Аргентина паспорти учун 350 минг долларлик дастур эълон қилинди

ҚисқачаAI ёрдамида тайёрланганКўрсатиш
- Аргентина ҳукумати хорижликларга инвестиция эвазига фуқаролик олиш имконини берувчи янги дастурни эълон қилди, бу дастур 2026 йилнинг тўртинчи чорагида ишга туширилиши режалаштирилган.
- Дастур доирасида фуқаролик олиш учун мамлакат Ғазначилигига 350 минг доллар қайтарилмайдиган маблағ киритиш ёки 800 минг долларлик давлат облигациясини сотиб олиш мумкин.
Аргентина ҳукумати хорижликларга инвестиция эвазига фуқаролик олиш имконини берувчи янги дастурни эълон қилди. Ариза қабул қилиш жараёни 2026 йилнинг тўртинчи чорагида бошланиши режалаштирилган. Бу ҳақда Аргентина Иқтисодиёт вазирлиги маълум қилди.
Дастур бўйича фуқаролик олишнинг икки йўли таклиф қилинмоқда. Биринчи вариантда мамлакат Ғазначилигига 350 минг доллар миқдорида қайтарилмайдиган маблағ киритиш керак. Иккинчи вариантда эса дастур учун махсус чиқариладиган 800 минг долларлик давлат облигациясини сотиб олиш мумкин.
Аргентина ҳукумати аризаларни хавфсизлик ва молиявий шаффофлик талаблари асосида текширишини билдирган. Маблағлар расмий молия тизими орқали ўтказилиши, ариза берувчилар эса пулларни легаллаштириш ва терроризмни молиялаштиришга қарши текширувлардан ўтиши керак.
Дастурда оила аъзолари учун ҳам алоҳида шартлар белгиланган. Турмуш ўртоғи ва 18 ёшдан 25 ёшгача бўлган, никоҳдан ўтмаган ва фарзанди бўлмаган фарзандлар 100 минг долларлик бадал орқали фуқароликка ариза бериши мумкин. 18 ёшга тўлмаган фарзандлар учун бу сумма 25 минг доллар этиб белгиланган. Масалан, бир аризачи, унинг турмуш ўртоғи ва икки нафар вояга етмаган фарзандидан иборат оила учун умумий сумма 500 минг доллар бўлади.
Аргентина фуқаролигини инвестиция орқали олиш учун мамлакатда маълум муддат яшаш талаби дастурнинг ушбу йўналишида асосий шарт сифатида белгиланмаган. Бироқ ҳар бир ариза бўйича алоҳида текширув ўтказилади ва якуний қарорни Аргентина Миграция миллий бошқармаси қабул қилади.
Аргентина паспорти билан кўплаб давлатларга визасиз саёҳат қилиш мумкин. Жумладан, паспорт маълумот базаларида Шенген ҳудудидаги давлатларга қисқа муддатли сафарлар учун визасиз кириш имконияти кўрсатилган. Визасиз йўналишлар сони манба ва ҳисоблаш усулига қараб фарқ қилади.
Янги дастур Аргентина ҳукуматининг хорижий капитални жалб қилиш ва инвестиция муҳитини яхшилаш сиёсати доирасида амалга оширилмоқда. Ҳукумат дастурни 2026 йил охиригача ишга туширишни режалаштирган.































Изоҳлар 0
…