаган иш жараёни кутиб турибди.

Ўйиндан кейин дарҳол ижтимоий тармоқларда терма жамоамизнинг ўйини хусусида турли хил фикрлар янграшни бошлади. Барчаси бир-биридан қизиқ. Лекин ишонинг, бундай мағлубиятларга кўникиб қолганмиз. Шунинг учун Иордания билан учрашувдаги мағлубиятни шармандали деб ҳисобламай турамиз (гарчи оғриқли бўлса-да). Қолаверса, бахтимизга бу расмий мақомда эмасди, гарчи рейтингга таъсир қилса ҳам. Мухлислар томонидан “Малайзия яхшидикан”, дея хазиломуз тарзда билдирилаётган фикрларни ҳам ўқияпмиз.

Ўша гап: сабр қилиб турайлик-чи! Катанец нима қилаётганини билади, деб умид қиламиз. Ҳали яна чақирилмаётган терма жамоа футболчилари ҳам бор. Ёдингизда бўлса, мураббий футболчиларимизга тажовузкорлик ва тезлик етишмаслиги ҳақида айтганди. Шундай фикрни “Нефтчи”да жисмоний тайёргарлик бўйича ишлаётган сербиялик мураббий Александр Стожмирович ҳам Sports.uz сайтига берган интервьюсида айтди ва ўзбек футболчилари ўйин охиригача чарчаб қолаётгани, уларга тезлик етишмаслигини алоҳида таъкидлади. Четдан келган мутахассисларга муаммоларимиз яққол кўзга ташланади.

Тан оламиз, футболимиз тез эмас. Сречко буни яхши билиб турибди. Демак, у ўз билими ва тажрибасини бу ерда кўпроқ ишлатишига тўғри келади. Бироқ, афсуски, Катанец ҳам “бошлади!”. Бу йирик мағлубият унинг терма жамоамиздаги фаолиятида биринчиси ва охиргиси бўлиб қоладими-йўқми билмадик, лекин унга ишонишда давом этамиз. Бундан бошқа иложимиз ҳам йўқ-да. Балки ушбу мағлубият биз учун яхшиликка хизмат қилар...

Шуҳратбек Жўраев

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Катанец ҳам "бошлади!" ёхуд Малайзия яхшидикан-а?