Саудия Арабистонининг Ар-Риёд шаҳрида Испания Суперкубогининг ярим финалида «Барселона» ва «Реал» 12 январь, чоршанба куни ўзаро баҳс олиб боради. Қуйида мазкур учрашувга оид маълумотлар ва қизиқарли фактлар тақдим этилади.
12 январдан 16 январга қадар Испания Суперкубогининг янгича формати кетма-кет учинчи марта бўлиб ўтади. Мусобақада «Атлетико» (Испания чемпиони), «Барселона» (Испания Кубоги соҳиби), «Атлетик» (Испания Суперкубоги соҳиби ва Кубок финалчиси) ва «Реал» (Испания вице-чемпиони) иштирок этади. 12 ва 13 январь кунлари ярим финал учрашувлари бўлиб ўтади. Ғолиблар 16 январь куни Испания Суперкубоги финалида иштирок этади.
Испания Суперкубоги — «Барселона» учун жорий мавсумда ҳеч бўлмаганда битта соврин қўлга киритиш имконияти
Хави учун бу мураббийлик фаолиятидаги илк «Эль-Класико» бўлади. Мутахассис Испания Суперкубоги жорий мавсумда ҳеч бўлмаганда битта соврин қўлга киритиш учун имконият эканлигини тушуниб турибди. Испания чемпионатида «Реал» ва «Севилья»га етиб олиш қийин (каталонияликлар «Реал»дан 17, «Севилья»дан 12 очко ортда қолмоқда), Чемпионлар Лигасидан чиқиб кетди, Европа Лигасида эса «кўк-анорранглилар» билан бемалол кураша оладиган жамоалар етарли. Кубок мусобақалари захира бўлиб қолмоқда. Испания Кубоги 1/8 финалида «Барселона» «Атлетик» билан баҳс олиб боради ва бу учрашув ҳам осон кечмаслиги аниқ.
2022 йилнинг бошида «Барселона» учта қийин ўйинда иштирок этди. Ла Лига доирасида «Мальорка» устидан 1:0 ҳисобида базўр ғалаба қозонди. Испания Кубогида эса учинчи дивизион вакили «Линарес» қийинчилик билан 2:1 ҳисобида таслим этилди. «Гранада»га қарши меҳмондаги учрашувда эса 1:0 ҳисобини ушлаб қололмади, 89-дақиқада рақиблар мувозанатни тиклаб, каталонияликларнинг 3 очко олишига тўсқинлик қилди.
Мавсумни аъло даражада ўтказаётган «Реал»
Мадридликлар Испания Суперкубогининг асосий фаворити ҳисобланади. Карло Анчелотти қўл остида жамоа мавсумни аъло даражада ўтказмоқда. Тўғри, кучсизроқ жамоаларга қарши ўйинларда омадсизликлар бўлди, аммо ҳозирги тиғиз тақвимда исталган клуб ҳам юз фоизлик натижа кўрсата олмайди. «Реал» «Интер», «Шериф» ва «Шахтёр»ни ортда қолдириб, гуруҳда биринчи ўринни эгаллаган ҳолда Чемпионлар Лигаси плей-офф босқичига чиқди. Испания чемпионатида ҳам 49 очко билан пешқадамлик қилмоқда.
Аммо 2022 йил «Реал» учун кўнгилсиз бошланди. Мадрид жамоаси «Хетафе»га ютқазиб қўйди. Ундан сўнг Испания Кубогида «Алкояно» таслим этилди. Ла Лиганинг сўнгги турида «Валенсия» йирик ҳисобда мағлуб этилди. Учрашувда Винисиус Жуниор ва Карим Бензема иккитадан голни ўз ҳисобига ёздириб қўйди.
«Барселона» ва «Реал» ҳақида қизиқарли фактлар
- Жамоаларнинг ўзаро охирги 20 ўйинида тенглик юзага келган. 8 та ўйинда каталонияликлар зафар қучган бўлса, 8 та ўйинда мадридликларнинг қўли баланд келган. Яна 4 та учрашувда дуранг натижа қайд этилган;
- «Барселона» барча мусобақаларда сўнгги 5 ўйинининг 3 тасида ғалаба қозонган, 2 тасида дуранг натижа қайд этган;
- «Реал» барча мусобақаларда сўнгги 5 та ўйинда 3 та ғалаба, битта мағлубият ва битта дурангга эришган;
- Жамоаларнинг ўзаро сўнгги 4 ўйинида «қироллик клуби» вакиллари ғалаба қозонмоқда.
Мураббийларнинг ўйин олди фикрлари
- "Бу финалга чиқиб, соврин учун курашишга бўлган чақириқ. Ушбу ўйин бурилиш нуқтаси бўлиши мумкин. Ўзимизни кўрсатиш ва ҳимояда ишончли ўйнашга ҳаракат қиламиз.
«Реал» ажойиб формада, мусобақа жадвалидан келиб чиқсак, балки, улар ҳозир Испанияда энг яхшисидир. Биз эса ўзимизнинг кучли томонларимизни кўрсатиб, курашишимиз лозим. Уларга муаммо туғдира оламиз. Охиригача курашамиз.
Жуда кўп «Класиколар»да майдонга тушганман. Баъзан фаворит ҳисобланиб, ғалаба қозона олмаганмиз, баъзан эса тескариси. «Барселона»да ҳозир қайта қурилиш ишлари кетмоқда, шундай бўлса-да курашга тайёрмиз. Қийин бўлиши табиий, ахир «Реал» Ла Лигадаги энг ажойиб формада бўлиб турган жамоа", - деди «Барселона» бош мураббийи Хави.
- "Биз ўйинга яхши ҳолатда келдик. Суперкубокни уйга олиб кетишни истаймиз. Бу мавсумдаги илк соврин бўлади.
Ўйинда ҳамма нарса бўлиши мумкин. Ғалаба ҳам, мағлубият ҳам. Лекин дуранг бўлмайди, ғолиб аниқланиши керак. Бу мавсумда биздан кўра кўпроқ муаммоларга дуч келган кучли рақиб билан қўлимиздан келганича ўйнашимиз керак, аммо ҳар иккала жамоада ҳам мақсад битта — финалга чиқиш.
«Класико» ҳар доим тенг ўйин бўлади. Рақамлар ва Ла Лигадаги ҳолат муҳим эмас. Бу Испания Суперкубоги ярим финали. Учрашув 0:0 ҳисобида бошланади.
«Барселона»да ҳар доим жамоага ёрдам берадиган Пике, Бускетс, Хорди Альба каби фахрий футболчилардан ташқари, ёш футболчилар ҳам ажралиб туради: Гави ва Нико Гонсалес. Уларни ёрқин келажак кутмоқда деб ўйлайман", - деди Карло Анчелотти.
«Барселона»—«Реал» учрашуви 12 январдан 13 январга ўтар кечаси соат 00:00 да бошланади. Испания Суперкубоги ярим финалидан ўрин олган иккинчи ўйин — «Атлетико» — «Атлетик» баҳси 13 январь санасига белгиланган. “Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Боррел ЕИнинг Исроил билан мулоқотини тўхтатишни таклиф қилди
Блинкен Исроилдан учта муаммони ҳал этишни талаб қилди
АҚШ Исроилнинг икки вазирига санкция қўлламоқчи
Кремль Украина бўйича музокарада шартлар қўйишга уринмоқда
Рақобат қўмитаси биржада Аи-80 бензини бошланғич нархига чеклов ўрнатди
НАТО бош котиби Украинанинг фронтдаги аҳволи ёмонлашганини тан олди
КХДР етакчиси дронларни оммавий ишлаб чиқаришни йўлга қўйишни буюрди
Россия армияси Купянскка киргани айтилмоқда