08:20 / 09.01.2022
1 385

Эрон матбуоти "ёрилишни" бошлади

Эрон матбуоти "ёрилишни" бошлади
Хабарингиз бор, ОФК Эроннинг икки етакчи клуби "Персеполис" ва "Истиқлол"ни бу йил ОЧЛга қўймайдиган бўлди.

Осиё чемпионлар лигаси Осиё клублари учун энг нуфузли мусобақа ҳисобланади ҳамда кўп жамоалар бунда зафар қучишни истайди. ОФК қарорига кўра, "Персеполис" ва "Истиқлол" ОЧЛда ўйнаш ҳуқуқини берувчи лицензия шартларини тўлиқ бажармаган. Маълумки, лицензия олмаган клуб чемпионлар лигасида иштирок эта олмайди.

"Персеполис" ва "Истиқлол" стадион хавфсизлиги билан боғлиқ ҳужжатларни чала тўлдирган, шунингдек клуб ходимлари рўйхати ва клуб хўжайинлари ким эканлиги (яъни, клуб кимга қарашли) эканини очиқ баён этмаган. Натижада ОФК бу икки клубга лицензия бермасликни лозим топди.

Ушбу янгилик эълон қилингач, Эрон матбуоти секин-аста вазиятни ўргана бошлади. Хусусан Tehrantimes.com сайти мухбири Фаррох Хесаби бу ҳақда мақола чоп этиб, биринчи навбатда клубларни айблади. Негаки ҳар иккала клубда лицензия билан боғлиқ муаммолар борлиги ОФК томонидан бир неча бор айтиб келинган, бироқ на "Истиқлол", на "Персеполис" бунга жиддий аҳамият берган.

Маълумки, лицензия олиш учун барча керакли маълумотлар инглиз тилида тўлдирилади. Лекин клублар баъзи маълумотларни таржима қилмасдан форсчада жўнатган, ОФК эса буни қабул қилмаган.

Журналист Фаррох Хесаби бунинг учун биринчи навбатда клублар раҳбариятини айбдор деди. "Тасаввур қиляпсизми, клубларнинг масъулиятсизлиги сабаб 10 миллионлаб мухлислар ўз севимли жамоаларини бу йил Осиё чемпионлар лигасида кўра олмайдилар. Бу мухлислар учун қаттиқ зарба", деб ёзган Tehrantimes.com мухбири.

Вазиятдан хабар топган "Персеполис" бош мураббийи Яҳё Гулмуҳаммади шундай деди: "Мен шокдан. Биз чемпионлар лигасида ўйнамаймиз. Буни қабул қилиш шахсан мен учун жуда оғир. Зудлик билан айбдорларни топиб жазолаш керак".

"Истиқлол" футбол клуби ижрочи директори Ҳожжат Карими ҳам матбуот орқали чиқиш қилиб, ўз фикрини қуйидагича изоҳлади: "Бу ҳаммадан ҳам ишқибозларга катта зарба бўлди".

Эронда чоп этиладиган Khabar Varzeshi газетасининг ёзишича, "Персеполис" билан "Истиқлол"нинг хўжайинлари битта, яъни ҳар икки клубни Эрон спорт вазирлиги бошқаради. ОФК октябрь ойида вазирликни бир пайтнинг ўзида иккита клубга эгалик қила олмаслиги ҳақида огоҳлантирган, лекин ўша пайт бунга ҳеч ким жиддий қулоқ солмаган.

Эрон футбол федерацияси вакили Дариуш Мостафави эса айбни сиёсатга ағдаришни маъқул деб билди. "Энг катта муаммо, футболга сиёсатнинг аралашуви", деди у.

Федерация президенти Шаҳобиддин Азизи-Кадим ҳам телевидения орқали чиқиш қилиб, вазиятни тўлиқ ўрганишга ва ОФК билан бу борада учрашишга ваъда берди.

Хуллас, буёғига воқеалар ривожини кузатамиз.

Х.Холиқов.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Эрон матбуоти "ёрилишни" бошлади