12:43 / 25.10.2021
2 028

"Турон"нинг маслаҳатчи мураббийи клубнинг омадсизлиги ва Шквириннинг истеъфоси ҳақида

"Турон"нинг маслаҳатчи мураббийи клубнинг омадсизлиги ва Шквириннинг истеъфоси ҳақида
Шу йили Суперлигада дебютини ўтказишни бошлаган “Турон” бир йилдаёқ яна жойига қайтиши катта эҳтимол бўлиб турибди. Жамоанинг кетма-кет мағлубиятлари туфайли қийин аҳволга тушиб қолган. Игорь Шквирин эса “Бунёдкор”даги мағлубиятдан кейин клубдан кетди.

Ўша учрашувдан бир неча кун аввал “Турон”да маслаҳатчи мураббий сифатида Баҳром Ҳакимов иш бошлаган. Мухлисларга яхши таниш бўлган ушбу мутахассис “Турон” клуби янги ташкил этилган маҳалда ҳам жамоани бошқарганди. Хуллас, раҳбарият билан Ҳакимов ўртасидаги илиқ муносабат сақланиб қолган. Шу боис бўлса керак, уни жамоага қайтардилар. “Турон”нинг ҳозирги муваффақиятсизлиги ва Шквириннинг истеъфоси хусусида Ҳакимов шундай деди:

- Битта фикрга бордимки, хато бугун ёки кеча бўлгани йўқ. Хато қишда бўлган. Ҳамма ўзининг хатосини яхши билса керак. Лекин мен муҳокама қилмайман. Шквиринда ҳам, Исмоиловда ҳам бироздан омад етишмади. Кўрган бўлсангиз, футболчилар бор кучини беряпти. Омад юз ўгиряпти, айрим паллаларда қўпол хатоларга йўл қўйишяпти. Барибир икки-уч ой ичида жамоа тузиш қийинроқ. Эсингизда бўлса, ўз вақтида “Андижон”ни қабул қилиб олганимда асосий таркибдан 7-8 нафар ўйинчилар қолган. Бу ерда мураббийлар ўз ўйинига мослаб селекция қилишган.

Шу ўринда раҳбарларга раҳмат. Улар жамоа учун шароитларни яратди. Шунга яраша натижа бўлмаса ачинади. Нимага деганда, шунча маблағ сарфланди. Фақат ишлаётганлар масъулиятни чуқур сезмади-да. Чунки бу ердаги масъулият катта эди. Клуб хусусий бўлгани учун раҳбарият чўнтагидан сарфлаяпти. Улар Ислом Исмоилов ва Игорь Шквиринга имконият беришди. Аммо раҳбарият билан суҳбатлашганда биляпманки, улар тўхтаб қолмоқчи эмаслар. Муҳими, “Турон” “Обод”га ўхшаб қолмайди.

Клуб академиясини очади. Қурилишлар кетяпти. “Турон” нинг 14, 16, 18 ёшдаги жамоаларини кўрдим, ўринбосарлар ўйинини ҳам кузатдим. Яхши болалар бор, ўсяпти. Кўпи маҳаллий. Бу яхши, чунки уларнинг ўйинини яқинлари, дўстлари кўради. Мен Қўқонда ишлаганимда ютқазсак икки-уч кун кўчага чиқа олмасдим (кулади). Ишлаган жойларимда маҳаллий йигитларга кўпроқ таянардим. Ёдингиздами, “Насаф”да шундай қилганман. Тўғри, бирданига маҳаллийлаштириш қийин. Бу босқичма-босқич амалга ошадиган жараён. Асосийси, раҳбарларнинг хоҳиши бор.

Шквиринни кетишига келсак, бу унинг қарори. Аслида мени ёзда чақиришганида Шквирин билан бу тўғрисида гаплашгандик. Фақат ўшанда нимадир бўлиб амалга ошмай қолганди. Маслаҳатчи мураббий сифатида ўзини қандай тутиши ва нима қилиши кераклигини биламан. Ўз пайтида МҲСКда ишлаганимда Тихонов менга маслаҳатчи эди. Ундан кўп нарсани ўрганганман. “Турон”да маслаҳатчи бўлсам-да, бош мураббий бор эди ва унинг ишига аралашмасдим. Агар мендан қандайдир маслаҳат сўраса берардим. Шквиринга омад келмади. Лекин иккинчи даврада кўпроқ очко олаётганди. Ҳар ўйинда кўп имкониятлар яратиляпти, аммо тўп дарвозага кирмаяпти. Мана, “Бунёдкор”га қарши ҳам жамоа ёмон ўйнамади. Фақат футболчиларнинг хаёлида тўртта ўйинни ютиш керак, деган ўй бор эди. Жамоа ёмон эмас. Лекин қаердадир хатолар бўлган.

Фақат ҳамма ўзининг хатосини ўзи таҳлил қилиши керак. Мен эса бошқаларни хатосини гапирсам яхши эмас. Раҳбарларга ҳам у ундай қилди, буниси бундай қилди, деб айтмайман. Барибир охиригача ўйнаймиз. Сўнгги ўйиндан кейин йигитлар билан гаплашдим. Дам олинглар, аммо ким ишонмаётган бўлса, шартномани икки томонлама бекор қилиб кетаверсин дедим. Лекин олдимизда учта ўйин бор экан, “Турон” охиригача курашади. Қўлни туширганимиз йўқ. Хурсанд қилгани, футболчилар “Бунёдкор”га қарши бор кучини берди. Агар Қаюмов вазиятдан фойдаланиб гол урганида ҳаммаси бошқача кечарди.

Энди жамоада катта мураббий сингари футболчиларни кейинги ўйинларга тайёрлаймиз. Бу ерда Анвар Бердиев ва яна бошқалар ҳам бор. Биз маслаҳатлашиб иш кўрамиз. Албатта, масъулиятни ўзимдан олганим йўқ. Тўғри, раҳбарлар натижалардан ранжиган. Лекин бошлаган ишидан қайтмоқчи эмас. Ярим йўлда ташлаб кетмайдилар, - дея фикрини якунлади, Ҳакимов.

Шуҳратбек Жўраев

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » "Турон"нинг маслаҳатчи мураббийи клубнинг омадсизлиги ва Шквириннинг истеъфоси ҳақида